Мақолалар

Космосдан ернинг кўринмас қалқони топилди

Космосдан ернинг атрофини ўраб олган кўринмас қалқон топилди. Тадқиқотчилар унинг қандай пайдо бўлганини тушуна олмасдан ҳайратга тушдилар.

Front Line Desk журналида эълон қилинган мақолада Ван Аллен радиация камарида катта миқдордаги протон ва электронга тўйинган учинчи белбоғ топилгани ҳақида хабар берилди. (Ван Аллен радиация камари – Зарядланган зарраларнинг Ернинг магнит майдонида тутилган камарлари. Юқори нурланишнинг биринчи барқарор тасмаси 1500 километр баландликдан бошланади ва 5000 километр баландликкача узайиб боради. Иккинчи камар ҳам худди шундай. Юқори рентген нурлари 13000дан 19000 километргача баландликка жойлашган – Д.Ж.)  Ернинг магнит майдонида пайдо бўлган Ван Аллен радиация камари Қуёшнинг ҳаракатига жавобан кенгаяди ва сиқилади. Гарчанд, бу  радиация камари 1958 йил кашф этилган бўлса-да, олимлар фақат Ер юзидан 42.500 километр баландликдаги иккита камарни белгилаб олишган эди.

Ўтган йили Колоридо университети профессори Даниел Байкер ва унинг жамоаси 2012 йили метерологик кузатувлар чоғида ўзи ёзиб олувчи ҳаво шарларини икки баробар кўп учириши натижасида учинчи – йиғилувчи, ўтувчи камарни топишди.  Кузатишлар натижасида учинчи камарнинг олдиндан маълум бўлган Ван Аллен камарининг ички ва ташқи камарлари орасидан ўрин олгани аниқланди. Бу камар шуниси билан фарқ қиладики, у космосдаги ҳавонинг ўзгаришига қараб бир пайдо бўлиб, бир ғойиб бўлиб туради.

Бу камарнинг вазифаси аниқ – у электрон-қотилларни Ер атмосферасига ўтишдан тўсиб қолади. Ўша электронлар нурлантириш хусусиятига кўра  ниҳоятда ҳалокатли бўлиб, парвоздаги космонавтларга, сунъий йўлдошларга, ҳатто бутун коинот тизимга зарур етказиши мумкин.

Ернинг магнит майдони камарларни ўз ўрнида тутиб туради, аммо деярли ёруғлик тезлигида ҳаракатланадиган электронларни бу камарлар тўсиб қолишга қодир эмас. Уни сайёрамиз атмосферасига кириб келишидан қандайдир кўринмас кучгина тўхтатиб қолмоқда.

Кўринмас қалқон кашф этилишидан олдин олимлар электронлар сайёра атмосферасининг юқори қаватларида ҳавога тарқалиб кетади, деб ўйлаб юришар эди. Аммо улар Ернинг кўринмас қалқони хизмати туфайли бизнинг атмосферагача етиб ҳам келмас экан.  

Энди олимлар кўринмас қалқоннинг мавжудлигига амин бўлдилар ва унинг қандай шакллангани ҳамда қандай ишлашини ўрганиш устида тадқиқот ишлари олиб боришмоқда. Аммо ҳозирча тайинли натижага эриша олганлари йўқ.

Парвардигоримиз: “Осмонни сақланиб турувчи том қилиб қўйдик. Улар (мушриклар) эса, уларнинг аломатларидан юз ўгирувчилардир” (Анбиё сурасининг 32-ояти), деб марҳамат қилганида айнан ана шу камарга ишорат этмадимикан, ажабо!

Осмонни сақланиб турувчи том қилиб қўйдик...” калимасига эътибор қилинг. Бизнинг идрокимиз етадиган даражадаги Осмонни, яъни Қуйи осмонни Аллоҳ таоло ўша ёруғлик тезлигида ҳаракатланадиган электрон-қотиллардан учинчи камар воситасида ҳимоя қилиб қўймадимикан.

Қуйи осмон ва атмосфера электрон-қотиллардан омон бўлгани туфайли Она сайёрамизда ҳаёт давом этаётган бўлса, не тонг!

Албатта, бунинг шукронасини қилмоғимиз, бир-биримизга янада меҳрибон бўлмоғимиз, дилозор эмас, дилтортар бўлиб ҳаёт кечирмоғимиз даркор экан. Зотан, инсонлар бир-бирларига зарар етказишни ўйламасинлар, ўзи шундоқ ҳам минг битта хатарнинг ичида яшаётирлар. Инсоният ана шу оддий ҳақиқатни қачондир англаб етармикан? дея ўйланиб қолади одам баъзида. 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

 

1082 марта ўқилди
Top