Мақолалар

Тафаккур қилинг: Ҳар куни тинч-хотиржам уйғонамиз, яхши кайфиятда нонушта қиламиз. Хурсанд бўлиб ишга жўнаймиз...

Нуфузли халқаро ташкилотлар, статистика қўмиталари ва экспертлар юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларимизни ижобий баҳоламоқда.

Мутахассислар инсоннинг узоқ умр кўриши унинг соғлом ва бахтли хаёт кечириши, тинч-хотиржам яшаши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлайди.

Ўзбекистон истиқлол йилларида тинчлик-осойишталик барқарор бўлган, иқтисодиёти изчил тараққий этиб бораётган мамлакатга айланди. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз иқтисодиёти таркибий ўзгартирилиб, саноат ва инфратузилма тармоқлари изчил ривожланди. Шу билан бирга, аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоялаш, одамлар саломатлигини мустаҳкамлаш, миллат генофондини яхшилаш, таълим сифатини оширишга катта куч ва маблағлар йўналтирилган.

Шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфаси йилдан-йилга очилиб, тобора обод ва гўзал бўлиб бормоқда. Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар ва инфратузилма тармоқлари қишлоқ ахолисининг ҳеч кимдан кам бўлмай яшаши учун кенг имкониятлар яратмоқда, эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқармоқда.

Руҳиятшуносларнинг таъкидлашича, ўз турмушидан қониқиб, яқинларининг меҳр-муҳаббатини ҳис қилиб, эртанги кунга ишониб яшайдиган инсон узоқ умр кўради.

Халқимиз орасида меҳр-оқибат муҳитини янада яхшилашга, айниқса, ёши улуғ инсонларга ҳурмат-эҳтиром ва ғамхўрлик кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб ахоли, биринчи навбатда, кекса авлод вакиллари, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг хуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш учун давлат бюджетидан ижтимоий эҳтиёжлар, жумладан, аҳолини қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий соҳани мустаҳкамлашга ажратилаётган йиллик харажатлар изчил ошиб бормоқда.

Замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаган, мустақил фикрлайдиган, она юртига меҳр ва садоқат туйғуси билан яшайдиган, ҳеч кимдан кам бўлмаган, ҳал қилувчи куч бўлиб майдонга чиқаётган янги соғлом авлод тарбияланмоқда. Буларнинг бари «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, унинг фаровон хаёти учун» тамойили жамиятимизнинг барча соҳаларини модернизация қилиш ва янгилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг бош ғояси, асосий мақсадига айланганидан далолатдир.

Қўлга киритилаётган бундай натижаларнинг асосий омили ва мезони, шубҳасиз, мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикдир. Зеро, тинчлик барқарор юртдагина ислоҳотлар самара беради, тараққиёт бўлади, одамлар ўз мақсадларини амалга ошира олади, ҳаётидан рози бўлиб, хотиржам яшайди.

Ўзимиздан қиёс: Ҳар куни тинч-хотиржам уйғонамиз, яхши кайфиятда нонушта қиламиз. Хурсанд бўлиб ишга жўнаймиз. Режалаштириб қўйган ишларимизни бажаришга шошиламиз. Ишдан қайтаётиб болаларга майда-чуйда олай, деб бозор ёки дўконга кирамиз. Хамма нарса кўзимизга яхши кўриниб, қўнжимизни тўлдириб чиқамиз. Оиламизни хурсанд қилиш учун яна уйга шошамиз. Биз учун одатий ҳол бўлган бу хаёт тарзи аслида жуда катта неъмат. Тинчлик туфайли дўконлару бозорларимиз тўла, дастурхонимиз тўкин. Ўйин-кулги, тўй-томоша, байрамларимиз шукухли.

Ҳа, мамлакатимиздаги тинчлик-хотиржамлик ва фаровонликнинг, мехр-оқибат муҳитининг барқарорлиги туфайли халқимиз бугунидан мамнун, эртасидан кўнгли тўқ. Одамлар эзгу орзу-интилишлар, юксак мақсадлар билан яшамоқда. Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар ҳар биримизга, Ватанимиз келажагига дахлдордир.

П.БОБОЖОНОВ,

Шовот туманидаги “Қори Эшон бобо” масжиди имом-хатиби

 

4757 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top