Мақолалар

Саҳобалар номи билан аталган жойлар

Диёримизда кўп жойларнинг саҳобалар номи билан аталиши рамзийдир. Аммо уларнинг барчаси тарихий ёдгорлик сифатида қадрланади.

ҲАЗРАТИ АЛИ ИБН АБУ ТОЛИБ

Мамлакатимизда “Шоҳимардон”, “Шери Худо”, “Ҳайдар”, “Муртазо” номлари билан шарафланган Ҳазрат Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳуга нисбат берилган жойлар учрайди. Шулардан биттаси Фарғона вилоятидаги Шоҳимардондадир. Яна бир шу номдаги зиёратгоҳ Навоий вилояти Нурота туманидаги Ғозғон, Жиззах вилоятидаги Туркман қишлоғида ҳам бор.

“Шоҳимардон” форсча «мардлар шоҳи» деган маънони беради. Бу ном Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг мардлиги ва шижоати шарафига берилган.

Ўлкамизда Ҳазрат Али номи билан аталган жойлар ҳақида тарихий манба йўқ. Оғзаки ҳикоятларгина учрайди. Ғозғондаги мақбара соф мармардан тикланган. 1904-1908 йиллари Бухоро амири Саид Олимхоннинг онаси Муҳаррамбону тубдан таъмирлатиб, ёнига масжид ҳам қурдирган.

Аслида Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу милодий 661 йилнинг 19 январида вафот этган. Қабри Куфа яқинида бўлган, кейинчалик Нажафга кўчирилган.

 

АБДУРРАҲМОН ИБН АВФ

Абдурраҳмон ибн Авфнинг асли исми Абдуамр бўлиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу исмни “Абдурраҳмон”га алмаштирганлар.

Самарқанд шаҳрида, Каттақўрғон туманида, Навоий вилоятининг Нурота туманидаги Катта Эж қишлоғида бу зотга нисбат берилган жойлар бор.

Аслида унинг қабри Мадинадаги «Жаннатул Бақиъ» қабристонида.

Абу Тоҳирхожанинг «Самария» китобида: «Абдурраҳмон ибн Авф деб шуҳрат қозонган шайх мозори Самарқандда, арк дарвозасига туташ жойда», ҳазрат шайх Нуриддин Басир ва ҳазрат Али Паздавий қабри яқинида экани қайд этилади. Айни ўринда муаллиф «Тарихи Мадина» китобида келтирилган «Абдурраҳмон ибн Авф мозори Мадинада» деган маълумотни ҳам эслатиб ўтади.

Абдурраҳмон ибн Авф жаннат башорати берилган ўн саҳобанинг тўққизинчисидир. Абу Бакр Сиддиқдан розияллоҳу анҳудан икки кун кейин Ислом динини қабул қилган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг севимли ва содиқ саҳобийларидан бўлган. Тарих китобларида Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг машҳур олим бўлгани, ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу унинг илмига кўп суянгани айтилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абдурраҳмон ибн Авф осмонда ҳам, ерда ҳам аминдир», деб марҳамат қилганлар.

 

БУРАЙДА ИБН ХАСИЙБ

Бурайда розияллоҳу анҳу улуғ саҳобалардан бўлиб, Аслам ибн Ақсо қабиласининг шайхидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин кишилардан эди. У зот алайҳиссалом билан бирга кўплаб муҳорабаларда қатнашган.

Мадина ва Басрада яшагани маълум. Кейинчалик ҳадис таълими устози сифатида Марвга (Туркманистон) келган.

Тасаввуфшунос олим Садриддин Салим гувоҳлик беришича, Бухорода  у зот номи билан боғлиқ қадамжо бор. Асл қабри Марвда.

Бурайда розияллоҳу анҳу ҳақида Имом Бухорийнинг «Ал-жоми ас-саҳиҳ» тўпламида, Нажмиддин Насафийнинг «Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд», Ислом энциклопедияси ва Садриддин Салим Бухорийнинг «Икки юз етмиш етти пир» китобида маълумотлар бор.

 

Суюндиқ МУСТАФОЕВ

 тайёрлади

 

6258 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Шеърият гулшани Балоси ўзига, савоби сизга »

Мақолалар

Top