Мақолалар

Имом Ашраф Али Таҳонавий

Улуғ аллома, нафақат Ҳиндистонда балки бутун дунёда шуҳрат қозонган, “Уммат ҳакими” деган улуғ номга сазовар бўлган бу зотнинг тўлиқ исмлари Ашраф Али Таҳонавий ибн Мунший Абдулҳақ ибн Ҳофиз Файз Али ибн Ғулом Фарид Шаҳид ибн Жалол ибн Раҳматуллоҳ ибн Омонуллоҳ ибн Атийқуллоҳ Хатиб ибн Ҳофиз Ҳабибуллоҳ ибн Одам ибн Муҳаммад Жалол ибн Содржаҳондир.

У кишининг насаблари ота томонидан иккинчи халифа ва буюк саҳобий ҳазрат Умар розияллоҳу анҳуга бориб тақалади. Она томондан эса саҳоба ҳазрат Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга бориб тақалади.

Аллома Ашраф Али Таҳонавий ҳижрий 1280 йил (милодий 1863) Таҳона қишлоғида дунёга келганлар. Таҳона қишлоғи Ҳиндистонннг шимолида жойлашган бўлиб у ердан кўплаб уламолар етишиб чиққан.

Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарини устозлари аллома Маҳмуд Ҳасан Девбандийдан ўрганганлар. Зафар Аҳмад Усмоний у киши ҳақида бундай деганлар: “Шайх Таҳонавий мазҳабда ўртаҳоллиги ва мўътадиллиги, шунингдек, ихтилофли масалаларда кенгбағрлиги ва кенг фикрлиги билан ажаралиб турган”.

Шу билан бирга Таҳонавий муомалот масалаларида муаммо бўлмаслиги учун  тўртта мазҳабнинг бирортасига тўғри келса одамлар бутунлай шариатни ташлаб кетмасликлари учун ўша мазҳаб бўйича фатво берар эдилар.

Ҳар бир етук инсон юқори даражага этишида, албатта, унга устоз лозим. Шунингдек, Имом Таҳонавийнинг мана шундай етук даражага етишларида у кишининг устозларининг ўрни жуда катта.

Устозлари:

  1. Шайх Набил Муҳаммад Яъқуб ибн Мамлук Али Наънутий. У киши Ҳиндистоннинг машҳур уламоларидан бўлиб ҳижрий 1249 йил (милодий 1833) Нанота шаҳрида дунёга келган ва шу ерда ҳижрий 1302 йил (милодий 1984) вафот қилган. Илмни оталари шайх Мамлук Алидан ўрганган. Шунингдек, кейинчалик Девбандда ўқиганлар.
  2. Шайх Маҳмуд Ҳасан Девбандий тариқатда етук устозлардан бўлиб, ҳижрий 1268 йилда (милодий 1851) Барилий шаҳрида дунёга келган.
  3. Манфаъат Али Девбандий. У киши машҳур фақиҳлардан бўлиб Девбандда туғилиб ўсган. Устозлари Яъқуб ибн Мамук Али Нанутий ва Аҳмад Деҳлавий каби Девбанд устозларидан илм олишган, 1327 йил Конфурда вафот қилган.
  4. Абдулали ибн Насиб Али Ҳанафий Миртаҳий. Машҳур уламоларидан саналади. У киши Мерта қишлоғида дунёга келганлар. Муҳаммад Қосим Нанутий, Аҳмад Али Саҳоранфурий Файз Ҳасан Саҳоранфурий ва бошқа кўплаб уламолардан дарс олган.
  5. Шайх Мулла Маҳмуд. Таҳонавий у кишидан Ҳадис китобларини ўрганган.

             Таҳонавий ўз асридаги турли илм соҳаларини мукаммал эгаллаган машҳур олим бўлиб, масалаларни аниқлашда ва далилларни чуқур ўрганишда илм толиблари орасида шуҳрати кенг тарқалган. Таҳонавийнинг етук илми ва маърифатидан фойдаланиш учун мусулмон ўлкаларнинг турли чеккаларидан илм талабидагилар жамоа-жамоа бўлиб ёғилиб келар эди. Улар Таҳонавийнинг илмидан ҳайратланиб, уни қаттиқ ҳурмат қилишарди.

Шогирдлари кўп бўлиб, уларнинг энг машҳурлари қуйидагилар:

  1. Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий. У киши 1310 ҳижрий йил дунёга келган. Дастлаб Девбандда таҳсил олган. 3 ёшларида оналаридан ажраган. Ҳижрий 1394 йил зулқада ойида вафот қилган.
  2. Шайх Ишоқ ибн Латиф Ҳанафий Бардавоний. У зот Бардавон шаҳрида ҳижрий 1283 йилда дунёга келган. Дастлаб устози Мавлавий Муҳаммад Ҳанифдан илм олган. Ҳижрий 1357 йилда Калкуттада вафот қилган.
  3. Шайх Аҳмад Али Фатҳфурий. Катта мударрис уламолардан бўлиб ҳижрий 1292 йилда Фатҳфурда дунёга келган. Фатҳфур Лакнао шаҳри яқинида жойлашган.
  4. Ибн Сирож Яқин Ҳанафий Курсавий. У киши фиқҳ ва ҳадис илмида катта олим саналади. Лакнао шаҳридаги Курсий қишлоғида дунёга келган. Дастлаб ўз шаҳрида илм олиб сўнгра Девбандга бориб ўқиган. Ҳижрий 1324 йилда Маккада вафот қилган.
  5. Шайх Муҳаммад Мустафо Бажнурий. Табобат илмида машҳур бўлган. Дастлаб илмни оталари Саййид Марвон Алидан ўрганган.

Абдуллоҳ  ПАРПИЕВ

Халқаро  алоқалар  бўлими  ходими

9401 марта ўқилди

Мақолалар

Top