Мақолалар

Сарфлаган сайин кўпаядиган хазинани биласизми?

Китобхонлик – муваффақият ва саодат эшикларини очувчи калитдир. Илм излаш, китоб, газета ва журналларни мутолаа қилиб бориш кишининг дунёқарашини кенгайтиради, ўзига хос лаззат бағишлайди. Ўзгалар олдида соҳибининг илмий, маданий ва ахлоқий савиясини юқорига кўтариб қўяди. Зеро, кўп ўқиган, билимдон инсоннинг умуман ўқимаган ёки кам ўқийдиганлардан ҳар соҳада имконият доираси кенг бўлади. Мисол учун иккита тилни билган одам битта тилни билган одамдан икки баравар кўпроқ имкониятга эга. Учта тилни биладиган одамнинг эса иккита тилни билувчи одамдан имконият доираси каттароқ бўлади ва ҳоказо. Бундай инсон ўзга юртга борганда ҳам қийналмайди. Бу нарса илмга оид ҳамма соҳага тааллуқлидир. Бугунги ёки кечаги олимлар, ёзувчию шоирлар ва зиёли кишилар ўз вақтида кўп ва хўб китоб мутолааа қилгани туфайли шу даражага эришганлар.

Ўқимишли инсон агар тижорати ёки бошқа хусусий тирикчилиги тўхтаб қолган тақдирда ҳам осонлик билан ўзига бошқа ризқ эшигини оча олади. У қайсидир ишхонага ходим сифатида жойлашиши, ўқув муассасаларида ишлаши ёхуд ижодий ишлар билан шуғулланиб, китоб ёзиб ўз тирикчилигини юргизиб кетаверади. Демак, билимли инсон билан билимсиз инсоннинг имкониятлари орасида катта фарқ бор экан. Шу боис ҳам Аллоҳ таоло Ўз китобида

“هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ”

“Биладиганлар билан билмайдиганлар (ҳеч замонда) тенг бўлурми?!”, дея билим нақадар катта аҳамиятга эга эканига ишора қилади (Зумар сураси, 9-оят).

Ислом дини илк бошданоқ жаҳолатга қарши маърифат билан курашган диндир. Қуръони каримнинг илк ояти ҳам “Ўқи!” деган сўз билан жаранглади. Динимиз биринчи оятидаёқ ўқишга, ўрганишга чорлаган. “Қуръон” сўзининг бир маъноси ҳам “ўқиш” демакдир. Мана шунинг ўзидан муқаддас динимиз таълимотида ўқишга бўлган эътибор нақадар буюк эканини билиш мумкин. Шу боис динимизни тўғри тушунган, унинг таълимотини қалбига сингдирган бобокалонларимиз ёшлигиданоқ ўқиш-ёзишга, диний ва дунёвий билимларни эгаллашга ҳарис бўлганлар ва оқибатда жаҳон тамаддунига, илм-маърифат ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, бебаҳо илмий асарлар яратган. Ўзларидан кейин то қиёматга қадар ўчмайдиган мангу из қолдиришган.

«Илм» сўзи Қуръони каримнинг саккиз юз ўн бир жойида турли маънолари билан келган. Қуръон ва суннатда илм инсониятни турли ахлоқсизликлар, ҳаромлар, ёмон йўл ва амаллардан қайтариши зикр этилган. Аллоҳ таоло айтади:

... يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آَمَنُوا مِنْكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ وَاللَّهُ بِمَا تَعْمَلُونَ خَبِيرٌ

яъни: “... Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. (Мужодала, 11).

Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қилинган кўплаб ҳадислар ҳам илмга даъват қилади. Илм биринчи ўринда ўқиш орқали ҳосил бўлиши ҳаммамизга маълум. Жумладан,  у зот:

“طلب العلم فريضة على كل مسلم”

яъни: “Илм ўрганиш ҳар бир мусулмон зиммасида фарздир!”, дея марҳамат қилганлар (Ибн Можа ривояти).

Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳ айтадилар: “Илм мол-дунёдан кўра яхшироқдир. Чунки илминг сени асрайди, мол-дунёни эса сен асрашинг керак бўлади. Мол-дунё сарф қилинса камаяди, илм эса ўзгаларга ўргатиш билан яна зиёда бўлаверади”.

Зеро, илм талаб қилиш ва унинг йўлида чекилган заҳмат туфайли жузъий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам толиби илмнинг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрайдилар”,  деган ҳадисларида ўз ифодасини топгандир.

Дарҳақиқат, илмнинг мақому мартабаси юксакдир. Ахир илм аҳли пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

Барча динлар ичида илк бор илмнинг ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир.

Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади.
Китоб ўқишнинг фойдаси мўл, баракаси беҳисоб. Аввало мутолаа турли-туман маданиятлар ва билимларни ўрганиш учун асосий кўприк бўлиб хизмат қилади. Ўқиш оғзаки нутқни ривожлантириб, сўз бойлигини орттириш учун асосий манбадир. Киши канчалик кўп мутолаа қилса, шунчалик равон ва бехато сўзлайдиган бўлади. Дунёқараши, маданий савияси юксалади.

