Мақолалар

Шеърият гулшани

ЎТИНЧИ

 

Ўтинчи арқонга боғлайди ўтин,

Кўтармоқчи бўлар, кучанар бекор.

Арқонини ечиб, яна олиб тин

Ўтин йиғар, дилга у итоаткор.

 

Ўтинини боғлаб, кўтаролмас боз,

Абас уринади, ўтирар ерга.

Эси жойида-ку, дам олиб бир оз,

Яна ўтин йиғиб ботади терга.

 

У ҳамон ғўддайиб тушмайди отдан,

Нега бундай қилар? Қоласан ҳайрон.

Узоқ кузатаман орқаваротдан,

Раҳминг келар, кўнглинг бўлади вайрон.

 

– Бу бизнинг ҳаётга шама, – дер шу чоғ

Бир тақводор синчков ташларкан нигоҳ.

– Аллоҳдан қўрқмасдан юриб соппа-соғ

Гуноҳлар устига қўшамиз гуноҳ.

 

ТЎРТЛИКЛАР

Дарахт унсиз йиғлар, қомати чўккан,

Атрофга меҳрини тўккани-тўккан.

Кун тиғида лаби буришган япроқ

Ялтироқ рангларни сўрайди кўкдан.

 

*   *   *

Кўнглимдан ўтказиб мен кўнгил сўрай,

Кўнглим топиб, оппоқ фикрга ўрай.

Барча кўрган ҳар бир нарсага боқиб,

Ҳеч ким кўролмаган қиррасин кўрай.

 

*   *   *

Мўмин, йўқдир сенинг заринг ё зўринг,

Ишқ гўзаллик бўлди, муҳаббат – ҳусн.

Ўзингга эл дардин мудом эп кўргин,

Бош осмонда, қўлинг кўксингда бўлсин.

 

ОНАМНИНГ ЎГИТИ

 

Отага ўқрайиб қараб бўлмайди,

Қўй, койисин, онанг унга бош эгсин.

Қўрқмагин, бу билан онанг ўлмайди,

Сенинг учун бошим ёстиққа тегсин.

 

Ота айтганидан қолма эрта-кеч,

Болам, у аҳли дил, болам, овла дил...

Отага таъна тош отилмайди ҳеч,

Отанинг хатоси этилмас таҳлил.

 

Назарига тушгин, қутул фарз-қарздан,

Мен ожиза, уни Худо қўллайди.

Этагидан маҳкам ушлаган фарзанд

Кўрасан, кўп яхши одам бўлади.

 

 

Хоҳласанг ҳам,  хоҳламасанг ҳам

 

Меҳнат қилиб одам ҳеч ўлмас,

Ўз ишидан гоҳ кўнгли тўлмас.

Барча иш сен айтгандай бўлмас,

Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам.

 

Соф туйғулар қалбинг этмас тарк,

Илк севгига бўласан эрмак...

Умид омон қолиши керак

Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам.

 

Меҳнатли дам завқли, серҳузур,

Ҳар жабҳада ғолиб, қандинг ур.

Ўтар шошиб бўйсунмас умр,

Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам.

 

Дунёнг билан ғўдайма бекор,

Хокисор сақла номус, ор.

Дунё қўли етмас жойлар бор,

Хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам.

 

Мўмин АВАЗ

Сирдарё

8536 марта ўқилди

Мақолалар

Top