Мақолалар

“Синган пиёлани тўғрилаб бўлмайди”

Аввал, 18 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши кураш борасидаги вазифалар ижроси ҳамда мавжуд муаммоларни ҳал этиш масалалари юзасидан диний соҳа ходимлари иштирокида мажлис бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эдик.

Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари сўзга чиқиб, тарбия масаласига алоҳида урғу бериб, қуйидаги маълумотларни келтирдилар:

Барчамиз яхши биламизки, ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Шундай экан, асосий эътиборни ҳуқуқбузарликнинг оқибатлари билан курашишга эмас, балки, барвақт унинг олдини олиш ва ўз вақтида бартараф этишга қаратишимиз зарур. Масалан, фарзанд пиёлани синдиргандан кейин унга ҳар қанча танбеҳ бериш фойдасиздир. Ундан аввал болага пиёлани асраб-авайлаш тўғрисида насиҳат қилиш катта самара беради.

Ушбу видеоселектор йиғилишда Давлатимиз раҳбари ҳам фақат жазо қўллаш таҳдиди билан эмас, аввало, аҳоли онгига жиноятга қўл урмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, Ватанга садоқатли бўлиш, атрофдаги инсонларга юксак ҳурматда бўлиш каби фазилатларини сингдириш лозимлигини таъкидладилар.

Инсоният пайдо бўлибдики, энг долзарб, энг қийин ва машаққатли вазифа – ёшлар масаласи бўлиб келган. Мутафаккир ва алломалар, зиёлилар жамиятнинг ривожи, тинчлиги ва хотиржамлигини ёшларнинг тарбиясига боғлиқ деб бежиз айтишмаган.

Муҳтарам Президентимиз тарбия борасида шундай деганлар: “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган XXI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”.

Бугун сизу биз буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”, деган пурҳикмат сўзлари ҳеч қачон ўз кучини йўқотмаслигига яна бир бор амин бўлмоқдамиз.

Аслида, инсонни ёмон йўлга, бузуқликка, жиноятга бошлайдиган нарса, унинг бузуқ нафсидир. Унинг орқасидан ўғирлик қилади, одам ўлдиради ва ҳоказо ёмонликларни қилади. Шу ўринда сўзимизнинг исботи ўлароқ Одам алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни қандай сабаб билан ўлдирганини эслашнинг ўзи кифоя қилади.

Шунинг учун ҳам дини мубинимизда, муборак манбаларда нафсдан келаётган ёмонликларга қарши курашишга чақирилади. Унинг ёмонликларидан огоҳлантирилади. Бу борада Юсуф сурасида:

وَمَا أُبَرِّئُ نَفْسِي إِنَّ النَّفْسَ لَأَمَّارَةٌ بِالسُّوءِ إِلَّا مَا رَحِمَ رَبِّي إِنَّ رَبِّي غَفُورٌ رَحِيمٌ 

яъни, “Нафсимни оқламайман. Зеро, нафс ёмонликка ундовчидир. Фақат Раббим раҳм қилганлар бундан мустаснодир. Албатта, Раббим кечиримли ва раҳмли зотдир”, дейилади.

Юсуф Хос Хожиб ўзининг “Қутадғу Билиг” асарида: “Бу дунёда энг йирик ёв, билгинки, эй кўнгил, ўз нафсингдир”, дейди. Ояти карима ва ҳикматлардан ҳам маълум бўлмоқдаки, инсонни кўплаб ёмон йўлларга унинг нафси аммораси бошлар экан.

Таассуфки, бугун айрим ёшлар шайтоннинг восвосига учиб, унинг йўлида юриб, турли жиноятларни содир этмоқдалар. Албатта, бу жиноятлар катта ё кичик бўлишидан қатъий назар бизни ташвишга солмоқда. Арзимаган учқундан пайдо бўлган ёнғин қандай фалокат келтириши сизу бизга маълум, кичкинагина тешикча туфайли катта кема ҳам ғарқ бўлишини жуда яхши биласиз. Шундай экан арзимас кўринган иллатлар ҳам тўпланиб-тўпланиб, жиноятга айланиб жамиятни ҳалокатга учратиши мумкинлигини зинҳор унутмаслигимиз лозим.

Муҳтарам Президентимиз таълим-тарбияни бир зум ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмаслигини тъкидлаб шундай деганлар, "Тарбия қанча мукаммал бўлса, халқ шунча бахтли яшайди", дейди донишмандлар. Тарбия мукаммал бўлиши учун эса бу масалада бўшлиқ пайдо бўлишига мутлақо йўл қўйиб бўлмайди".

Шундай экан, диний соҳа ходимлари, имом-хатиблар ҳар доим одамларга, айниқса, ёшларга ҳар қандай жиноят оғир гуноҳ эканини тушунтириши даркор. Баднафс, бузуқлик ва жиноятга мойил бўлган на оиласига на жамиятга фойдаси тегмайдиган инсонлар Аллоҳнинг наздида ҳам эътиборсиз эканини уқтириши лозим.

Шу ўринда жиноят содир этаётган ёшларнинг ота-оналари тўхталиб ўтиш лозим. Ўрганишлар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, дунё бўйлаб ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятларнинг иштирокчиларининг аксарияти оилада яхши тарбия кўрмаган, ота-онаси меҳридан узоқ бўлган ёшлар экан. Минг афсуски, бизда ҳам жиноят содир этган аксарият ёшларнинг ота-оналари уларнинг тарбиясига эътиборсиз қарашгани маълум бўлди.

Ислом дини манбаларида фарзандни бундай гўзал тарбия қилишни юксак улуғланади. Жумладан, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

 "ما نَحَلَ وَالِدٌ وَلَداً أفضل من أدبٍ حَسَنٍ"

яъни: “Ота фарзандига берадиган нарсаларнинг ичида энг афзали гўзал одобдир” (Имом Термизий ривояти).

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

"لَأَنْ يُؤَدِّبَ الرَّجُلُ وَلَدَهُ خَيْرٌ مِنْ أَنْ يَتَصَدَّقَ بِصَاعٍ"

яъни: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти).

"أَدِّبُوا أَوْلاَدَكُمْ وَأَحْسِنُوا أَدَابَهُمْ "

яъни: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, деб марҳамат қилинган.

Демак, ота-она фарзандига берадиган энг яхши нарсаси қимматбаҳо кийим, яхши таом ёки қимматбаҳо совғалар эмас, балки гўзал хулқ ва яхши тарбия экан. Чунки гўзал хулқ бандани бу дунёда ҳам охиратда ҳам мартабасини оширади.

Шундай экан бугун имом-хатибларимиз жойлардаги чиқишларида, ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифалари ва фарзандларнинг ота-она олдидаги бурчлари ҳақида етарлича маълумот беришлари, ёшлар билан учрашувларида эса жиноят содир этиш жуда ҳам оғир гуноҳ экани, Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бундай хатти-ҳаракатлардан қаттиқ қайтарилаганини жонли мисоллар орқали таъсирчан қилиб, тушунтиришлари зарур. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

5035 марта ўқилди

Мақолалар

Top