Мақолалар

Балки сиз эшитмаётгандирсиз

Бир киши рафиқасини яхши эшитмаяпти деган фикрга борибди. Унга эшитиш мосламаси сотиб олмоқни ҳам ният қилибди. Аммо кўнгил нозик, аёлига бу гапни дарҳол айтиб ранжитиб қўймаслик учун аввал дўхтир билан маслаҳатлашиб олмоқчи бўлибди. Дўхтир бу кишининг аёлининг эшитиши қай даражада эканини аниқлаб олмоқ учун бундай маслаҳат берибди:  “Жуфтингиздан 40 қадам масофада туриб одатдаги ҳолатда унга гап қотинг, агар эшитмаса, айни гапингизни 30 одим  масофага келиб, ўша оҳангда қайтаринг; унда ҳам эшитмаса, 20 қадамда туриб ўша оҳангда, ўша гапингизни сўзланг; жавоб олганга қадар яқинлашаверинг ва шу гапни қайтараверинг”.
Ўша куни хотини ошхонада кечки таомга уринаётганда у  40 одим узоқликда туриб одатдаги гаплашиш оҳангида:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан? – деб сўрабди.

Хотини жавоб бермабди.

Ошхонага бир оз яқинлашиб келибди, 30 қадам қолганини чамалаб олибди-да яна:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан? – дебди.

Яна жавоб бўлмабди.

Ошхонанинг эшигига келибди, орадаги масофа хийла қисқарибди. У яна ўша саволини қайтарибди:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан?

Яна жавоб ололмабди. Бу сафар аёлига жуда ҳам яқинлашиб келибди ва айни саволни, айни оҳангда сўрабди:

– Азизам, нима овқат пиширяпсан?

– Азизим, тўртинчи марта айтяпман, шавла, – деб жавоб берибди хотини.

Қиссадан ҳисса: балки шунга ўхшаш масалалардаги муаммолар ҳар доим қаршимиздаги кишиларда бўлавермас, муаммонинг сабабини аҳён-аҳён эса-да, ўзимиздан ҳам қидириб кўрсак, фойдадан холи бўлмас, тўғрими?

Дамин ЖУМАҚУЛ таржимаси

4939 марта ўқилди

Мақолалар

Top