Мақолалар

СОЛИҲ АМАЛЛАР

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, яхшиликни сўзласин ёки сукут қилсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, қўшнисига яхшилик қилсин. Ким Аллоҳ ва охират кунига имон келтирса, меҳмонни ҳурмат қилсин”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Инсон дунёда одамлар билан яшайди. Ҳаёт мобайнида гоҳида у бошқаларга муҳтож бўлади. Гоҳида эса аксинча бўлади. Ислом дини кишилар ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайди. Инсонлар бир-бирларини ҳақларини адо этиб, ўзаро меҳр-муҳаббатли бўлса бирдамлик янада зиёда бўлади. Шунингдек, мазкур ҳадиснинг мазмунидан кишилар очиқ юзли, ширин сўзли, муомала одобиларига риоя қилиб, ҳаммага яхшилик қилсалар дунё ва охиратда бахт-саодатга эришишлари тушунилади.

Яхшиликни сўзлаш банданинг имони мукаммал эканига ишора. Мазкур ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши хислатларнинг энг гўзали ва солиҳ амалларнинг энг манфаатлисини баён қилдилар. Дунё ва охиратда манфаатлик ва яхши нарсаларни сўзлаш солиҳ амаллардан бири. Шу билан бир қаторда банда ёмонликни, бошқаларга озор берадиган ва фаҳш сўзларни гапириш билан Аллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлади. Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банданинг қалби тўғри бўлмагунча, унинг имони мукаммал бўлмайди. Инсоннинг тили тўғри бўлмагунча қалби тўғри бўлмайди”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти). Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда тилини ёмон нарсадан тиймагунча, имоннинг ҳақиқатига етолмайди”, деганлар (Имом Табароний ривояти).

Манфаатсизни нарсани сўзлаш ҳалокат сабаби, тилни тийиш эса нажот асосидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Беҳуда нарсани тарк қилиш, инсоннинг динини гўзал қиладиган хулқлардан биридир”, деганлар” (Имом Термизий ривояти). Фойдасиз гапни сўзлаш гоҳида амалларни бекор бўлишига сабаб бўлади. Гоҳида эса инсон беҳуда сўз туфайли жаннатдан маҳрум бўлиши мумкин. Мусулмон сўзлашдан олдин, чуқур ўйлаши ва тафаккур қилиши лозим. Агар гапи яхши бўлса, сўзласа савобга эга бўлади. Гапирмоқчи бўлган сўзи ёмонлик бўлиб, уни айтса гуноҳкор бўлади. Инсон сўзламоқчи бўлган гапини яхши ёки ёмон эканида шубҳа қилса, сукут қилиши лозим бўлади. Чунки банда талаффуз қилган ҳар сўзи учун қиёмат куни жавобгар бўлади. Ҳар бир калима эвазига ажр-мукофот ёки аламли азоб олиши мумкин. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У бирор сўзни талаффуз қилса, албатта, унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (сўзни ёзиб олувчи фаришта) бордир” (Қоф, 18). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда Аллоҳ таолони рози қиладиган бир сўзни айтади ва унга эътибор қилмайди. Аллоҳ таоло ўша сўз туфайли уни юксак даражаларга кўтаради. Бошқа одам Аллоҳ таолони ғазабини келтирадиган бир сўзни гапириб, унга эътибор қилмайди. У ўша калима сабаб жаҳаннамга улоқтирилади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Муқаддас динимизда сўзлашнинг ўзига хос одоблари бор. Мўмин фойдалик нарсалрни гапиришга ҳарис бўлади. Ҳалол бўлмаган сўзлардан тийилади. Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатларини санаб бундай марҳамат қилади: “Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчидирлар” (Муъминун, 3). Инсон ғийбат, ёлғон, чақимчилик, тилёғламалик каби лағв ва буҳуда сўзлардан сақланиши лозим. Шунингдек, сўзласа гуноҳкор бўлмайдиган гапларни ҳам кўп гапирмаслиги динимиз талаби. Чунки кўп гапириш макруҳ ёки ҳалол бўлмаган гапларни сўзлашга ҳам сабаб бўлиши мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг зикри бўлмаган гапларни кўп сўзламанглар. Чунки Аллоҳ таолони зикр қилмасдан кўп гапириш, қалбни қотиради. Аллоҳдан инсонларнинг энг узоғи қалби қаттиғидир”, дедилар (Имом Термизий ривояти). Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Кимнинг гапи кўпайса, уни тойилиши кўпаяди. Кимнинг тойилиши кўпайса, гуноҳи кўпаяди. Кимнинг гуноҳи кўпайса, у дўзахга мустаҳиқ бўлади”. Амру маъруф, наҳи мункар ва ҳақни баён қилиш учун сўзлаш мўминнинг шарафли хислатларидандир. Биз ўрганаётган ҳадисдан ҳожат бўлгандагина гапириш лозим экани тушунилади.

