Мақолалар

Тавба нажот арқони

Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билгувчи ҳаким зотдир (Нисо, 17).

Мазкур оят мазмунидан гуноҳ қилган барча одамлар тавба қилса тавбаси қабул бўлиши тушунилади. Уламолар ҳар бир мўминга тавба қилиш фарз, деб ижмо қилганлар. Чунки Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз” (Нур, 31).

Имом Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Ким адашиб ёки қасддан Аллоҳга осий бўлса, гуноҳидан тийилмагунча жоҳил ҳисобланади”.

Банда тавба қилса, Аллоҳ таоло хоҳласа уни қабул қилади, хосламаса, қабул қилмайди. Банданинг тавбасини қабул қилиш Аллоҳ таолога вожиб эмас. Чунки Ҳақ таоло бутун махлуқотларни яратувчиси ва уларнинг моликидир. Шунинг учун, бирор нарсани Аллоҳ таолога вожиб бўлар,дейиш тўғри бўлмайди бироқ, Аллоҳ таоло, ваъдасини бажарадиган буюк Зотдир. Гуноҳкорларнинг тавбасини қабул қилиши ҳақида хабар берган. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “У бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизн биладиган зотдир” (Шўро, 25). Бошқа оятда бундай дейилади: “Мен тавба қилган ҳамда имон келтириб, эзгу иш қилган, сўнгра тўғри юрган кишиларни, албатта, мағфират қилувчидирман”(Тоҳа, 104).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) оятдаги “тезлик”, деб таржима қилинган “қориб” сўзини: “Ўлим аломатидан олдин”, деб тафсир қилган. Ўлимдан олдин қилинган тавба дуруст бўлади. Чунки банда ҳаётлик чоғида умиди сўнмайди ва ёмон ишни тарк қилишг азму қарори бўлади. Шунингдек, қилган гуноҳ ва маъсиятларига надомат ва пушаймон қилишига имконияти бўлади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таоло банданинг ғарғара (руҳи ҳалқумига етган) пайтигача қилган тавбасини қабул қилади”, дедилар” (Имом Термизий ривояти).Бошқа ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Мўмин ўлимидан бир ой олдин тавба қилса, Аллоҳ таоло уни қабул қилади. Агар бир ойдан камроқ қолганда ёки ўлимидан бир кун аввал ёки бир муддат олдин тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг тавба ва ихлосини билади, қабул қилади”, дедилар” (Имом Абу Нуайм ривояти).

Уламолар оятнинг “тезлик билан тавба қилганлар” қисмидан мурод ўлим вақтигача бўлган вақт эканига ижмо қилишган. Аллоҳ таоло бу муддатни “қориб” яъни, яқин деди. Чунки келадиган нарсаларнинг барчаси яқиндир. Бунда инсон умри қисқа эканига ишора қилинмоқда. Зеро ажал ҳар лаҳзада келиб қолиши мумкин. Шунинг учун, Аллоҳ таоло бандаларини тезлик билан тавба қилишга буюриб, уни қабул қилишга ваъда бермоқда.

Тавбанинг шартлари пушаймон бўлиш, гуноҳдан тийилиш ва келажакда уни қайта қилмасликка азму қарор қилишдан иборат.  Надомат ва пушаймонликсиз тавба бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Пушаймонлик тавбадир”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти). Ким қилган ёмон амалига пушаймон бўлмаса, бу унинг ўша ишга рози эканига ишора бўлади.   

Тавба нажот арқони. Банда тавба билан нажот топади, қалби ва руҳини поклайди, Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222). 

 

Манбалар асосида

Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади

7553 марта ўқилди

Мақолалар

Top