Мақолалар

Бирини самарқандлик, бошқасини хоразмлик усталар қурган икки минорали масжидни биласизми?

Масжид буюк ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший номи билан аталган бўлиб, бу шахс замондошлари томонидан “Ҳазрати Имом” деб улуғлаган. Бу зотнинг асл исмлари Абу Бакр Муҳаммад ибн Исмоил Қаффол Шошийдир. 

Бу зот ҳижрий 291 ва милодий 903 йили қадим Шошда таваллуд топган бўлиб, болалиги ва ёшлиги шу ерда ўтган. Абул Ҳайсам Саид қўлида таҳсил олганлар. Абул Ҳайсам муҳаддислар орасида катта рутбага эга бўлиб, араб давлатлари, Эрон, Ҳиндистон уламоларининг ҳам устози эди.

“Вафаётул аъён” китобининг муаллифи Ибн Ҳалликон Қаффол Шоший ҳақида: “Бу зот ўз даврининг энг буюк алломаси: фиқҳшунос, мухаддис, тилшунос, муфассир ва шоир бўлиб, илм бобида юқори поғонада турар, Мовароуннаҳрда Шофеий мазҳабини у каби пухта биладиган одам йўқ эди” деб ёзади.

Шунингдек Қаффол Шошийнинг туғилган жойини аниқлаб: “Шоший” Сайхун дарёси орасида жойлашган Шошга нисбатдур. Бу ерда кўп олимлар етишиб чиққан ва ижод этган. Қаффол Шоший Марвда яшаган Қаффол эмас, балки Шошда (Тошкентда) яшаган олим”, дейди.

Тарихчи Ёқут Ҳамавий ҳам “Муъжамул булдон” китобидан: “Рай вилоятида Шош номли бир қишлоқ бор, Лекин у улуғ кишилари билан шуҳрат қозонмаган. Улуғ олим ва дин арбоблари етишиб чиққан Шош Сайхун дарёси орасида жойлашган шаҳардир”, деб маълумот беради.

2007 йил бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан Ҳазрати Имом (Ҳастимом) жамоатчилик жамғармаси ташкил этилиб, Ҳазрати Имом мажмуасининг асл тарихий қиёфасини тиклаш мақсадида бу ерда кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ва ободончилик ишлари олиб борилди. Хазрати Имомнинг янги кўриниши қадимий анъаналар асосида яратилган.

Маълумот учун, мажмуа икки гумбаз ва икки минорадан иборат. Ўнг минора хоразмлик усталар, чап минора самарқандлик ҳунармандлар томонидан бунёд этилган. Минораларнинг узунлиги 53 метрни ташкил этади.

Имом-хатиб – Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов

Имом ноиби – Абдураззоқов Ҳабибулла Садриддинович

Имом ноиби – Бахромов Мухаммадабдулло Абдурашидович

Имом ноиби – Қурбонов Исмоилжон Абдукаримович

Имом ноиби – Сайфуддинов Аброр Алиакбар ўғли

Манзил: Олмазор тумани, Қорасарой кўча, 49-уй.

Телефон: +998 71 240 00 23

434 марта ўқилди
Top