Қўшнига ёрдам бериш, хайр-эҳсон қилиш, уларга озор бермаслик имонни мукаммал қилувчи амалдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ёлғиз ўзига ибодат қилиш билан қўшнига яхшилик қилиш бирга келгани ҳам ишора. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо, 36).

Қўшнига яхшилик қилиш ажр-мукофоти улуғ амал. Инсон қўшнига ёрдам бериб, Аллоҳ таолонинг ҳузурида юксак даражаларга эришади. Аксинча, қўшнига озор бериш эса ҳалокат сабаби ҳисобланади. Манбаларда қўшнига озор бериш ҳалол эмаслиги ва унинг гуноҳи катта, азоби аламли гуноҳи кабиралардан бири экани айтилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга қасам имонли эмас, Аллоҳга қасам имонли эмас, Аллоҳга қасам имонли эмас”, дедилар. “Ким, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қўшниси унинг ёмонлиги ва озоридан саломат бўлмаган кимса имонли бўлмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). Мазкур ҳадисда “имонли эмас”деб таржима қилинган қисмидан мурод Аллоҳ таолонинг ҳузурида нажот тополмайди деган маъно тушунилади. Бошқа ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан тунда намоз ўқиб, рўза тутадиган ва тили билан қўшнига озор берадиган аёл ҳақида сўрашди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Унда яхшилик йўқ. У дўзахга тушади”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

Меҳмонни улуғлаш, уни ҳурмат қилиш муқаддас динимизда мукофоти улуғ, гўзал амал ҳисобланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Ислом шариатини маҳкам тутса ва яхши мўминларнинг йўлидан юрса, уйига келган меҳмонларни ҳурматини жойига қўяди, уларга яхшилик ва эҳсон қилади. Манашу банданинг Аллоҳ таолога ишончининг далили ва Раббига таваккулининг тасдиқи ҳисобланади”, дедилар.

Жумҳур уламолар меҳмонга зиёфат қилиб беришни мустаҳаб амал эканини айтадилар. Меҳмонга зиёфат қилиш гўзал ахлоқ. Меҳмонни очиқ юз ва табассум билан кутиб олиш мезбоннинг зийнати. Шунингдек, унга ширин сўзлар билан гўзал муомалада бўлиш, таом ва ичимликларни тезроқ олиб келиш ҳам шулар жумласидан. Шу билан бир қаторда биринчи куни мезбоннинг оиласи одатда танаввул қиладиган нозу-неъматлардан зиёда қилиб, зиёфат уюштириш, меҳмон кутиш одобларидан биридир. Мезбон иккинчи ва учунчи кунлари одатдаги таомлар билан меҳмон қилиши мумкин. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Меҳмондорчилик уч кундир. Бир кеча-кундуз меҳмон иззат-икром қилинади. Кейинги кунлардаги зиёфат садақа бўлади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Манбалар асосида

Баҳриддин ЖЎРАБЕК ўғли тайёрлади

 

         

6201 марта ўқилди

Мақолалар

Top