Версия для печати

Мақолалар

Аллоҳ таоло нега Фиръавннинг иймонини қабул этмаган?

Сизлар сабабли (ўтиб олишларингиз учун) денгизни (ўн икки йўлакка) бўлиб, сизларни қутқарганимиз, кўз ўнгингизда Фиръавн лашкарини ғарқ қилганимизни ҳам эслангиз” (Бақара сурасининг 50-ояти).

Жаброил алайҳиссалом кунларнинг бирида Фиръавннинг ҳузурига инсон қиёфасида келди ва унга ўз қулларининг бирининг устидан шикоят қилди.

– Мен унга жуда кўп яхшиликлар қиламан. Аммо у ҳар доим кўрнамаклик қилади, менинг амрларимга қаршилик қилади. У ҳатто ўзини менинг номим билан атаб, бошқаларни ўзига қул қилиб олибди.

– У жуда бемаза одам экан-ку, – деди Фиръавн.

– Бундай одамга қандай жазо берса бўлади? – деб сўради Жаброил алайҳиссалом.

– Уни сувга чўктириш керак, – деб жавоб берди Фиръавн. 

– У ҳолда ана шу ҳукмни менга ёзиб бер, – деди Жаброил алайҳиссалом.

Фиръавн ўзининг қарорини қоғозга ёзиб берди ва ўша заҳоти Жаброил алайҳиссалом ўша жойдан ғойиб бўлди.

Қуръони каримда  Аллоҳ таоло Мусо ва Хорун алайҳиссаломларга Фиръавннинг олдига бориб унга:  

– Эй Фиръавн! Сен тўрт юз йил яшадинг ва ҳали ҳам ҳукмдорсан. Сенга булар кам кўриниб, одамларга ўзингни илоҳ деб таништира бошладинг. Сендан олдин яшаган даҳрийлар ҳам худди шундай қилган эди. Сен шуни билишинг керакки, тўғри йўлга тушиб олишинг учун қирқ йил умринг қолди. Агар сен Аллоҳ таолога бир мартагина “Сен менинг Раббимсан”, десанг, Парвардигори олам сенинг барча гуноҳларингни кечиб юборади. Умринг эса яна минг йилга узаяди.  Раббимиз сенга ер ости хазиналари қаерда эканини маълум қилади ва сен бутун олам ҳукмдорига айланасан.

Бу гапларни эшитган Фиръавн уларга меҳрибончиликлар кўрсатиб, турли ноз-неъматлар билан меҳмон қилди.  

Кейин эса:

– Менга озгина фурсат беринг, шу масалада вазирим билан бир маслаҳатлашиб, унинг фикрини ҳам билайин, – деб изн сўради.

Фиръавн Мусо алайҳиссалом айтган гапларни вазири Ҳомонга айтиб ундан маслаҳат сўради.

Унинг гапларини эшитган Ҳомон:

– Эй Фиръавн! Бутун олам оёғинг остида ётганда кимнингдир бандаси бўлмоқчимисан? – деди. у деди, бу деди, хуллас, Фиръавнни Мусо ва Хорун алайҳиссаломларнинг эътиқодига эргашишдан қайтаришга эришди.

Шундай қилиб, Фиръавн жоҳилликда ва куфрда қолди ҳамда ҳаётининг охирги йилларида халқига зулм ўтказа бошлади. Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг қавмини ҳалокатга учратиш ҳақида қарор қилганидан кейин Мусо алайҳиссаломга:

– Бугун тунда ўз халқинг билан шаҳардан чиқ! – дея амр қилди.

Мусо алайҳиссалом Парвардигорнинг амрига мувофиқ шаҳарни ташлаб чиқди. “Ал-Кашшофий”да айтилишича, Мусо алайҳиссалом ўзининг етмиш икки оиладан иборат уммати билан Мисрга кўчиб ўтади. Уларнинг авлодлари Мисрни ташлаб чиққан вақтда эса уларнинг сони олти юздан ошиб кетган эди. Фиръавн ўзининг бир миллионлик қўшини билан уларни таъқиб этади. Жаброил алайҳиссалом Фарас ал-Ҳайат лақабли байтални миниб Фиръавн қўшинининг олдида борар эди. Микоил алайҳиссалом эса Фиръавн қўшинининг ортидан кузатиб боради. Исроил авлодлари:

