Версия для печати

Мақолалар

Энг масъулиятли бурч

Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт қилиб яратди ва улардан насл тарқалиши ва кўпайишини ирода қилди. Қуръони каримнинг Наҳл сурасида шундай дейилади: "Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради " (72-оят).

Инсон зотининг эркак ва аёл қилиб яратилишининг ҳикмати шундаки, у ҳалол йўл билан никоҳ орқали оила қуриши, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, наслининг давом этишини таъминлаши керак. Аллоҳ таолонинг Ўз бандасига фарзанд бериши улкан неъматдир. Шунингдек, жигаргўшасининг фарзанд кўриши, яъни набирали бўлиш ҳам инсон учун улкан неъмат ҳисобланади. Шу тариқа ер юзида инсон насли сақланиб, давом этиб боради.

Эркак билан аёлнинг ҳалол йўл билан бир оила бўлиб яшашининг самараларидан бири фарзанддир. Исломда фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларига қатъий риоя қилинган бўлиб, булар ота-она ёки яқин қариндошлар, яшаётган жамиятларига вазифа қилиб юклатилган. Бу ҳақларни адо этиш вожиб бўлиб, унга амал қилиш мажбурийдир. 

Уламолар фарзандларнинг ҳақ-ҳуқуқларини икки қисмга бўлган:

  • фарзанд вужудга келишидан аввалги ҳолат;
  • фарзанд вужудга келгандан кейинги ҳолат.

Динимизда “фарзанд ҳақлари ҳали у туғилмасидан олдин бошланади” деган қоида бор. Аввало, ота ўзининг бўлғуси фарзандларига солиҳа, диёнатли ва уларнинг ҳуқуқларига риоя қиладиган омонатдор онани, она ҳам фарзандларига уларнинг таълим-тарбияси ва яхши инсонлар бўлиб вояга етишига аҳамият қиладиган солиҳ отани танлаши керак.

Эр-хотиннинг Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлиши ҳам ҳомила вужудга келгунча бўлган ҳақларнинг иккинчисидир. Бу иш пайғамбарлардан суннат бўлиб қолган. Аллоҳ таоло шундай деб марҳамат қилади:

"Ўша жойда Закариё Раббига илтижо қилиб, деди: «Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан" (Оли Имрон сураси, 38-оят).

Энди фарзанд ҳомила ҳолига келганида унинг қандай ҳақлари борлигини кўриб чиқайлик:

Биринчидан, Аллоҳ таолодан солиҳ фарзанд тилаб, дуода бўлишни давом эттириш тавсия қилинади. Аллоҳ таоло лутфи карам кўрсатиб, она юкли бўлгандан кейин ҳам ота-онаси унинг солиҳ фарзанд бўлиши ҳақидаги дуоларини давом эттириши зарур. Зотан, бу иш Одам алайҳиссалом ва момо Ҳавводан мерос бўлиб қолган.

Иккинчидан, ҳомиланинг жисмоний ва руҳий зўриқишларсиз, яхши ривожланиб боришини таъминлаш зарур. Ҳомила ҳар тарафлама яхши ўсиб бориши учун унинг онасини жисмоний ва руҳий жиҳатдан толиқтириб қўймасликка шариатда катта эътибор берилган. Бу эътибор шу даражага етганки, ҳатто Аллоҳ фарз қилган ва Исломнинг рукнларидан бири бўлган рўзани ҳомиладор аёллар тутмасдан, кейин қазосини тутиб бериши жоизлиги шариатга киритилган. Чунки ҳомиладор аёл рўза тутса, унинг толиқиши орқали ҳомиласининг ҳам толиқиши бор. Шунинг учун ҳомилани толиқтирмаслик мақсадида унинг онасига рўза тутмасликка рухсат берилган.

Анас ибн Молик Каъбийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини, ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди.

Фарзандини солиҳ, ахлоқли, одобли, тақводор инсон қилиб тарбиялаш  ота-онанинг биринчи галдаги вазифаларидандир. Исломда бола тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчи экани айтилган. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи Зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади.

Тарбиянинг биринчи қисми болага одоб ўргатишдир. Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак.

Саъд ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:Ота ўз фарзандига яхши одобдан кўра афзалроқ нарса ҳадя қила олмайди, деганлар” (Термизий ривояти).

Бола ёшлигидан гўзал хулқ, чиройли тарбия билан сайқаллаб борилса, унинг тоза ва мурғак қалби барча яхши нарсаларни осонликча қабул қилади. Унинг савобига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Агар ёмонликка ўргатилса, ёмон бўлиб ўсади. Унинг гуноҳига ота-онаси ва мураббийси шерик бўлади. Валий уни сақлаши, таълим-тарбия бериши лозим. Унга яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан ҳимояласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, уни зебу зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан юриб, умрини зое қилмасин.

Тарбиянинг иккинчи қисми болага таълим бериш, илм ўргатишдир. Илм эса бир нарсани воқеликда қандай бўлса, ишонч билан ўшандай идрок қилишдир. Илм ўрганиш эса ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир, деганлар” (Имом Аҳмад ва Имом Ибн Можа ривояти).

Керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир.

Тарбиянинг учинчи қисми болага жисмоний тарбия беришдир. Шунинг учун бу ишга масъул бўлган ҳар бир киши фарзанд тарбиясига ўта эътибор ва аҳамият билан ёндашиши, бу йўлда бефарқлик ва лоқайдлик каби иллатлардан четланиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, фарзандларимиз ватанимиз, миллатимиз, динимиз учун хизмат қиладиган инсонлар бўлиб етиши учун биз ота-оналар бор куч-ғайратимиз билан ҳаракат қилмоғимиз лозим экан. Бу билан ҳам ота-оналик ҳам Яратганни олдидаги бандалик вазифамизни тўлиқ адо этган бўламиз.

Абдулазиз БОБОМИРЗАЕВ,

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири.

5523 марта ўқилди