Мақолалар

Спиртли ичимликлар саратон касаллигини чақиради

Алкоголнинг потенциал зарарини ўрганиш бўйича тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, спиртли ичимликлар ДНКга жиддий зарар етказиши, инсон танасида ҳужайраларни заифлаштириши ҳамда саратон касаллиги, хусусан, кўкрак саратони хавфини сезиларли даражада ошириб юборишини аниқладилар.

Буюк Британиядаги Саратон тадқиқотлари маркази тадқиқотчилари спиртли ичимликларни истеъмол қилиш етти турдаги саратон касаллигига чалиниш хавфини келтириб чиқаради, деган хулосага келдилар, дея хабар беради «Daily Mail» нашри.

Тадқиқотлар натижасида кўкрак бези, йўғон ичак, оғиз, қовуқ, жигар ва бошқа саратон касалликларига чалинганларнинг аксари доимий спиртли ичимлик истеъмол қилувчилар экани аён бўлди.

Тадқиқотда айтилишича, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш танадаги асосий ҳужайраларни заифлаштиради, у ҳужайралар янги ҳужайралар ишлаб чиқаради, бу эса танадаги саратон ўсмаларининг тарқалиши имкониятини оширади.

Олимлар дунёдаги саратон касаллиги сабабли юз берадиган ўлимнинг тахминан 6 фоизи спиртли ичимликлар истеъмол қилиш билан боғлиқлигини таъкидлаганлар. Биргина Англияда йилига 12 минг одам саратонга чалинса, уларнинг 800 нафари спиртли ичимликлар оқибатида келиб чиқар экан.

«Спиртли ичимликларни оз миқдорда қабул қилиш ҳам аёлларда кўкрак бези саратони хавфини оширади», деб ёзади «Daily Mail» газетаси.

«Баъзи саратон хужайралари инсон танасида ДНКнинг зарарланишидан келиб чиқиб ривожланмоқда ва бизнинг тадқиқотимиз спиртли ичимликларни ичиш, инсон танасида ДНК ва ҳужайраларнинг зарарланишига олиб келди», дейди тадқиқот гуруҳи раҳбари Катан Пател.

 

Манба: Ал-Арабийя сайти, Тиб ва соғлиқ бўлими.

ИИТМ кичик илмий ходими Абдушукур МУРОДОВ

 тайёрлади.

218 марта ўқилди

Мақолалар

Top