Мақолалар

Қиш – мўминнинг баҳори туркумидан (9-мақола):  Таҳажжуд – кимга фарз, кимга суннат, кимга нафл?

Ғанимат тунлардан фойдаланиб қолайлик деган эзгу ниятли ва самимий ихлосли юртдошларимиз кечалар туриб ибодатлар қилаётир. Ана шундай имонли ва ғайратли кишиларимиз таҳажжуд намозини ўқияпти-ю, аммо унинг фарзми, суннатми, нафлми эканини била олмаяптилар. Қуйида ушбу масалага аниқлиқ киритмоққа ҳаракат қилинди.

Аллоҳ таоло Музаммил сурасининг 2-оятида “Тунда бедор бўлиб намозга туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!)”, дея Пайғамбар алайҳиссаломга кечанинг катта қисмини ибодатда ўтказишни амр этган. 3-, 4- оятларда ибодат вақтининг миқдори кечанинг ярми ёки ярмидан озроғини тайин этган. 20-оятда эса Пайғамбар алайҳиссалом ва у зотнинг саҳобаларининг кечанинг учдан иккисидан озроғида, баъзида ярмида ва гоҳида учдан бирида туриб намоз ўқишларини билишини хабар қилган.

Кўплаб тафсирларда тунда туриб намоз ўқишнинг ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломга фарз бўлгани, беш вақт намозни адо қилганидан сўнг бу вазифанинг бажаргани айтилган.

"Таҳажжуд" деб аталган бу “тунги намоз”нинг  масъулияти Пайғамбар алайҳиссаломга махсус бўлиб умматнинг ҳам кечалари бу намозни нафл ўлароқ адо этиши суннат сифатида қабул этилгандир” (Ибн Ашур. Мавзуга оид оят тафсири)

Таҳажжуднинг умматга нафл бўлганини тасдиқловчи кўплаб олимлар билан бирга Расули акром соллаллоҳу алайҳи васалламга фарз бўлган деб ҳисоблаш баробарида нафл бўлган деб айтувчи олимлар ҳам бор.

Ҳазрати Ойша онамиз ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда таҳажжуд намози Музаммал сурасининг илк оятларида фарз қилингани, бироқ Пайғамбар алайҳиссаломга эргашиб кечалари оёқлари шишгунча намоз қила бошлаган мусулмонларга бу намоз оғирлик қила бошлагач, ушбу суранинг бир йилга яқин вақтдан кейин нозил бўлган сўнгги оятида бу ҳукм енгиллаштирилгани ва таҳажжуднинг нафл ибодат экани маълум қилингани  айтилган (Имом Муслим,  Имом Абу Довуд ривояти)

Ҳанафийларнинг катта қисми, Имом Шофиъий ва шофиъий олимларнинг кўпчилиги ҳамда ҳанбалийлар ушбу ривоятга асосланиб таҳажжуд дастлабки кезларда Пайғамбар алайҳиссаломга фарз бўлган, кейинчалик эса нафл бўлган деб иттифоқ қилишган.

Ушбу фикрни ҳимоя қилувчиларнинг баъзилари таҳажжуд беш вақт намоз фарз бўлганга қадар Пайғамбар алайҳиссаломга ва умматларига фарз бўлган. Беш вақт намоз фарз бўлгандан сўнг нафл ибодатга айланган дейдилар.

Беш вақт намознинг фарз бўлгани ва Музаммал сурасининг илк оятларини янада енгиллаштирган Исро сурасининг 79-оятида таҳажжуд учун қўлланилган нафила калимаси ҳам унинг “фарз бўлмаган намоз” эканини англатади.

Бироқ бу фикр эгалари мўминларнинг нафл ибодатлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ибодатларидан фарқли эканини айтадилар. Чунки мусулмонлар учун нафилалар гуноҳларга кафорат ёки фарз намозларидаги камчиликларни тўлдириш учун қилинади. Аллоҳ таоло мағфират этганининг хабари берилган (Feth, 48/2) Пайғамбар алайҳиссаломнинг нафллари намозларининг хатоларини ва камчиликларини тўлдириш учун эмас, фарзлардан ташқари ўқилган намозлар савобни орттирмоқ ва янада юксалтирмоқ учун  қилинган.

Тобеин олимлардан Мужоҳид ибн Жобир ва Қафада ушбу ёндашувни ёқлаб, жамики гуноҳлари мағфират этилгани хабари келган оятларга қарамасдан Пайғамбар алайҳиссаломнинг тавба ва истиғфорда бўлганини айтиб, бу намоз у зотга фарз бўлган деган фикрни илгари сурган Табарийни танқид қилган (Жамъ ул-баён,  XV, 143)

Ушбу фикрга қарши гап айтувчи баъзи ҳанафий фақиҳлари, моликийларнинг кўпчилиги, шофиъий мазҳабига мансуб айрим фақиҳлар эса таҳажжуд Расули акромга фарзлигича қолган дейдилар.  

Табарий ҳам Ибн Аббосга нисбат берилган ана шу фикрга қўшилган (Жомеъул баён, XV, 142-143; Ибн Аббоснинг фикри ҳақида қаралсин: Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Байҳақий, VII, 39)

Ана шу фикрни қўллаб-қувватловчилар Исро сурасининг қуйидаги оятини далил қиладилар: “Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжудни (нафл намозини) ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса (79-оят).

Ушбу оятнинг нафила калимаси бу намознинг мусулмонларга фарз қилинган намозларга илова эканини, ҳазрати Пайғамбаримизга эса фарз қилинганига ишорат этмоқда, дейди улар.

Уларнинг яна бир далили – ҳазрати Ойшадан ривоят этилган “Сизга нафл бўлган уч нарса менга фарздир: витр, мисвок ва тунги намоз” ҳадисида Расулуллоҳнинг шахсан ўзлари айтган “фарз” калимасидир (қаралсин: Табароний, III, 315; Байҳақий, VII, 39)

Бу фикр соҳибларига кўра, таҳажжуднинг фарз қилиниши Пайғамбар алайҳиссаломга хос бўлган ҳукмлардандир (хосиасун-Набий).

Таҳажжуднинг Расули акром алайҳиссаломга фарз ёки нафл этилгани ҳақида Ибнул-Ҳумом бундай хулосага келган:

Бу намознинг ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломга фарз қилиниши умматига мандуб (суннати муаккада), унинг учун нафила саналиши умматига суннат (мустаҳаб) бўлгани тушунчасини ифода этади (Фатҳул-қодир, I, 391).

Бошқа тарафдан, Ҳасан Басрий ва Ибн Сийрин каби тобеин олимларга кўра,  умматлик жиҳатидан ҳам таҳажжуд намози фарздир ва озгина бўлса-да ўқилмоғи даркор; фақат бу гуруҳ олимлари орасида витр намози ўқилиши билан бу амр бажарилади дегувчилар ҳам бор (Ибн Жузий, IV, 300)

ЎМИ матбуот хизмати



 

6552 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top