Мақолалар

Тадбиркорлик ва ҳалол касб – дунё ва охират саодати

Киши ҳар бир қилган нафақасига ажр олади. Саид ибн Мусаййиб (р.а) шундай деганлар: “Ҳақ йўлга сарфлаш ҳамда одамлар олдида обрўсини сақлаш яъни тиланчилик қилмаслик учун ҳалол мол жамғаришни хоҳламайдиган кишида яхшилик йўқдир”.

Юқоридаги далиллардан маълум бўладики, агар банда нима учун бойлик берилганини ёддан чиқармаса, мол-дунёни яхши кўриш аслида қораланган амал эмас. Зеро, мол-дунё инсонга Аллоҳ таолога яқин бўлиш учун ато этилади.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда шундай таълим беради: Биз мол-дунёни намозни адо этишингиз ва закотини беришингиз учун ато этганмиз. Молу дунё ҳаромдан тўпланган бўлса, ёки ўз жойига ишлатилмаса, Аллоҳга гуноҳкор бўладиган ҳолатда сарфланса, инсон молу дунё топишга батамом берилиб кетиб, бу нарса унинг қалбини ҳам эгаллаб Парвардигорини эсдан чиқарса, Ундан узоқлаштирса, ана шундай молу дунё қоралангандир. Расули Акрам (с.а.в) : Дунё мафтункор гўзал, кимки, ҳаққини адо этиб уни қўлга киритса, Аллоҳ таоло унга барака беради. Агар бирор кимса Аллоҳ ва Унинг Расулининг измидан чиқиб мол-дунё тўплашга берилиб кетса, Қиёматда унинг жойи дўзах бўлади-дедилар. Яна бошқа бир ҳадиси шарифда: Ҳар бир уммат фитнага гирифтор бўлди, умматимнинг фитнаси эса мол-дунё-дедилар. Мол-дунёдан фойдаланиш уч кўринишда ҳосил бўлади. Золим уни лаззатланиш учун олади, мўмин уни ўзига заҳира қилиб олади, муқарраб банда эса Аллоҳга яқин бўлиш учун эҳтиёжи баробарида ундан олади.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки биз ҳам иложи борича ёшларни аввало пухта билимга, қолаверса бирор касб-ҳунарга йўллашимиз мақсадга мувофиқ бўлар экан. Чунки, мустақил касб-ҳунари бор киши аввало топганига сабрли ва шукрли бўлади. Пул топишнинг осон эмаслигини билганидан кейин ноўрин жойларга сарф қилмайди. Аниқ мақсади бўлади, беҳуда ишлар билан қимматли вақтини бекорга кеткизмайди. Ва энг зарурийси, бугунги кундаги асримиз иллатларидан бўлган гиёҳвандлик, ичкиликбозлик каби йўллар учун ўз касби орқали топган ҳалол пулини сарф қилмайди. Ва яна ўзларини турли баландпарвоз номлар билан номлаган, турли кўринишдаги динни ниқоб қилиб олган оқимларга ҳам аралашмайди, ёки миссионерларнинг тузоғига ҳам илинмайди. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлик ва ҳалол касб-ҳунар билан дунё ва охират саодатини топади.

ЎМИ Матбуот хизмати

6020 марта ўқилди

Мақолалар

Top