Мақолалар

Бугунги кунда ер юзида умумий сони бир неча юзтадан иборат бўлган миллатлардан тортиб умумий миқдори бир неча юз миллионни ташкил этадиган 1600 дан ортиқ этник гуруҳлар яшайди.

«Дунёнинг ҳақиқий бойлиги, – деб таъкидлаган эди Ислом Каримов, қадриятларни ўзаро айирбошлаш, бир-бирини бойитиш имконияти ана шу хилма-хилликдадир. Аммо ҳозирги замоннинг ҳал қилиш мушкул бўлган муаммоларидан бири айнан шу масалага бориб тақалади. Жаҳонда яшаётган этносларнинг кўпчилиги ўз миллий давлатчилигига эга эмас. Дунё сиёсий харитасида атиги икки юзга яқин давлат борлиги ҳам бунинг далилидир".

Этник гуруҳларнинг давлат тузилмалари сонидан кўплиги аксарият мамлакатларга кўп миллатлилик хослигини кўрсатади Бу миллатлараро муносабатлар масалаларига алоҳида эътибор беришни талаб қилмоқда. Зеро, этник мансублик инсон ҳаётининг доимий йўлдоши, унинг ўзлигини англашга хизмат қилувчи ва кучли таъсир қувватига эга омиллардан бири ҳисобланади

Кўп миллатли Республикамиз учун бу ниҳоятда муҳим. Чунки, тенглик ва ўзаро ҳамкорлик ҳаётий-амалий сифат касб этган тақдирдагина фуқароларда, миллий мансублигидан катъи назар, Ватан тақдирига дахлдорлик, унинг бугуни ва эртаси порлоқ бўлиши йўлида ҳамжиҳат ҳаракат қилиш туйғуси камол топади. Бугун мамлакатимизда ана шундай сифатий ҳолат юзага келган экан, бу энг аввало, кишиларимиз онгу шуурида миллатлараро тотувлик ғояси устувор ва мустаҳкам мавқега эгалигининг натижасидир.

Миллатлараро тотувлик ғояси "Бир жамиятда яшаб, ягона мақсад йўлида меҳнат килаётган турли миллат ва элатларга мансуб кишилар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ҳамжиҳатликнинг маънавий асосидир.Бу ғоя - ҳар бир миллат вакилининг истеъдоди ва салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш учун шароит яратади ва уни Ватан равнақи, юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги каби эзгу мақсадлар сари сафарбар этади".

Шу нуқтаи назардан қараганда, миллатлараро тотувлик масаласи бир ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимидан иккинчисига ўтиш жараёнида айниқса муҳим аҳамият касб этади. Зеро, бундай пайтда сиёсатда тенглик ва адолат ғоясининг устуворлиги ҳамда амалда ўз ифодасини топиши, кўзланган мақсадларга эришишга замин яратади, белгиланган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий мўлжаллар барча учун қадриятга айланади. Буни бозор муносабатларига асосланган, шахс салоҳияти, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш учун барча имкониятларни яратадиган фуқаролик жамияти қураётган Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларга ана шундай ёндашилгани мисолида яққол кўриш мумкин. Натижада мустақиллик арафасида атайлаб юзага келтирилган этник кескинликлар бартараф қилиниб, ижтимоий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка мустаҳкам асос яратилди

Миллатлараро ҳамкорлик қарор топгани учун ҳам республикамиз жамият ҳаётининг барча соҳаларини қамраб олган кенг қамровли ислоҳотлар ўтказиш йўлидан дадил одимлаб бормоқда.

Республикамизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.  Республикамизда ислом билан бир қаторда 16 диний конфессия эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда.

Қуръони каримдаги Мумтаҳана сурасининг 8-оятида Аллоҳ таоло шундай дейди:“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”. Чиндан ҳам, динимиз таълимотига кўра, бағрикенг бўлиш имон белгисидир.

Абдулла Авлоний бағрикенглик бўлмаса, қандай оқибатлар келиб чиқиши ҳақида гапирар экан, жумладан шундай дейди: “Қайси бир миллатнинг орасида бирлик кўтарилуб, нифоқ ва адоват ҳукм сурган бўлса ул қавмнинг инқироз дунёсига юзланганлиги тарих саҳифаларидан маълумдир”.

Демак, юқоридагилардан маълум бўладики, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлиши, тотувлик ва ҳамжиҳатлик қарор топиши учун инсонлар ўзаро меҳр-оқибатли бўлиши, катталарни ҳурмат, кичикларни иззат қилиш, қариндошчилик ва қўшничилик ҳақларига риоя этиш, ўзга дин вакилларига бағрикенг бўлиш каби инсоний фазилатларда намоён бўлади.

Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.

 

Шерзод ЖУМАНАЗАРОВ

Имом Фахриддин ар-Розий мадрасаси талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

1585 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top