Мақолалар

Балога элтувчи иллат

Аллоҳ таоло Ер юзида Ўзига халифа қилиб Одам алайҳиссаломни яратди. Унинг наслидан тарқаган зурриётларга икки йўлдан бирини танлашлик ихтиёрини берди. Бу икки йўлнинг оқибати қандай бўлишини ҳам бандаларга билдирди. Бу йўлларнинг бири – ҳидоят, иккинчиси эса – залолат.

Банда ҳидоят йўлида юрса ҳаётда ҳам бахтли саодатли, обрў эътиборли бўлади. Қилган барча амали ўзига, оиласига ва бутун жамиятга фойда етказади. Эл юрт, Ватан, виждони олдида ва яратган Холиқ таоло ҳузурида юзи ёруғ бўлади. Ўзи ҳурмат ва эъзозда бўлади.

Бундай инсонларни Аллоҳ таоло “Ана ўшалар барийёт (махлуқот)нинг яхшиларидурлар”, деб таърифлайди (Баййина сураси, 7-оят).

Абу Баракот Насафийнинг “Мадорикут-танзил” тафсирида баён қилинишича ушбу оят имон келтириб, солиҳ амаллар қилган бандалар бутун махлуқотдан, бинобарин фаришталардан ҳам юқори даражада бўлишига далил деганлар. Улар охиратда абадий роҳатда бўладилар. Банда хоҳласа шу йўлни танласин, хоҳласа иккинчи йўлни...

Аммо залолат йўли бандани дунёда ҳам хор-зор қилиб, эл-юрт, жамият олдида шарманда қилади, охиратда азобда қолади. Улар хақида Аллоҳ таоло айтади: “Улар (тилсиз) ҳайвонлар кабидурлар. Балки, улардан ҳам адашганроқдурлар(Аъроф сураси, 179-оят).

Ундай кимсалар ҳақиқатдан ҳайвонлар ҳам қилмаган қабиҳ ва тубан ишларни қилиб оиласига, наслу насабига ва бутунжамиятга хиёнат этадилар.

Динимизда инсоннинг икки дунё бахту саодатига етишишлик кўрсатмалари билан бирга ғайриинсоний одатлардан ва уларнинг оқибатидан огоҳлантиришлар ҳам мавжуд. Мазкур кўрсатмалар башариятнинг ҳам моддий, ҳам маънавий тараққиётининг омилидур. Кимки ушбу йўлнинг хилофида бўлса, уларнинг жирканч разолатларига Исломий йўлдан бошқа муолажа йўқлиги ўз исботини топган.

Ана шундай иллатларнинг бири – ливота (бесоқолбозлик) деб номланади.

Муқадас динимиз кўрсатмаларида башариятнинг беш жиҳатини муҳофаза қилишлик таъкидланади. Булар:

  1. Инсон динини муҳофаза қилиш.
  2. Инсон ақлини муҳофаза қилиш.
  3. Инсон наслини муҳофаза қилиш.
  4. Инсон соғлиғини муҳофаза қилиш.
  5. Инсон молини муҳофаза қилиш.

Инчунун, инсон наслини муҳофаза қилишга ҳам алоҳида эътибор берилганлигидан эр-хотин ўртасидаги наслга сабаб бўлувчи алоқалар ҳақида илоҳий фармон – Қуръони карим оятлари ҳам нозил бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча кўрсатмалар берганлар, уламоларимиз китоблар таълиф қилганлар.

Уларда, жумладан жинсий алоқа одоблари алоҳида баён қилинган. Ўша тавсияларга кўра хотиннинг орқасига алоқа қилишлик, ҳайз пайтида жинсий яқинлик қилиш қаттиқ гуноҳ саналади.

Али ибн Толқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким хотинининг орқасидан яқинлик қилса малъундур”, деганлар. (Сунан эгалари ривоят қилишган).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда эса: “Эркак ёки аёлнинг орқасига яқинлик қилган кишига Аллоҳ назар қилмас”, деганлар (Имом Термизий, Имом Аҳмад ривояти).

