Мақолалар

“Қалбим тоза бўлса бўлди”ми?

Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳи алайҳи айтади: “Нарсаларнинг энг қадрлиси иккита  эканини ҳар бир инсон билмоғи лозим:  Булар унинг вақти ва қалбидир. Агар вақтига бепарво бўлса ҳамда қалбини ҳам зое қилса,  барча манфаатларни  қўлдан бой беради”.

Инсоннинг жасади  вақтдан иборатдир. Жасаднинг энг асосий аъзоси эса қалбдир.  Умр ўтар экан инсоннинг жасадидан нимадир  кундан – кунга емирилиб бораверади. Бу жараён кимдадир аъзоларнинг  заифлашуви билан белгиланса , кимдадир бу жараён мутлоқо сезилмаслиги ҳам мумкин. Чунки  баъзилар ёшлик чоғидаёқ  ўлим билан юзма – юз келса  баъзилар, айни навқирон  кучга тўлган  ўлим ҳақида эса мутлақо ҳаёл ҳам қилмаган кутилмаган пайтда  ўлим чангалига тушади. Манашу ҳолат айни ғафлат ҳолатидир. Чунки  инсоннинг ёши ўтган сари ўлимнинг  элчиси  яқинлашиб келаётганини  ҳар хил аломатлар орқали билиб олади. Масалан:  Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бир кишига “ Сенга ҳар куни бир танга бериб тураман, эвасига сен менга ҳар куни келиб “Эй Умар! Ўлим яқин”, деб эслатиб турасан”, дебдилар.  Шу ҳолат давом этаверибди, кунлардан – бир кун ўша одам одатига кўра, “Эй Умар! Ўлим яқин”, дебди.  Ҳазрат  Умар розияллоҳу анҳу одатларига мувофиқ бир танга бериб: “бундан кейин келмай қўявер, бунга ҳожат йўқ” дебдилар. Шунда ҳалиги киши “Эй, Амирал  мўминин  бунинг боиси нима, деб сўрабди. Умар розияллоҳу анҳу эса “Сақолимга қарасам оқ оралабди, мана шунинг ўзи  менга ўлимни эсалашимга кифоя қилади”, дебдилар. Албатта бу ерда биргина мисол келтирилган, аслида эса бундай мисоллар ҳар бир ёши ўтиб бораётган  кишида  ўнлаб топилиши мумкин. Ҳа, инсоннинг умри ўтар экан, унинг жасадидан яъни вақтидан, нимадир камайиб емирилиб бораверади. Вақтлардан ташкил топган жасаднинг  асосий аъзоси қалб экан, инсон унинг ислоҳи учун  кечаю – кундуз  тинмай ҳаракат қилиши керак. Зотан, Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васаллам: “Огоҳ бўлинглар ! Албатта жасадда бир аъзо бордир, агар у солиҳ бўлса жасаднинг барчаси солиҳ бўлади, агар у фасод бўлса жасаднинг барчаси фасод бўлади.  Огоҳ бўлинглар! У қалбдир”, дедилар (Муттафақун алайҳ).

       Қалбнинг солиҳ бўлиши нима билан билинади?  Кўпчилик  ўзини солиҳ яъни тоза қалб соҳиблари деб биладилар. Аслидачи?

Қалбнинг ойнаси инсоннинг аъзоларидир. Агар инсоннинг  аъзолари Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқларига  мувофиқ ҳаракатланаётган бўлса, демак, бу қалб солиҳ қалбдир. Аксинча, унинг аъзолари Аллоҳнинг буйруқларига бўйсунмаса, қайтариқларидан қайтмаса, бу қалб фасод қалбдир, гарчанд унинг соҳиби ҳар қанча покликни, тозаликни даъво қилса ҳам.

Ўтган салафи солиҳларимизнинг  барчаларини қалблари  Аллоҳнинг муҳаббати  ила тўлиб тошган бўлсаларда,  бирорталари  ўз қалблари  поклигини  даъво қилган эмаслар. Аксинча, доимо хафв ва ражода ҳаёт кечирганлар. Жаннатий эканликлари аниқ бўлган Умар розияллоҳу анҳу кечалари билан ўзларини  айлаб гуноҳларига тавба қилиб йиғлаб чиққанлар. Ҳатто, бир марта Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи васалламнинг сирларини сақловчи бўлган Хузайфа розияллоҳу анҳудан “тўғрисини айт, менинг исмим мунофиқларнинг рўйхатида йўқми?” деганлар. Албатта, ундан “йўқ” деган жавобни олганларидан кейин ҳам бепарволикка, хотиржамликка берилмаганлар. Бизларчи? Нима учун жуда ҳам хотиржаммиз?  Балки юриш туриши бир аҳвол бўлган ҳолда “қалбим тоза бўлса бўлди”  деб даъво қилаётганлар бир ўйлаб кўрарлар. Вақт, умр борида астойдил тавба қилиб ҳақиқий  ҳидоят  йўлига ўтиб, аввало,  қалбларини  барча иллатлардан поклаб,  сўнгра ана шу пок қалб амрига мувофиқ  тоат ибодатларда бардавом бўлсалар, ажаб эмас. Зотан  амали солиҳлар, солиҳ қалб соҳибларидангина  юзага чиқур.

Демак,  ким вақтни қадрлайман, умримни ғанимат биламан деса, албатта, қалбини ислоҳ  қилсин. Акс ҳолда вақтни, умрни ғанимат билиб ҳар қанча ҳаракат қилганда ҳам, охиратда мутлақо ноумид бўлиб қолади.  Зотан, қалбда имон ва ихлос  бўлмаса, қилинган  амаллардан фойда бўлмайди.

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими ходими.

5528 марта ўқилди

Мақолалар

Top