Мақолалар

Ҳаж сафарига бориш учун суҳбатдан ўтган юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда

Нажибахон ая Абдуллаева (Марғилон): 

– Жонажон Ўзбекистонимизда бўлгани каби марғилонликлар ҳам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта умид билан кутиб олди. Бу тарихий ҳужжат кўҳна ҳунармандлар шаҳрининг ҳар бир оиласи, хонадони, маҳалласида чуқур ўрганилмоқда. 

Мен қирқ йилдан зиёд таълим соҳасида меҳнат қилдим. 4 нафар фарзандни тарбиялаб вояга етказдим. Набираларим эл корига яраб қолди. Бахтли фаровон ҳаёт кечиряпман. Ягона орзуим мусулмончиликни муҳим амалларидан бири – Ҳаж сафарини адо этиш эди. Аллоҳга шукрким, Муҳтарам Президентимизнинг ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонлар бориши лозимлиги тўғрисидаги фикрларидан кейин менинг қалбимда ҳам бир учқун пайдо бўлди. Маҳалламизда бўлиб ўтган йиғинда менинг номзодим ҳам тавсия қилинди. Юртимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштироким, маҳалладаги тадбирларда доимий қатнашиб келганлигим эътиборга олиниб, ҳаж зиёратига боришим айтилганида кўзларимга ёш келди. 

Менга ушбу эзгу амални бажариш жараёнида маҳалламизда истиқомат қилаётган диний экстремистик оқимига кириб қолган ожиза аёлнинг бириктириб берилгани зиммамдаги масъулиятни икки карра оширди. Эндиликда мен ушбу фуқаронинг юртимиз ижтимоий ҳаётига қайтиши, Ватанга дахлдорлик ҳиссини оширишга бўлган ишончини уйғотишга, уни чинакам ватанпарвар бўлиб тарбияланишига ўз ҳиссамни қўшаман. 

Билдирилган юксак ишонч учун авваламбор, муҳтарам Президентимизга, маҳалламиз аҳлига миннатдорлик билдираман. Аллоҳ таоло барчани ниятларига етказсин. 

Маъмиржон Холматов (Фарғона шаҳри): 

– Мен 40 йилдан ортиқ халқ хизматида бўлдим. Ҳозирда нафақадаман. Бирдан бир орзуим муқаддас ҳаж сафарига бориш эди. Шу мақсадда 2008 йил ариза билан мурожаат қилиб, рўйхатга қўйилган эдим. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташрифи жараёнида ҳаж зиёратига бориш тартибига ўзгартириш киритиш лозимлиги, бундан кейин фуқаролардан халққа фойдаси теккан, диний илмлардан хабари бор, маънавиятли энг муносиб одамлар бориши кераклиги тўғрисидаги фикрларидан нафақат мени балки, бутун маҳалладошларимизнинг боши кўкка етди. 

Шу кундан инсонларга яхшилик қилиш, муҳтожларга ғамхўрлик қилиш ҳисси мени тарк этгани йўқ. Шу ниятда маҳалламиздаги кам таъминланган оилани оталиққа олдим. Шу билан бирга тўғри йўлдан адашиб, диний экстремистик оқимлар таъсирига тушган маҳалладошимни тўғри йўлга солиш, ватанпарварлик туйғуларини сингдириш ва энг муҳими бундай йўлга қайтиб кирмаслиги учун тарбиявий ишларни олиб боришни ўзимнинг давлатим олдидаги фуқаролик бурчи сифатида қабул қилдим. 

Отам диний илмга эга инсон эди. Лекин ота-онамга ҳаж зиёратига бориш насиб этмади. Бу ниятга етишиш остонасида турибман. Маҳалла фаоллари, ишчи гуруҳ йиғилиш ўтказиб, менинг номзодимни тавсия этишганида ичимга сиғмай кетдим. Ватан олдидаги узоқ йиллик меҳнатим роҳати шу бўлса, ажаб эмас. Бундай юксак ишонч учун аввало давлатимиз раҳбаридан, маҳалладошларимдан миннатдорман. 

Бўритош ая Бекмуродова (Хатирчи тумани): 

– Мен бир оддий аёл сифатида умримни фарзандларим тарбияси, оилам фаровонлиги учун бахш этган инсонман. Аллоҳга шукрлар бўлсинким, оилам тинч, фарзандларим эл хизматида. Ҳар бир мўмин мусулмон сингари мен ҳам ҳаж сафарига боришни ният қилган эдим. Лекин бу кунларга Яратган етказармикан, деган ҳадик бор эди кўнглимда. 

Худога шукр, Президентимиз томонидан ҳаж зиёратига борувчилар учун кўплаб қулайликлар ва имкониятлар яратиб берилмоқда. Муҳтарам Президентимиз 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасига ташрифи чоғида “Ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонлар борсин. Маҳаллада ибрат бўладиган, ёшларга насиҳат қиладиган, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган нуронийлар манашундай табаррук жойларга борса қандай яхши”, деди. Ўз ўрнида биз ҳам ҳажга борадиган инсон сифатида шу сафарга муносиб бўлишимиз, маҳалламизда фаол, халқ дарди билан яшайдиган инсонлардан бўлишимиз лозим. 

