Мақолалар

Умр сарҳисоби

Кунларнинг бирида Абу Жаҳл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: “Эй Муҳаммад! Сен дунёдаги энг хунук одамсан” деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тўғри айтдингиз”, дедилар. Мусулмончиликни қарангки, ул зот Абу Жаҳлнинг кўнгли оғримасин деб табассум билан чиройли жавоб қилдилар. Кунлар ўтиб ёнларига Абу Бакр разияллоҳу анҳу келиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ойга қарадим, бир сизнинг муборак юзингизга қарадим, сизнинг юзингиз ойдан-да чиройли экан” дедилар. Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига ҳам: “Тўғри айтдингиз” дедилар. Қарангки, Абу Жаҳлни хунук деган гапларини маъқуллаган зот ҳазрат Абу Бакрнинг гапини ҳам хушмуомалалик ва табассум ила тасдиқладилар. Олимлардан бунинг маъноси сўралганда: “Ул зот ойина эдилар, ким ул зоти бобаракотга қараса ўзини кўрар эди” дейдилар.

Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барчамиз учун ойина эдилар, қайси биримиз у кишининг ҳаётига қарасак, ҳаётимиз учун энг зарур ва керакли нарсаларнинг барчаси топилади.

Венадаги дорулфунуннинг ҳуқуқшунослик факултети декани, профессор Шибрил 1927 йилда бўлиб ўтган ҳуқуқ анжуманида қуйидагиларни айтган: “Башарият Муҳаммад алайҳиссаломдек кишининг ўзига мансублигидан фахрланади. У киши, ўқиш-ёзишни ўрганмаганига қарамай, бундан ўн уч аср аввал биз европаликлар икки минг йилдан кейин эришсак ҳам бахтли бўладиган қонунларни келтирган”. 

Дарҳақиқат, бизнинг фахримиз бўлган зотнинг гўзал сўзларию гўзал хулқларидан ўзимизнинг ҳаёт дастурхонимизни безатишга барча нозу неъматлар топилади. У зот келтирган шариатдан нафақат биз мусулмонлар, балки бутун инсониятнинг ҳаётига фойдали нарсалар топилади. Инглиз тарихчиси Вилз ўзининг “инсоният тарихи ифодалари” китобида: “Европа ўзининг идоравий ва тижорий қонунлари бўйича Исломдан қарздордир”, дейди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга келтирган шариат, ҳамма вақт инсониятнинг фойдаси учун хизмат қилган ва қилиб келмоқда. Бу шариат инсоннинг ҳар бир ҳаёт лаҳзасини ҳисоб-китоб қилишга чақиради. Бу ўтиб кетаётган умрда нималар қилганимизни ва қилаётганимизни англамоққа чақиради.  Исломнинг тўртинчи халифаси, жаннат башорати берилган зот, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқин дўсти ва қайнотаси бўлган ҳазрат  Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳисоб-китоб қилинишингиздан олдин ўзингизни ҳисоб-китоб қилинг, амалларингиз ўлчанишидан олдин ўлчаб кўринг” деганларУлар жаннат башоратини олган бўлсалар ҳам, доимо амалларининг ҳисоб-китобини қилишган.

Бизнинг улуғ зотларимиз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини ғанимат билган, ҳар бир дақиқада қалбларини Аллоҳга боғлаб юрганидан, бизлардан ана шундай улуғ зотлар чиққан. Улар ўзларидан бирор манфаат қолдириш мақсадида ҳаракат қилган. У зотлар доимо бир-бирларига ёрдамчи бўлган.

Аллоҳ таоло: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир” (Моида сураси, 2-оят), деб амр қилган.

Улуғларимиз ҳар бир кўрган нарсаларидан ўзлари учун ибрат олишган, ҳеч бир нарсага қўл силтаб кетмаган. Улар бугунларини охиргиси деб ҳаракат қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришни кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қила олмайдиган ишларингни қилиб ол, тириклигингда вафотингдан кейин асқатадиган амалларни қилиб ол” деб айтиб юрар эдилар. (Имом Бухорий ривояти)

Бизнинг ота-боболаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳаётларига татбиқ қилиб юришган. Шунинг учун ҳам уларни дунё танийди. Чунки улар ҳаётларининг ҳар бир лаҳзасини китоб мутолаасига бағишлаганлар. Агар биз ҳам китобга қарасак, ўзимизнинг ҳаётимизни гўзал амаллар билан бой этамиз.

Бир шоир: “Америкага борганимда беҳад китоб, беҳад кино. Бунча китобни ким ўқийди-ю бунча кинони ким кўради? деб сўрадим. Улар айтишдики, “Юқори табақага мансуб, бой-бадавлат кишилар китоб ўқийди. Чунки уларга ақл керак. Вақтини нимага сарфлашни билмайдиганлар кино кўради”, дейди.

Бизнинг юрт алломаларининг, шиорлари битта бўлган: “Дил баёру, даст ба кор” мана шу шиор билан дунё бизнинг алломаларимизни танийди. Агар биз китобни дўст тутсак, қалбларимизни Аллоҳнинг зикрига машғул қилсак ва ўтатётган умримизни ғанимат билсак, биздан кейинги тарих бизни гўзаллик билан эслайди.

 Дилшод АЛИЕВ,

                                                           Боло Ҳавз масжиди муаззини

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

http://www.naqshband.uz/makolalar/umr-sarhisobi

4144 марта ўқилди

Мақолалар

Top