Мақолалар

Болангизни дуо қилинг!

Болалар тарбиясига доир фойдали маслаҳатлар

Дуо – ибодатдир. Барча ибодатларни адо этиш қонун-қоидалари бўлгани каби дуо қилишнинг ҳам ўзига яраша хос одоблари бор. Дуо одоблари хусусида кўплаб оятларда баён қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилинган:  «Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай. Унга (Аллоҳга) ҳам қўрқинч ва ҳам умид билан дуо қилингиз! Аллоҳнинг раҳмати эзгу иш қилувчиларга яқиндир» (Аъроф, 55-56).

Дуо асносида Аллоҳнинг гўзал исмларини такрор-такрор айтиш ҳам дуонинг мустажоб бўлишига бир сабаб бўлиб, бу хусусда Қуръони каримда: «(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: “Аллоҳ, деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг гўзал исмлари бордир» – деб марҳамат қилинган (Исро, 110).

Дуода тинчлик, офият, саломатлик билан бир қаторда, дунё ва охират яхшиликларини сўраш лозим. Зеро, Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони карим орқали бизларга таълим сифатида: «...Эй, Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин» (Бақара, 201), деган дуони ўргатган.

Шунингдек, дуони Аллоҳга ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга салавот айтиш билан бошлаб, яна шулар билан тугатиш суннатга мувофиқ ва мустажоб бўлишга асосдир. Ой ва кунлар ичида дуолар мустажоб бўладиган махсус вақтлар ҳам борки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам буларнинг баъзиларини айтиб берганлар. Жумладан, азон билан иқомат ўртасида, саҳар вақтида, жума кунида, Шаъбон ойининг ярмидаги тунда, Қадр кечасида, шунингдек, Арофот, Мино, Муздалифа каби муқаддас даргоҳларда қилинган дуоларнинг юқорида зикр қилинган шартлар бажарилган тақдирда ижобат бўлишига шубҳа йўқ. Шундай экан, ана шу вақтларни ғанимат билиш муқсадга мувофиқдир.

Муслим Атаев,

тарих фанлари номзоди,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво бўлими ходими

 

8096 марта ўқилди

Мақолалар

Top