Мақолалар

Тинчликни асрайлик

Тинчликнинг энг катта неъматлардан экани ҳаммамизга маълум. Унинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш бизнинг зиммамиздаги бурчимиздир. Бу барча пайғамбарларнинг суннатидир. Қуръони каримда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг Макка шаҳрига тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраганликлари зикр қилинган. «Ибрoҳим алайҳиссалом: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли)мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин» (Бақара сураси, 126-оят).

Ўша пайтда ҳам Макка шаҳри тинч эди. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш тинчлик бардавом бўлишини ифодалайди. Демак, тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш мақсадга мувофиқ амаллардан экан. Шу билан бирга оятда аввал тинчлик, сўнгра ризқ сўралганидан тинчликнинг ризқдан-да муҳимроқ, улуғроқ неъмат эканлиги маълум бўлади.  Чунки тинчлиги бор юрт саҳро бўлиб, ундан гиёҳ унуб чиқиши қийин бўлса ҳам, у ерда истиқомат қилаётганларга ўзининг тинч ватани хотиржам ҳаёт кечириши учун энг қулай маскан ҳисобланади. Ҳар бир жон, у ким бўлишидан қатъи назар, қайси касб, қандай мартаба ёки обрўга эга бўлмасин, тинчликда ҳаёт кечиришга муҳтождир.

Зеро, хавфсираган киши хотиржам тунамайди, тонг оттирмайди, яшамайди. Доим қалби қалқиб, безовта бўлади. Ўз моли, жони, оиласи ва касбида хавфсираб юради.

Тинчлик бўлса инсонларнинг ҳаёти фаровон бўлади, хотиржамликда ибодат қиладилар. Донишмандлардан бири “Неъмат нима?”, деб сўралганда, У: “Тинчлик, чунки мен хавфсираган кишининг ҳаётдан манфаатланганини кўрмадим”, деб жавоб берган. Неъматларга шукр қилиш ҳам тинчликни сақловчи омиллардандир.

Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: “Ким оиласи тинч, жасади саломат ва ҳузурида бир кунлик таоми бор ҳолатда тонг оттирса, унга дунё тўлиғича берилибди”.

Пайғамбаримиз  (соллаллоҳу алайҳи васаллам) биз учун энг муҳим бўлган уч нарсани зикр қиляптилар. Тинчлик, саломатлик ва моддий таъминот. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бугун бу неъматларнинг барчасига эришмоқдамиз. Бардавом бўлиши учун уни сақлашимиз, қалб, тил ва аъзолар билан шукр қилишимиз лозим бўлади.

Абутолиб ИСАҚОВ

Фарғона вилояти Олтиариқ тумани

“Оқ масжид” жоме масжиди имом-хатиби

 

5639 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top