Мақолалар

КИМНИНГ ГАП-СЎЗИ КЎПАЙСА...

  “Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган одам қўшнисига озор бермасин. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган одам меҳмонини иззат қилсин. Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган одам ё яхши гап гапирсин ё сукут сақласин” (Имом Бухорий ривояти).

Тил – инсонга берилган улуғ неъмат. Ундан фойдали яхши сўз ҳам, зарарли ёмон сўз ҳам чиқади. Ҳар бир неъматнинг исрофи бўлганидек, сўзнинг ҳам исрофи бор. Фойдаси бўлса-бўлмаса оғзига келганини гапиравериш инсоний одобга тўғри келмайди. Сўзга эътиборсиз кишини ҳеч ким ёқтирмайди, ундан узоқроқ юришни ўйлайди. Яхши биламизки, бир оғиз ширин сўз қалбга сурур ва хурсандлик бағишлаб, руҳни кўтарса, ёмон сўз қалбни яралаб, бир умр ўчмайдиган жароҳат қолдириши мумкин. Шунинг учун сўз жароҳати оғир, битмас дейилган. Ақлли ва одобли киши бемаъни, фойдасиз, бировга зарар берадиган гап-сўздан тилини тияди. Алишер Навоий бобомиз “Маҳбуб ул-қулуб” асарида: “Вале бори чин ҳам дегулик эмас. Киши сўзда чин сўз деса зебо дурур, неча мухтасар бўлса авло дурур”, дейди. Демак, сўз қанчалик рост ва тўғри бўлса ҳам, уни айтишнинг ўз мавриди бор. Рост ва  чин сўзни айтиш гўзал, лекин унинг қисқа ва мухтасар бўлиши янада аъло. Халқимизнинг “Гапнинг ози яхши, майизнинг мағзи”, “Дунёни ел бузар, одамни сўз”, “Ёмон гапнинг қаноти бор” каби мақоллари кўп асрлик тажрибадан келиб чиқиб айтилган.

Динимизда сўзнинг қудрати ва унга жавобгарликка алоҳида эътибор берилади. Ҳар бир сўзни ўйлаб, фойдали бўлса айтиш, фойдаси бўлмаса, сукут сақлашга даъват этилади. Айниқса, ғийбат, бўҳтон, уйдирма, миш-мишлардан худди оловдан қочгандек қочиш кераклиги уқтирилади. Ҳатто туҳмат, бўҳтон ва ғийбат бўлган сўзларга қатъий жазолар ҳам белгилаб қўйилган. Шунинг учун мўмин-мусулмон киши бундай сўзларни тилга олиш у ёқда турсин, қанчалик қизиқ бўлмасин, ҳатто бировдан эшитиш, унга қулоқ тутиш ҳам ўзига зарар эканини яхши англайди. Шу боис улуғ ва донишманд кишилар бўш вақтларини кўпроқ ибодат, фикр-мушоҳада ва сукут билан ўтказганлар. Чунки айтилган ҳар бир сўзга бу дунёдагина эмас, охиратда ҳам ҳисоб беришни унутмаслик керак. Улуғ саҳобий Абу Бакр Сиддиқ кўп гапириб қўймаслик учун оғзига майда тош солиб юрар экан. Улуғ тобеин Урва ибн Хусайм фалаж касалига йўлиқиб, уйидан кўчага чиқа олмай қолса ҳам, таниш-билишлари унинг ҳузурига боришга тортинишар экан. Чунки у зот ҳеч кимга ортиқча гап-сўз айтмас, саволга жавоб берар, аксар ҳолатда сукут ва тоат-ибодат билан машғул бўлар экан.  Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Тилимдан бошқа узоқ вақт ҳибс этишга лойиқ ҳеч нарса йўқ”, дейди. “Мен эллик йилдан бери узр талаб этадиган бирон калимани тилга олмадим”, дейди Муҳаммад ибн Ҳусайн. Мўмин-мусулмон киши лағв, миш-миш, фаҳш ва ҳақорат сўзларни айтаётган кимсани кўрганда, уни қайтаришга ҳаракат қилади. Чунки оқил ва доно киши ёмон сўзларни тилга олган кишига қўшилиб гуноҳкор бўлиб қолишни истамайди.

Яшаб турган асримизни ахборот асри деб аталаётгани бежиз эмас. Ҳаётимизга шиддат билан кириб келган интернет тармоғи воситалари турли ғаразли маълумотлар ва одоб-ахлоққа таъсир қилувчи зарарли хабарларни ҳам тарқатмоқда. Бундай ёлғон маълумот ва уйдирма хабарлар тинч-осойишта  яшаётган кишилар қалбида таҳлика уйғотиб, ваҳима қўзғашдан бошқа нарса эмас.

Донишмандлардан бири: “Жоҳиллар билан ўтирсанг сукут қил, олимлар билан ўтирсанг сукут қил. Жоҳиллар олдида сукут қилиш туфайли ҳилминг ошса, олимлар олдида сукут қилиш туфайли илминг ошади”, дейди. Яна бир донишманд: “Кимнинг гап-сўзи кўпайса, гуноҳи ҳам кўпаяди”, дея огоҳлантиради. Демак, ҳар бир сўзимиз тилдан беихтиёр учмаслиги, ўзимизга ва бошқаларга  фойда-зарари ҳақида ўйлаб кўришимиз керак. “Ҳар бир бало инсонга тилидан етади”, деган нақл бор. Шундай экан, вайсақилик, бемаъни гап-сўздан тийила олсак, инжу ва гавҳарга қиёсланган сўздан фақат фойда кўрамиз.

Бобомурод ЭРАЛИ

1190 марта ўқилди
Top