Мақолалар

Дўстлашишда огоҳлик бўлинг

Ҳар бири инсон ҳаёти мобайнида кўпроқ дўстлар, улфатлар орттиришни истайди. Уларнинг кўплиги, дилхушларнинг бисёрлиги – гўзал одоб-ахлоққа боғлиқдир. Дўстлар яхши кунингда ҳам, аксида ҳам ёнингда бўлса, ғамингни кўтариб, дардингни аритса, хурсандчилигингга шерик бўлса қандай яхши...

Аллоҳ таоло мўминларни ўзаро биродарликка, дўстлашиб, бирдамликда яшашга ундаб: «(Эй мўминлар!) Аллоҳнинг мустаҳкам арқони (Қуръони карим)ни маҳкам ушланглар, фирқаланманглар...», деб марҳамат қилган. Муқаддас динимиз тарихига назар ташласак, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам саҳобаларга ўзаро дўстлашишни, дўстлашганда ҳам қиёматли дўст бўлишни тавсия қилганлар. Асҳоби киромлар (розияллоҳу анҳум) мана шу тавсига кўра кўплари ўзаро дўст бўлишган, аҳил-иноқ яшаганлар. Дўстлик, бирдамлик ҳисси шундайки, кишини қариндошларига, яқинларига нисбатан кўнглини мойил қилиб қўяди, уларга нисбатан ғамхўр қилади.

Ҳаким зотлардан бири бундай дейдилар: “Дўстлар уч турли бўлади. Уларнинг биринчи тоифаси гўёки таомга ўхшайди, ундан ҳеч ажрала олмайсан. Иккинчи тоифаси дорига ўхшайдики унга гоҳида ишинг тушади. Учинчи тоифаси эса, дардга ўхшайдики, уларга имкон қадар ишим тушмасин дейсан”.

Форс-тожик шоири Носир Ҳисравнинг бу борада машхур байти бор:

Чинакам дўст айтган ўгит-масал,

Сирти заҳар эрур, томири асал.

Дарҳақиқат, бу борада доно халқимиз “Дўст ачитиб гапиради, душман яширади”, деб бежиз айтмаган. Чунончи дўстимиз аччиқ бўлсада ҳақиқатни

айтади, камчиликларимизни ўзимизга айтадики ундан ҳалос бўлишимизни истайди. Дўстларнинг гапларига аҳамият бериш, улар қилган насиҳатларига қулоқ тутмоқ инсонга фойдадан ҳоли бўлмас.

“Аллоҳ таоло инсонларни дўстлашишга, бирдамликка чорлаган, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам кўп ҳадисларида бунга ишора қилганлар, уламолар ҳаётларида буларни татбиқ этган”, деб дуч келган киши билан дўстлашиб кетаверамизми?! Йўқ, албатта. Чунки динимиздаги бу борадаги кўрсатмалар яхши дўстлар орттиришга қаратилган. Яхши дўст бўлмаган, сизга чин дўстликни изҳор қилсаю, амалан бошқача аниқроғи аксинча бўлса у кимса мунофиқ бўлади.

Жалолиддин Румий ҳазратлари бу борада бундай деганлар: “Кимлар билан юрганингизга, кимлар билан дўст бўлганингизга эътибор беринг. Зотан, булбул гулга олиб боради, қарға эса ахлатга!”.

Технология ривожланиб бормоқда, интернет кўп тарафлама қулайликлар тақдим этмоқда дейилган вақтлар ҳам ортда қолди. Чунки буларнинг аксари эскириб бўлди. Интернетни кириб келганига, турмушимизнинг бир қисмига айланиб қолганига ҳам анча бўлди. Аммо шунча вақт ўтди ҳамки, ундан оқилона, фойдали бўлган ўринларда ишлатишга келганда ҳануз оқсамоқдамиз. Узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилиб берган интернетдан унумли ишларгагина фойдаланиш масаласи ҳамон долзарб ва оғриқли ҳолат бўлиб қолмоқда. Кимлардир суҳбат, ёзишмалар манбаи бўлган тармоқлардан ўзининг ғаразли мақсади йўлида фойдаланса, бошқаси бузғунчилар сафини кенгайтириш йўлида қўлламоқда. Яна бошқаси эса, миллатчилик, ирқчилик ва беҳаёлик сингари ахлоқсизликлар билан  интернетни булғамоқда.

Интернет орқали дўстлашиш одати пайдо бўлгани, оммалашиб кетгани етмаганидек энди муқаддас ва нозик масалалардан бири бўлмиш турмуш қуриш ҳолатлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат кўп ҳолларда ачинарли тусларга олиб келмоқда. Муқаддас оиланинг барбод бўлиши, бегуноҳ гўдакларнинг етим қолиши, бир нечта оилаларнинг ўзаро низолашишига сабаб бўлмоқда.

 Интернетда сизга дўстликни таклиф қилган киши ким, қаерда яшайди, қайси миллат, динга мансуб, эътиқоди қанақа ва ҳоказоларни ўзингизга бирор марта бериб кўрдингиз-ми? Мана шу дўстликнинг оқибати қандай интиҳо топишига-чи? Дўстлик таклиф килган кишининг мақсади қандайлиги борасида интернет сизга аниқ маълумот тақдим эта олади-ми?

 Соғлом эътиқод масаласи ҳар нарсадан устун турадиган масала ҳисобланади. Сизнинг соғлом эътиқодингизга ўша “дўстингиз” путур етказишидан қўрқмайсиз-ми? Қанчадан-қанча кимсалар бундай “дўстликнинг оқибати” ўлароқ ўз Ватанига хоинлик қилиб, муқаддас динига бўхтонларни, уйдурмаларни тўқишгача бораётганлиги борасида айнан интернетда ўқимадингизми ёхуд зиёлилардан эшитмадингизми?

Огоҳ бўлинг! Ҳар қандай дўстликнинг замирида муайян мақсад ётади. Кимдир чин маънода дўстлашса, бошқаси ўз мақсадини амалга ошириш йўлида дўстлашади. Шундай экан, дуч келган кишилар билан дўстлашиб, шахсий маълумотларни унга тадим этиб, унинг кўрсатмаларига амал қилавериш, йўриғига юриш чинакам нодонлик ва  илмсизликдан ўзга нарса эмас.

Ижтимоий тармоқларнинг жамиятга ва унинг бирлигига таҳдид экани борасида жамиятшунос олим Шерри Теркл бундай дейди: “Ижтимоий тармоқлардаги суҳбатлар инсонийликни барбод қилаётган аҳмоқликнинг янги кўринишидир”.

 Абутолиб ИСАҚОВ  

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани “Оқ масжид» жоме масжиди имом-хатиби

 

 

6416 марта ўқилди

Мақолалар

Top