Мақолалар

Тошкент вилояти республикамизнинг табиатан энг сўлим, шунинг билан бирга, катта салоҳиятга эга ҳудудларидан саналади. Бу вилоятнинг ҳар бир қарич еридан унумли фойдаланаётган деҳқон-фермерлар, ишлаб чиқариш корхоналарининг ҳар бирининг мамлакатимиз равнақига қўшаётган ҳиссаси беқиёс. Ана шундай ишларнинг самарадорлигини янада ошириш, аҳолининг иш билан бандлик даражасини бундан-да юксалтириш, ёш авлоднинг янада қулай шароитларда таълим-тарбия олишини таъминлаш, виолят аҳолисининг саломатлигини сақлаш, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш ва бошқа долзарб масалалар ҳар доим давлатимиз эътиборида бўлиб келмоқда. 

Ушбу ишларнинг давоми ўлароқ кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб, Зангиота туманидаги “Highway Logistics” марказига ташриф буюрган юртбошимиз бу ерда олиб борилаётган ишлар билан батафсил танишиб, зарурий тавсиялар берди ва ана шундай логистика марказларини республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этиш тўғрисида кўрсатмалар берди.

Бинобарин, бундай марказларнинг вилоятларда ҳам очилиши етиштирилган маҳсулотларни тайёр ҳолда ортиқча югур-югурларсиз, божхона ҳужжатларини ҳам шу ернинг ўзида тўлдириб экспорт қилишга шароит яратади. Мамлакатимизга валюта тушуми ошади, янги иш ўринлари очилиб, аҳоли, хусусан, ёшларнинг иш билан бандлик даражаси юксалади.

Шундан сўнг президентимиз Занги ота мажмуасини зиёрат  қилди, бу табаррук жойда ётган мўътабар зотларнинг руҳи-покларига бағишлаб Қуръони карим оятлари тиловат қилинди.

Аҳолининг саломатлиги давлат аҳамиятига молик ижтимоий-сиёсий масала ҳисобланади. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларининг бирида Аллоҳ таолонинг ҳузурида заиф ва ночор мусулмондан қувватли ва соғлом мусулмоннинг афзал эканини айтганлар. Бунинг ҳикмати шундаки,  соғлом одам жамият ва давлатга фойда келтиришга қодир бўлади. Ушбу ҳадиси шарифга мувофиқ давлатимиз раҳбари Янгийўл туман  тиббиёт бирлашмаси фаолияти билан танишди. Беморлар аҳволи, турмуш шароити билан қизиқди, улар билан самимий мулоқот қилди. Зеро, динимиз аҳкомларида беморларни зиёрат қилишга борган кишининг ҳар бир ташлаган қадамига минглаб савоблар ёзилиши хабари берилган.

Давлатимиз раҳбари шифохонанинг кардиология бўлимида даволанаётган Зулайҳо Алиева билан суҳбатлашди, унинг турмуш шароити, оиласидаги аҳвол билан қизиқди. Шу куннинг ўзида Президентимиз топшириғига биноан З.Алиева пойтахтимиздаги Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига даволанишга юборилди. Шунингдек, ушбу оилага уч хонали янги уй ажратиладиган бўлди.

Бу хабарни тўлқинланмасдан эшитиб бўларканми, кечагина уй-жойдан қийналаётган ва бу муаммонинг қачон ҳал бўлишини тасаввурига ҳам сиғдира олмай, бир дарди ўн бўлиб, боз устига, дарддан азоб чекиб ётган муниса аёлнинг дуолари Раббимизга етиб бориб, уни шахсан зиёрат қилиб, соғлигини тиклашга амалий ёрдам кўрсатишни, бошпана билан таъминлашни президентимизнинг кўнглига солиб қўйибди. 

– Тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад одамларни рози қилиш, саломатлигини янада мустаҳкамлашдир, – деди Президентимиз. – Жойлардаги аҳвол билан танишаётганимиз, тиббиёт муассасаларидаги шароитларни ўрганаётганимиз келгуси ишларимизни тўғри йўлга солишда яхши самара беради деди ва туман тиббиёт бирлашмасининг 10 гектар ҳудудининг 5 гектарда 20 дан ортиқ йўналишда хусусий, қолган қисмида давлат тиббиёт муассасалари ташкил этиш, уларни энг замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берди.

Президентимиз ота-оналар ва ёшларнинг хоҳиш-истаклари асосида ўн бир йиллик таълим тизимига ўтилгани туфайли коллежларнинг бўшаётган биноларидан  самарали фойдаланиш, уларни манфаат етказадиган биноларга айлантириш, имкон қадар турли маърифий тўгараклар очиб зиё тарқатадиган масканлар этиш юзасидан ҳам тавсиялар берди.

Ушбу сафарни кузатиб, давлат раҳбарининг ўтган азизларни зиёрат қилаётгани, оддий инсонлар билан дилдан суҳбатлашаётгани, беморлар ҳолидан хабар олаётгани, участка профилактика инспектори уйига меҳмонга борганини кўриб ич-ичидан қувонади. Миллатимизни, Ўзбекистон халқини ана шундай халқпарвар йўлбошчи билан сийлаган меҳрибон Парвардигоримизга ҳамду санолар айтиБ шукрлар қилади.

ЎМИ матбуот хизмати

4045 марта ўқилди

Мақолалар

Top