Мақолалар

Бахт қасри

Саидакмал ака тақволи, имон-эътиқоди мустаҳкам киши. У бир неча йиллар давлат ташкилотларининг бирида ҳисобчи бўлиб  ишлади. Иш жараёнида  ҳалолликни ўз виждон бурчи деб билиб, бировларнинг ҳақига хиёнат қилмади. Ҳалоллиги учун ҳам илк ишга кирган жойида нафақага чиққунига қадар ишлади. Умр йўлдоши Ойниса опа ҳам мулоҳазали, оғир-босиқ аёл. Икки оқил инсоннинг ўстирган икки қиз ва бир ўғил фарзандлари ҳам ота-оналари сингари тақволи бўлиб улғайдилар. Улар фарзандларига доимо ҳалолликдан, покликдан сабоқ бердилар. Айниқса, улар дилбандларига қуйидаги ўгитни қайта-қайта айтишни канда қилишмасди. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Одам фарзандида ҳамма нарса қарийди, лекин ҳирс ва орзу-ҳавас қаримайди”, дедилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти). Сизлар эса, ҳамиша ҳирсни ўлдириб, бўлар-бўлмас орзу-ҳавасга қул бўлманглар, дея уқтиришарди.

Орадан йиллар ўтди. Икки қизни ўқитишиб, ҳунарли қилиб, турмушга узатишди. Нима ҳам бўлди-ю, кичик қиз Маъсуманинг турмуши бузилди. У ўғилчаси Шаҳобиддин билан ота уйга қайтиб келди. Акаси Саидикром ҳар куни  дарсдан келибоқ Шаҳобиддинни суюб эркалар, кўтариб  олиб кўчаларда ўйнатиб келарди...

Саидикром ўқишини битиргач, мутахассислиги бўйича ишга жойлашди. Ота-она уни орзу-умидлар билан уйлантиришди. Келин бир фарзандли бўлгунича югуриб-елиб уй ишларини қилди. Фарзанди дунёга келганидан сўнг келиннинг кўнглига нафс шайтонлари ин қурди: “Бу кичиккина ҳовлида менинг болам сиғадими ёки Маъсуманики? У ҳам бу ҳовлига эга чиқадими?”

Келин шу ўйлар гирдобида ҳар хил баҳоналар билан уйда жанжал чиқарар, тун бўйи эрига Маъсумани, мурғак Шаҳобиддинни ёмонларди. Инсон барибир хом сут эмган банда-да. Қулоғига тун бўйи шивирланган бўҳтонлар ўз кучини кўрсатмай қўймади. Саидикром  кўнгли ярим сингли билан гаплашишни ўзига эп кўрмайдиган, гапирганда ҳам жеркиб гапирадиган бўлиб қолди. Шаҳобиддин “тоғажон!” деб югуриб келса, қучоқ очиш ўрнига бурилиб кетадиган қилиқ чиқарди. Саидакмал ака ҳам, Ойниса опа ҳам ўғилларига ҳар қанча насиҳат қилишмасин, қулоғига олмади. Ўғлининг бу хатти-ҳаракатларидан ажабланган ота “Биз бола тарбиясида қаерда адашдик? Қаерда хато қилдик? Ўғлим нега туғишган синглисига нисбатан бунчалик ғаразлик қиляпти?”, дея ўйга ботди.

Фарзанд тарбиясига бир томонлама ёндашмаслик керак. Саидакмал ака ва Ойниса опа болаларини бир мўминда бўлиши керак бўлган фазилатлар билан тарбия қилди-ю, фақат бир томонини унутишганди. Уларни бир-бири билан меҳр-оқибатли, яхши кунида ҳам, ёмон кунида ҳам бир-бирига елка тутиб бериши лозимлигини уқтиришмагани оилага фожеани бошлаб келди. Натижада оиладаги можаро кун сайин авж ола бошлади. Маъсума ота-онасига билдирмай йиғлар, уйдан чиқиб кетишга эса чорасиз эди. Ҳамкасбининг зўрлови натижасида қўшни вилоятдан келиб-кетиб юрадиган бир тадбиркор йигит билан танишди. Йигит ҳам имонли, диёнатли чиқди. У Маъсуманинг оилада қийналиб яшаётганини эшитиб, уни ўз қарамоғига олишга, бахтли қилишга, фарзандига чин оталик қилишга аҳд қилди.

Ҳа, Маъсума бир яхши инсоннинг аҳди билан бахтини топиб кетди. Ота-онанинг бағри ҳувиллаб, Саидикром ва унинг нафсга қул хотинини қувонтириб олис-олисларга, аммо бахт қасрига кетди... Саидикром эса хотинига қўшилиб нафсга қул бўлгани, синглисига, жиянига қилган қўрс муомаласи учун ота-онаси олдида, виждони олдида қандай жавоб беришни билмай ўйловда қолди. Бу тўрт кунлик дунёда мол-дунёга ҳирс қўйиш киши юзини шувит қилишини у энди англаб етганди.

                                                                                  Зебо ОМОНОВА

 

 

6656 марта ўқилди

Мақолалар

Top