Китоб, газета ва журналлар мутолаа қилишга одатланиш кишига таъбир жоиз бўлса “мустақил таълим олиш” маҳоратига эга бўлишга ёрдамлашади. Ҳозирги кунда “ўзига ўзи таълим бериш” услуби ҳаёт заруратларидан бирига айланиб улгурдики, усиз киши тараққиёт карвонидан ортда қолиб кетиши ҳеч гап эмас. Масалан, телевизорми, телефонми, кир ювиш машинасими ёхуд ҳар қандай техника воситаларидан фойдаланиш учун ҳам ўқиш, муайян атамаларни билиш талаб этилади. Ахир ўша нарсаларнинг ҳар бирининг ўз таништирувчи китоби бор. Усиз иложи йўқ. Шундай экан, ўқиш бугунги куннинг энг долзарб заруратларидан бири десак, сира муболаға қилмаган бўламиз.

Зотан, киши кўп ўқиган сари билими ошиб бораверади, ҳамма соҳадан хабари бўлади. Натижада атрофидагилар учун ҳам қизиқарли суҳбатдош, тўғри маслаҳатгўй ва ёрдамчига айланади.

Ўқишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у вақтдан унумли фойдаланиш воситасидир. Маълумки, инсон қиёмат кунида бекор ўтказган вақтидан, умридан сўралади. Фойдали нарсаларни ўқиб-ўрганиш эса вақтни баракали қилади.

Ўқишнинг тарбиявий аҳамиятлари ҳам бисёр. Болаларни ёшлик чоғларидан китобга муҳаббатли қилиб ўстириш ўта фойдалидир. Зеро, китоб эзгуликдан, олийжанобликдан, мардликдан ҳикоя қилади. Маънавиятни оширади. Тубанлик, номардлик, разолат ва хиёнатнинг қабиҳ юзини очиб беради, бундай ёмон хулқларга қарши қалбда нафрат уйғотади. Шу боис ёшларимизни китобга меҳрли қилиб ўстириш маънавий ва тарбиявий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга моликдир.

Китоб ўқиш қалб чигалликларини ёзади, кўнгилга ҳузур бағишлайди, жаҳолатга барҳам беради, турли-туман ёмон фикрлар, васвасаларни киши онгидан қувиб юборади.

Китоб ҳаётнинг қоронғу ва зимистон йўлларини ёритиб борувчи чироқдир. Кўп китоб ўқийдиган инсон китоблар тахида ўз маконини топган ўзгаларнинг аччиқ қисматлари ёки муваффақиятлари сабаблари, сир-асрорларидан воқиф бўлади ва шу нарсаларни ўз ҳаётида ижобий маънода қўллайди. Натижада кўп муваффақиятларга эришишга муяссар бўлади.

Шундай экан ҳар биримиз китоб ўқишга, илм олишга ўта чанқоқ бўлишимиз, фарзандларимизни мана шундай руҳда тарбиялашимиз мақсадга мувофиқдир.

Зеро, қайси жамиятда илмга ташналик сусайса, илм ўрганишга эътибор камайса, кишилар фикрлашдан тўхтаса ёки уларнинг фикри саёзлашса, ўша жамият тараққиётдан ортда қолади. Энг ёмони, у маънавий инқирозга ёки ҳалокатга юз тутиши мумкин. Бунга тарихда мисол кўп. Ҳар қандай жамиятнинг олимлари, зиёлилари миллатнинг маънавий дунёси қашшоқланмаслиги, ахлоқининг тубанлашмаслиги, сохта ва бузғунчи эътиқодлар ва маданиятлар таъсирига тушиб қолмаслигига масъулдирлар. Агар улар бу ишда лоқайдликка ва маҳдудликка йўл қўйишса, шунчаки томошабин бўлиб қолишса, ўша миллатнинг ҳолига вой бўлади.

Фахр ва ифтихор билан айтиш жоизки, Халқимиз азалдан илм-маърифатга интилган, китоб ўқишга қаттиқ муҳаббат қўйган.

Юртимиздан донғи дунёни тутган улуғ олимлар ва мутафаккирларнинг кўплаб чиққани ҳам бежиз эмас. Илмли зиёлилар уёқда турсин, оддий ҳунарманд косиб ёки деҳқоннинг хонадонида узун қиш кечалари оилавий китобхонликлар бўлган, саводхон кишилар оила аъзоларига турли диний, илмий ва назмий китобларни ўқиб берган. Матбаачилик ривожланмагани, китобларни хаттотлар қўлда кўчирганига қарамай, ота-боболаримиз ҳамиша китобга интилган, китобни ардоқлаган, ўқиганларини бошқаларга ёйган.

Биз шундай илм-фан ватанининг фарзандлари эканимиздан фахрланишга ҳақли ва ўтган аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга бурчлимиз. Бунга эса улар қолдирган бой меросни, инсонларга фойда келтирувчи илмларни пухта ўрганиш ва уни фарзандларимизга ҳам ўргатиш орқали эришилади.

Аллоҳ таоло барчамизни дунёга машҳур аждодларимиз изидан бориб, яна илм чўққиларини забт этувчи, илмга ташна бандаларидан айласин, илм ўрганадиган, илмга ҳомийлик қиладиган, ҳеч бўлмаганда олимларни севадиган саодатманд инсонлар сафидан ўрин берсин!

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

1602 марта ўқилди
Мавзулар
Другие материалы в этой категории: « Намоз уйқудан афзал! Чақалоқни авайлаш. »

Мақолалар

Top