Бизлар аввало шундай маънавий покиза бўлган мамлакат фуқароси эканлигимиздан ҳар қанча фахрланиб, шукр қилсак камлик қилади. Зеро, бизлар номини хам такрорлашдан ор қиладиган иллат қатор давлатларда “инсон хуқуқлари" сифатида ҳимояланиб, унга кенг йўл очилиб турган бир даврда, Аллоҳга шукрки, Республикамиз қонунларида бу манфур иллатнинг ман этилиши кўрсатилган. Ҳолбуки у инсоний амал эмаски “инсон ҳуқуқлари” жумласига кирса. “Ўзекистон Республикаси Жиноят кодексининг 120-моддасида бундай дейилади: “Бесоқолбозлик, яъни эркакнинг эркак билан зўрлик ишлатмасдан жинсий эҳтиёжини қондириши – уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

У иллат инсоният наслу насаби кесилишининг омили. Бедаво ОИТС касали тарқалишининг сабаби. Аллоҳнинг ғазабига дучор қилгувчи ва оммавий балога гирифтор айлагувчи гуноҳ. Бунга тарих гувоҳ.

Аллоҳ таоло “Аъроф” сурасида баён қилади. “Ва Лутни (юбордик). Унинг ўз қавмига: “Сиздан олдинги одамлардан ҳеч ким қилмаган фоҳиша ишни қиласизларми?! Албатта, сизлар аёлларни қўйиб, эркакларга шаҳват ила яқинлик қилмоқдасизлар. Йўқ! Сизлар исрофчи қавмсиз!” – деганини эсла... Ва биз уларнинг устидан “ёмғир” ёғдирдик. Жинояткорларнинг оқибати қандай бўлганига назар сол (80-84-оятлар).

Уларнинг кўзлари кўр қилинди. Улар бузғунчилик қилган Садум диёри чаппа айлантириб қўйилди. Юрт бутун аҳолиси ва бор-йўғи билан ер остида қолдилар. Аммо бунчалик нобакорларга бу ҳам кам эди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг устидан тош селини ёғдириб, ҳаммаларини ҳалок қилди.Уларнинг ҳатто излари ҳам қолмади.

Бошқа қавмларнинг ҳалок бўлган мурдалари шундоққина ер юзида ибрат бўлиб қолган бўлса, буларнинг жирканч мурдаларини Аллоҳ таоло ер юзида қолишини ҳам хоҳламади. Балки Жаброил алайҳиссаломга амр қилдики, қаноти билан ўша разолат содир бўлган юртни ағдариб қўйди. Бу нозик ҳодисага тадаббур қилмоқ керак. Мазкур диёр ҳозирда Ўлик денгиз деб аталади.

Шунингдек, Помпей шахри аҳолиси ҳам тоғ парчалари остида ҳалок бўлган. Шаҳар қолдиқларини ўрганган антропролог олимларнинг таҳлилларига кўра, помпейликлар ҳам  Лут алайҳиссалом қавми қилган гуноҳ билан шуғулланган экан. Суякларнинг тадқиқ қилинишига кўра, бало шунчалик тез ва дафъатан келганки, улар ўша амалга машғул ҳолатларида, ҳатто балонинг бошланишидаги саросимага ҳам улгурмаганлар. Балки охирги нафасларида қандай кайфу-сафо ва ўйин-кулгу кайфиятларида бўлса, ўша кайфият юзларида ўзгармай қолиб кетган (Аллоҳ таолонинг ўзи сақласин).

  Аллоҳ таоло халқимизни маънавий покликда бардавом айласин. Зурриётларимизни турли ғайриинсоний иллат, балки ҳайвонлар ҳам ор қилувчи худбинликлардан ҳамиша сақласин!  

 

Шаҳобиддин ПАРПИЕВ

Асака туман бош имом-хатиби

4987 марта ўқилди

Мақолалар

Top