Тилло ота Мустафоев (Ургут тумани): 

– 1928 йилда туғилганман. Терак маҳалласида яшайман. Ёшим қарийб бир асрга етиб шунга амин бўлдимки, бизнинг ҳозиргидай замон ҳеч қачон бўлмаган. Бошимиздан қанчадан-қанча синовли кунлар ўтди. Худога шукрки, бугун мана шундай фаровон, тўкин-сочин кунларга етдик. Бунинг учун аввало Аллоҳ таолога шукроналар айтишимиз керак. 

Мен Мухтарам Президентимизнинг Ҳастимомда айтган сўзларини эшитдим. У киши маҳаллага ибрат бўладиган, ёшларга насиҳат қилиб турадиган, адашган инсонларни кечириб, уларга тўғри йўлни кўрсатадиган инсонлар ҳажга боришга муносиб деб айтди. Дарҳақиқат, халқимиз азал-азалдан бир-бирига қайишган, яхши ёмон кунларида бир-бирига камарбаста бўлиб келган. Шунинг учун ҳам юртимизда барака бор. 

Бугун набираларим, уларнинг фарзандлари бўйи бастларига қараб қувонаман. Негаки улар бахтли замонда яшаяпти. Мен уларга ҳамиша насиҳат қилиб келаман. Шундай замоннинг кадрига етинглар деб. Худо етказса, зиёратда ҳам, токи умрим борича дуода бўламан. 

Ҳабиба Мансурова (Иштихон тумани): 

– Ҳар кун эрта тонгда туриб дуога қўл очаман, юртимиздаги тинчлик ва фаровонликка, баҳамжиҳатлик ва меҳру оқибатга асло кўз тегмасин, дейман. Чунки дастурхонларимизнинг тўкинлиги, эртанги кунимиздан кўнглимизнинг тўқлиги – барча-барчаси тинчлигимиз туфайли эканлигини яхши биламан. Юртдошларимиз муборак ислом динининг фарзларидан бири саналган ҳаж амалини муносиб адо этишларига бугун давлат аҳамиятидаги масала сифатида эътибор берилаётганлиги, улар учун барча шароитларнинг яратиб берилаётганлигининг ўзи ҳам мамлакатимизда инсоннинг қадри нақадар улуғ эканидан далолат беради. 

Ҳар йили юзлаб юртдошларимиз муборак ҳаж сафарида бўлишмоқда. Муқаддас ҳаж сафари давомида уларга яратиб берилаётган қулайлик ва ғамхўрликлардан бохабармиз. 

Ана шуларни кузатиб менинг дилимда ҳам муборак ҳаж фарзини адо этиш умиди уйғонди. Оилам тинч, фарзандларим ёнимда мени қўллаб-қувватлашга қодир. Ниятим Оллоҳ берган ризқ-насибамнинг барокати, фарзандларимнинг камолини тилаб, муқаддас шаҳарлар бўлмиш Макка, Мадинага бориш, зиммамдаги фарзни тўла адо этиш, тинчлигимиз, фаровонлигимиз учун шукроналар айтишдир. Мен билан суҳбат ўтказишганда кўнглимдаги ана шу ниятларимни айтдим. 

Ана шу эзгу ниятим амалга ошса, ҳожи она сифатида умримнинг охирига қадар янада ибратли умр кечиришни истайман. 

Маъсуда ая Исломова (Самарқанд шаҳри): 

– Жорий йилда Ҳаж сафарига боришни ният қилдим. Президентимизинг Ҳастимом мажмуасида илгари сурган ташаббуслари, яъни “Ҳажга ҳар томонлама муносиб инсонлар борсин. Маҳаллада ибрат бўладиган, ёшларга насиҳат қиладиган, адашган инсонларни тўғри йўлга бошлайдиган нуронийлар мана шундай табаррук жойларга борса қандай яхши”, деган фикрлари очиғи эзгу мақсадимни амалга ошириш илинжида куч-ғайрат бағишлади. 

Маҳалламизнинг икки уч нафар фаолларини олиб, эр-хотиннинг қайсарлиги туфайли яқиндагина норасида фарзанди билан ажрашган ёш оилани яраштириш, бир ишнинг бошини тутмай, спиртли ичимликка муккасидан кетган, оиласининг иссиқ-совуғидан хабар олмай қўйган қўшнимни тўғри йўлга бошлашга ҳаракат қилдим. 

Буни қаранг, бежизга лоқайдлик ва бефарқлик энг катта иллат дейилмас экан. Ажрашган оилаларнинг катталарини бир жойга чақириб, бироз изза қилдик. Фарзанд ва набираларининг эртанги тақдири нечоғлик аянчли кечишини мисол келтирдик. Илоҳим, тузалиш йўлига кириб, яхши бўлиб кетсин. Буни биз доимо назорат қилиб борамиз. 

Манба: http://uza.uz

 
1606 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top