Мақолалар

Мўъжизавий сув

Бутун дунё мусулмонлари учун дунёда Замзам сувидек мўътабар сув йўқ. Узоқ юртлардан ҳаж қилиш учун Арабистон ярим оролига борган мусулмонлар, ўз она Ватанига қайтар экан, ўша Замзам сувидан насиба олиб келади. Узоқ сафардан қайтган мусофирни муштоқлик ила кутиб олган яқинлари учун энг яхши совға ҳам шу бўлади.

Ўзимиз ҳам ҳожиларни табриклаб, дуосини олиш учун уларнинг хонадонларига келганимизда албатта ўша сувдан яхши ниятда бир қултум бўлса ҳам тотиб кўрамиз. Ва ўйлайманки, бундай табаррук сувдан ичишликка интилиш таъмагирликдан мосуво бўлгай.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳумо айтади – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Зам зам суви нима учун ичилса ўшангадур. Агар унинг шифо бўлишини сўраб ичсанг, Аллоҳ сенга шифо берур. Тўйиш учун ичсанг, Аллоҳ сени у ила тўйдирур. Чанқоғингни кетказиш учун ичсанг, Аллоҳ сенинг чанқоғингни кетказур”. (Дорақутний Ривояти)

Интернетдан олинган маълумотларга қараганда, узоқ йиллардан бери замзам суви ва кристаллари устида тадқиқот олиб борган ғайримуслим фан олими доктор Кнут Пфайфер қўлига бир миқдор замзам суви тушиб қолади. Мусулмонлар эъзозлайдиган ва бир-бирига ҳадя этадиган бу сув устида тажрибалар ўтказади. Тажрибалар сўнггида кишининг замзам сувини ичгандан 35 дақиқа ўтиб, роҳатланишини исботлайди. Тадқиқотини давом эттириб, ҳайратланарли ҳақиқатга дуч келади.

Замзамнинг уютувчи хоссаси бор эканлигини, бир пиёласи бир челак техник сувни тозалашини, бу хоссасига қарамай энергия ва шифо манбаи эканлигини исботлаган Пфайфер “Сув ҳар қанақа шарт остида ўзгармайди, лекин ўзгартиради” дейди. Немис мутахассиси қуйидагиларни билдиради: “Жуда ажойиб бир тажриба ўтказдим. Бир томчи замзам сувига юз томчи оддий сув аралаштирдим. Натижада кўрдимки, сувнинг ҳаммаси замзамга айланибди. Сўнгра бир томчи замзамга минг томчи оддий сув аралаштирдим. Ва яна бу сувнинг замзамга айланганига гувоҳ бўлдим. Бунинг сабаби нима? Замзамда шундай бир энергия борки, бошқасини ўзгартиради, лекин ўзи ўзгармайди.”

Замзам кристалларини илк бор микроскоп остида тадқиқ этган доктор Ямото сувни турли овоз частоталарида қолдирди. Сувнинг молекуляр (кристал) структурасининг турли частоталарга кўра ўзгаришини кузатган япон мутахассиси черков қўнғироғи овозида замзам кристалларининг қорайишини, Қуръони карим ва азон овозларида эса порлашини аниқлади. Тадқиқотда ҳар бир кристалнинг худди Каъбаи муаззамага ўхшайдиган бир тўқима ташкил қилиши аниқланди. Японияда энг кўп сотилган китоблар қаторидан жой олган Др. Ямотонинг Замзам бўйича ёзилган китобида Замзам физикавий ва кимёвий хоссалари жиҳатидан ер юзидаги барча сувлардан бошқача.

Доктор Ямото “Замзам атрофидаги бутун ўзгаришларни хотирасида сақлай олади. Тузилиши жуда фарқли. Бу уни дунёдаги бошқа элементлардан устун қилади. Мана энди мусулмонларнинг нима учун хасталарини даволашда Қуръони каримдан суралар ўқиб, сувга уфлашларини тушундим” дейди.

Болалигидан бери ҳаётини замзам тадқиқотларига бағишлаган турк насабли Саудиялик муҳандис Яҳё Ҳамза Кочак Каъбанинг томчиларда яширинган ҳайратда қолдирувчи сирини япон мутахассисидан қандай ўрганганини шундай айтади: “12 йил аввал Лос Анжелесда бир конференцияда япон фан одами Др. Масура Ямото билан танишдим. У сувнинг ўзига хос эсда сақлаб қолиш хоссаси, яъни хотираси борлигидан гапирар, бир овоздан бошқасига ўтганида сувнинг қандай ўзгаришини тушунтирарди. Конференция тугагандан кейин у билан гаплашдим. Биз мусулмонлар бир пиёла сувга Қуръони карим ўқиб, уни хастага ичирамиз. Бундан ташқари замзам сувимиз ҳам бор. Қандай ниятда ичилса, фойдасини беради. Шуларни тадқиқ эта оласизми деб сўрадим. Мендан Қуръони каримни ким ўқийди деб сўради. Лос Анжелес ва Токиодаги Ислом марказларидан илтимос қилиши мумкинлигини айтдим. 10 йилдан сўнг менга устида азон ўқилган сув ва кристаллар бўйича тажрибалари ёзилган бир китобни юбориб, ҳайратга солди. Тадқиқотни ўтказган ва бу бўйича мустақил бир китоб ёзган экан.

Сув кристаллари бисмиллоҳ, Қуръони карим ва азон ўқилганида шаклини ўзгартиради. Кристалларнинг кўриниши айнан Ҳарамнинг сунъий йўлдошдан олинган расмидай. Замзам кристали дунёдаги сув кристалларининг барчасидан фарқли. Баъзи фан одамлари бунинг сабабини ҳалиям тушуна олмаяпти.”

 

Абдуллоҳ Парпиев,

Халқаро алоқалар бўлими ходими

9113 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Орзулар рўёби ИСТИҚЛОЛИМИЗ АБАДИЙ БЎЛСИН! »

Мақолалар

Top