Мақолалар

Мўминнинг энг афзал амали

Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?! Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир (Нур, 22).

Мазкур оятда Аллоҳ таоло Мистоҳ ибн Усоса (розияллоҳу анҳу)га абадий нафақа қилмасликка қасам ичган Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу)ни одобга чақирмода. Мистоҳ ибн Усоса (розияллоҳу анҳу) у зотнинг холасининг ўғли эди. Мистоҳ етим бўлгани ва фақирлиги сабаб, унга Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ёрдам берарди. Ойша (розияллоҳу анҳо) ҳақидаги "Ифк" воқеасида қариндошининг ҳам иштирок этганига ҳафа бўлган Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) унга нафақа қилмасликка қасам ичди. Шунда мазкур оят нозил бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га мазкур оятни ўқиб бердилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оятнинг "Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми?!" деган қисмига етганларида Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): "Ҳа, Раббим гуноҳларимни кечиришини яхши кўраман. Мен ҳам бўлган барча ишларни кечирдим", деди. Сўнгра Мистоҳ (розияллоҳу анҳу)га олдингидек ёрдам қилишда давом этди. Аллоҳ таоло гуноҳ ва камчиликларини кечиришини яхшии кўрган одам, яқинлари томонидан қўйилган хато ва азиятларни кечириши лозим. Бу борада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Раҳим қилмаганга, раҳим қилинмас”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).           

Муфассирлар оятда "фазилат эгаси", деб таржима қилинган "улул фазл" сўзидан Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ирода қилинишига ижмо қилишган. Ушбу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кейин одамларнинг энг фазилатли бандаси эканига далил бўлади. Бу ерда дунё ёки дин жиҳатидан фазилатли бўлишини тушуниш мумкин.  Дунё жиҳатдан фазилатли деган тушунча нотўғри. Чунки Аллоҳ таоло томонидан дунё билан мадҳ этилиши жоиз эмас. Агар "улул фазл" сўзидан дунё жиҳатидан фазилатли бўлиш ирода қилинганда, ундан кейин келган "кенг мол-мулк", деб таржима қилинган "саъа" калимаси такрорланган бўлиб қолади. Шунинг учун Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дин жиҳатдан фазилатли экани аниқ бўлади.

Ушбу оят гуноҳи кабиралар солиҳ амалларни бекор қилмаслигига далилдир. Чунки Мистоҳ ибн Усоса (розияллоҳу анҳу)нинг ҳижрат қилиши солиҳ амал эди. Ойша (розияллоҳу анҳо)га зино билан туҳмат қилиши гуноҳи кабира бўлган. Шундан кейин ҳам Аллоҳ таоло уни муҳожир деб зикр қилган. Бу ҳақида Имом Қуртубий бундай деган (раҳматуллоҳи алайҳ): “Аллоҳ таоло “Ифк” воқеасидан кейин Мистоҳ (розияллоҳу анҳу)ни мўмин ва муҳожир деб сифатлаган. Бундан гуноҳи кабира солиҳ амалларни бекор қилмаслиги маълум бўлади. Гуноҳи кабиралардан Аллоҳга ширк келтиришгина барча амалларни бекор қилади. Бу борада Аллоҳ таоло: “…Агар мушрик бўлсанг, албатта, қилган амалинг беҳуда кетур…”, деган” (Зумар, 65).

Қариндошларга яхшилик қилиш, уларни ҳолидан хабар олиш ва алоқаларни мустаҳкамлаш Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннати ва Аллоҳ таолонинг буйруғидир. Аллоҳ таоло қариндошларнинг ҳақларини адо қилишга буюриб бундай дейди: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!” (Исро, 26).     

Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг буйруқларига таъзим қилиб, ва доим халққа жуда меҳрибон эди. Шунинг учун Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) дин ва мол-мулкда фазилатли деган икки буюк сифат билан зикр этилди. Шунингдек бу икки сифат сиддиқларнинг олий мартабаларидандир. У зотнинг бу сифатга эга бўлишига сахий ва карим экани ва ҳаммага бирдек ёрдам бериши ҳам сабаб бўлган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг энг яхшиси, одамларга кўп манфаати тегадиганидир”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Муқаддас динимизда кечиримли бўлиш мўминнинг гўзал сифатларидан экани айтилади. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)га “Энг азиз инсон ким?” деб савол берилганда, у зот “Кечиришга қодир бўлиб, афв қилган одам”, деб жавоб берган экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларини ўзаро кечиримли бўлишга буюради. Афв қилиш ва тақволи бўлиш бир-бирига яқин тушунчалардир. Кимнинг афв қилиши ва кечиримли экани қувватли бўлса, унинг тақвоси кучли бўлади. Мана шундай банданинг даражаси Аллоҳ таолонинг олдида ҳам олий бўлади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот, 13).

Имом Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ): “Мўминнинг хулқларини афзали афв қилишдир”, деган. Инсон яқин биродари ёки қариндошини кечириш билан хато қилган кишига раҳим қилган бўлади. Шунингдек Аллоҳ таолонинг буйруғини бажариб, Унинг раҳмати ва мағфиратига сазовор бўлади. Шу билан бирга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатига амал қилиб, қиёмат куни у зотнинг шафоатига эришади.

Манбалар асосида Баҳриддин ПАРПИЕВ тайёрлади

1052 марта ўқилди
Мавзулар
Top