Мақолалар

Муаллим – жамият кўзгуси

XXI аср – юксак интеллектуал салоҳиятли, замонавий билим ва малакага эга, янгича дунёқараш ва мустақил фикрли мутахассислар асри. Бундай авлодни тарбиялашда устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёс.

Ўқитувчи, мураббий, устоз. Барчамизнинг қалбимизга яқин бўлган оддийгина бу сўзлар замирида катта маъно ва мазмун мужассам. Зеро, ҳар қайси инсон ўқитувчининг қўлида савод чиқаради, мураббий ва устоздан таълим олади, тарбия топади. Бугун биз бирон касбни эгаллаб, Ватан ва эл корига яраётган эканмиз, аввало, улардан миннатдор бўлмоғимиз табиий, албатта.

Ҳар йили мамлакатимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Зотан, ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш йўлида меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни ҳар қанча ардоқласак, ҳурмат қилсак оз. Эътироф этиш жоизки, бу улуғ зотларнинг машаққатли, аммо шарафли меҳнати қадрланиб келаётгани – келажак авлодга бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Дарқақиқат, инсон энг аввало, унга билим ва маърифат дунёси сари йўл очиб берган, қалбига юксак инсоний фазилатлар ҳиссини сингдиришда заҳмат чеккан устоз ва мураббийларига нисбатан кўнглида ҳамиша миннатдорлик туйғусини асраб-авайлайди. Мактаб остонасига илк қадам қўйганимизда қўлимизга қалам тутқазиб, алифбони ўргатган биринчи устозимиз сиймосини, устозимизнинг фидокорона меҳнатини доимо миннатдорлик билан эслаймиз ва қалбимизда уларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини туямиз. Зеро, олам гултожи инсон бўлса, улар орасида суюклиси устоз-муаллимдир. Шу боис ҳам халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, деган ҳикмат бор.

Кимки бу ҳаётда бирор ютуққа эришса, эъзоз топса, унинг қалбида устозларига, биринчи ўқитувчисига бўлган ҳурмат абадий муҳрланади. Ҳаёт бор экан, ўқитувчилик касби ўзининг маъно-мазмуни ва олижаноблигини, аҳамияти ва ҳурматини ҳеч қачон йўқотмайди.

Маълумки, мамлакатимиз олдида турган энг муҳим мақсад-вазифа: тараққий топган демократик давлатлар қаторига кириш, халқимиз учун эркин ва фаровон ҳаёт қуришдан иборат. Ана шундай шарафли вазифани уддалайдиган ишончли, кучли, ўз билими ва истеъдодига суянган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, жамият ҳаётига дадил кириб бораётган навқирон авлодни эса устозлар тарбиялаб етиштирмоқда.

Бу борада ўта масъулиятли вазифани ўз зиммасига олган, фидокорона меҳнат қилаётган ўқитувчилар ва мураббийларнинг заҳмати ҳар қанча мақтовга лойиқ.

Биринчи Президентимиз айтганидек, “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир”. Албатта, илм маскани ва илм, маърифат нурини тарқатувчи устозларга буюк эҳтиром ва эъзозимизни изҳор этамиз. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифларида ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: "Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари яхшилик ўргатувчи кишига саловат айтиб турадилар", деб марҳамат қилганлар.

Ҳусайн Воиз Кошифийнинг “Футувватномаи султоний” китобида “..Устоз нимаики айтса, уни жон дили билан шогирд эшитиши, чин кўнгил билан қабул қилиши ва олган билим ва малакасини амалда адо этиш керак” дейилади.

Ўтган улуғларимиз, ота-боболаримиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканини теран англаганлар. Ва шунга кўра муомала қилганлар.  Имоми аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан шундай деганлари ривоят қилинади: "Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. (Нафақат у) Балки, кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман". 

Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

 

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

 

Азиз устозлар, муҳтарам мураббийлар, барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимиздан самимий муборакбод этамиз! Фарзанд ва шогирдларингиз бахти ва камолини кўриш доимо сизларга насиб қилсин. Машаққатли ва шарафли касбингизда улкан ютуқлар, хонадонингизга доимий хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.

ЎМИ таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими мудири

Ж.Нуриддинов

10363 марта ўқилди

Мақолалар

Top