– Фиръавн ортимиздан қувлаб келяпти, ҳадемай етиб олади, энди нима қиламиз? – дея ваҳимага тушади.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга:

– Қўлингдаги асонгни сувга ур (Қизил денгиз)! – деб буюради.  Мусо алайҳиссалом асосини сувга урганда ўн иккита йўлак очилади. Исроил авлодлари ана шу йўлаклардан денгизнинг нариги қирғоғига ўтиб олади.  Денгиздан ўтаётган чоқда улар бир-бирини кўрмайди ва жуда қаттиқ қўрқади. Аллоҳ таоло улар бир-бирини кўриши учун сувга очиқ бўлишни буюради. Сувда тешиклар пайдо бўлади. Ундан кейин улар бир-бири билан гаплашиб йўлда давом этади. Ҳеч ким зарар кўрмасдан ҳаммаси соғ-саломат ўтиб олди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Сизлар сабабли (ўтиб олишларингиз учун) денгизни (ўн икки йўлакка) бўлиб, сизларни қутқарганимиз, кўз ўнгингизда Фиръавн лашкарини ғарқ қилганимизни ҳам эслангиз” (Бақара сурасининг 50-ояти), дея бизга бу воқеанинг хабарини берган.

“Тафсир ал-Кабира”да қуйидагича изоҳ берилади: “Фиръавн қўшини билан денгиз қирғоғига етиб келган чоқда улар сув ичида йўлаклар пайдо бўлганини кўради. Шунда Фиръавн одамларига қарата: “Кўрдингларми, сувдан мен учун ўн иккита йўлак очилди”, дейди. У билан келганларнинг барчаси унга ишонади ва қарши тарафга ўтмоқчи бўлиб сувдаги йўлакларга кириб юра бошлайди. Шу вақт Иблис пайдо бўлиб, уларнинг сувга киришига халақит қилмоқчи бўлади. Бироқ Жаброил алайҳиссалом Фиръавннинг отини сувга қараб судрайди, Микоил алайҳиссалом эса қўшинни орқасидан итара бошлайди. Шундай қилиб, Қизил денгизга биринчи бўлиб Фиръавн, унинг ортидан қўшини киради. Сувнинг очиқ жойлари ёпилади ва уларнинг ҳаммаси ҳалок бўлади. Исроил авлодлари хатардан холи бўлади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

– Фиръавн сувга ғарқ бўлишини билганидан кейин: “Мен Аллоҳ таолога Исроил авлодлари ишонгандек ишонган эдим”, дейди.

Аллоҳ таоло бунга жавобан:”

– Сен ҳар доим итоатсизлик қилар эдинг, ўлиминг кўзингга кўриниб ҳар тарафдан умид узганингдан кейин иймонга келиб қолдингми! Бу ҳолатдаги иймон қабул қилинмайди, – дейди.

Ривоятларга кўра, Фиръавн иймон келтирганини етмиш марта айтиб Жаброил алайҳиссаломдан ёрдам сўраган. Аммо Жаброил алайҳиссалом ёрдам бермаган.  Аллоҳ таоло Жаброил алайҳиссаломга: “Фиръавн сендан етмиш марта ёрдам сўради, агар Мендан бир мартагина ёрдам сўраганида дарҳол ёрдам берган бўлар эдим”, дейди. Фиръавн Жаброил алайҳиссаломдан ёрдам сўраганида Жаброил алайҳиссалом унга бир вақтлар ўзи ёзиб берган ҳукмни кўрсатади. Фиръавн ўлганидан сўнг Мусо алайҳиссалом шу ҳақда ўз халқига гапириб беради. Аммо Исроил авлодлари унга ишонмайди.  

– Йўқ, у ўлмаган, – дейди улар.

Шунда Аллоҳ таоло сувга амр этади ва сув Фиръавннинг шишиб кетган танасини қирғоққа чиқариб ташлайди. Буни кўриб улар унинг ўлганига ишонч ҳосил қилади ва севинади. Ўша воқеадан бошлаб чўкиб ўлганларнинг жасадини сув қирғоққа чиқариб ташлайди.  

“Анварул ошиқийн” китобидан олинди.

Таржимон

Улуғбек Раҳматуллаев

Учқўрғон тумани

Абдулҳамид ҳожи Абдураҳмон ўғли

жоме масжиди имом-хатиби

8622 марта ўқилди