Мақолалар

«Эти сизга, суяги бизга»

«Устоз отангдек улуғ» (халқ мақоли)

«Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларни, хусусан, илм берилганларнинг даражасини кўтарур» (Мужодала сураси, 11-оят) ояти каримаси билан илмлиларнинг даражасини кўтарган Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ Ҳақ субҳанаҳу ва таолога беҳисоб ҳамду санолар, «Жаннат боғлари (илм мажлислари) ёнидан ўтсангиз, сайил қилинг (қатнашинг)...» ( Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривояти) деб илм олишга буюрган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб саловату саломларимиз бўлсин!

Аллоҳга ҳамдларимиз бўлсинки, биз илмий-маърифий давлатда яшаймиз, барчамизга бирдек илм олишга шарт-шароит яратилган. Боғча ёшидан бошлаб турли таълим-тарбия марказларига Ватанимиз аҳолиси тинчлик-омонликда бориб, илм олиб келмоқдалар. Таълим марказларида эса ўз касбига содиқ, фидоий устозлар эртаю кеч хизмат қилиб дарс бермоқдалар. Ҳатто турли сабабларга кўра кундузи дарсга келолмайдиган инсонлар учун таълим марказларида кечги гуруҳлар ташкил этилиб, ҳатто уларга ҳам барча шароитлар яратилган ва булар барчаси яхлит тизим сифатида гўзал фаолият юритиб келмоқда. Бироқ мақоламиз бу ҳақида эмас, биз бошқа бир масалани ёритмоқчимиз.

Азалдан илм-маърифат билан дунёни тебратган бизнинг юрт уламолари илм-маърифатда етук бўлганлар ва ҳеч ким етишолмаган чўққилларни забт этганлар. Бундан ҳосил бўлган халқ мақолларидан бири «Эти сизга, суяги бизга»дир. Афсуски, шу ҳикмат кундан-кун унутилиб бораётгандек... Аксини олиб ўқувчилар устозлари устидан шикоят қилган, ҳатто керакли ташкилотларга ёзган, ўқувчининг ота-онаси келиб устоз билан жанжаллашган...

Ёши катталардан бири сўзлаб беради: «Бизни оталаримиз олдин болани хоҳ ҳунарга бўлсин, хоҳ илмга бўлсин, устозга бермоқчи бўлсалар, жилла қурса, кичкина совға олиб ёки бир товоқ ош дамлаб, боласини еталаб, устозга олиб борар эди. Ҳозир ундай урф йўқолиб кетди, оталар болаларини устозга, ҳунарга шундоқ олиб келиб, бериб кетади, устозга ҳурмат йўқолиб кетди...».

Яна бир куни сафардан қайтаётган эдим, ёнимда ҳамсафарлар билан гапдан-гап чиқиб, яна шу таълим-тарбия ҳақида суҳбат бошланиб кетди ва ҳамсафарлар қуйидаги сўзларни айтдилар: «Ҳозирги кунда мактаб ўқувчилари сал бўлса ота-онасини еталаб келади, ваҳоланки, текшириб чиқилса, аксар ҳолатда айб боланинг ўзида бўлади, бунга қарамасдан "боласини ҳимоя қилгани келган қаҳрамон ота-она" устоз билан жанжал қилиб, устозни диққат қилиб кетади".

Ҳаммамиз ҳам мактабда ўқиганмиз, ҳақиқатни айтадиган бўлсак, аксар ҳолда ҳақиқатан айб болада бўлади, устоз болани ўз ўзидан сўкмайди, танбеҳни бекордан бекор бермайди ва бундай ҳолатларга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз, энди айб кимда дейсиз, ёшлик қилиб ўз айбини яширган боладами ёки айб кимдалигини аниқламасдан устоз билан жанжаллашган ота-онадами?

Энди ўқувчини одобларининг баъзиларини эслаб қўяйлик:

динига, дунёсига, охиратига, Ватанига, халқига фойдали бўлган илмни ихлос билан ўрганиш;

илм олишига халақит берадиган бефойда, зарарли нарсалардан четда бўлиш;

муаллимига тавозеъли бўлиш. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: "Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва виқорни ўрганинглар. Ўзингиз таълим олаётган зотга тавозели бўлинглар" (Табароний ривояти);

устозга улуғлаш назари билан қараш. Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ким каттамизни улуғламаса биздан эмас...»  дейилган.

Яна бошқа бир қанча одоблари борки, агар ўқувчи уларнинг риоясини қиладиган бўлса, ана шунда унга илм юқади, олган илми ҳаётида манфаат бериб, улкан зафарларга эриштиради.

Устознинг даражаси нақадар буюклигини ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор такрорлаганлар: Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Албатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, осмонлару ернинг аҳли, ҳаттоки уясидаги чумоли ва балиқ ҳам одамларга яхшиликни ўргатувчига саловат айтадилар", дедилар» (Термизий ривояти).

Ушбу ҳадиси шарифда одамларга яхшиликни ўргатувчилар дейилганда кичкинтойларга алифбени ўргатишдан тортиб, фан докторлик илмий ишларига раҳбарлик қилаётган устозлар, илмий кашфиётларни бошқараётган раҳбарларгача бўлган устозлар назарда тутилади. Бунда борада юрт аҳолиси асрлар оша бизнинг барчага ўрнак бўлиб келаётган эди. Энди-чи, энди биз Ғарбнинг салбий одатларига қараб кетайликми ё ўзимизнинг гўзал одатларимизга содиқ қолиб, Ислом одоби билан суғорилган маънавиятимизни сақлаб қолайликми?

Буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий «Насойимул Муҳаббат мин шамоимул футувват» асарларида қуйидаги ҳикояни келтирадилар:

Амир Абу Али қ.т.с.

Ўзини қул бозорида сотган мурид (мурид устозга эргашган шогирд)

"(Амир Абу Алининг) Бир муриди бор эди, оти Муҳаммад Шаҳрободий. Бир куни бу муридини бозорга юборди. Шаҳрободийнинг пули йўқ эди. Бозорга келиб ўзини қулликка сотди ва пулига Амир Абу Али сўраган нарсани олиб юборди. Бу савдодан бир неча кун ўтди. Шаҳрободийни сотиб олган киши бу ишдан хабар топгач озод қилиб юборди. У пири (устози) қошига келди.

Пир деди: “Эй жавонмард (эй мард киши), неча минг йил бизнинг жонимиз ғайб оламида сенинг яралишинг ишқида куяр эди. Шу бас эмасмидики, бу зоҳир фироқига мубтало қилдинг? Энди бир ҳафта зоҳир қурби ҳам керак... "

Мана ҳақиқий, мард, фидоий шогирд, устози нарса олиб келишни илтимос қилганида ўзини пули бўлмаса ҳам устози берган пулни ҳаё қилиб олмаган, нима қилишни билмасдан ўзини сотиб бўлса ҳам устоз айтган нарсани олиб келган. Бунга ўхшаш воқе ҳикоялар Навоий бобомиз китобида жуда ҳам кўп, Энди эса ундай мардларни кўрсак, ажабланадиган бўлиб қолдик. Аслида у бизнинг боболаримизни устозларга бўлган юксак эҳтироми эди.

Али розияллоҳу анҳу: «Менга икки ҳарфни ўргатган устоз мени қул қилиб сотишига ҳам розиман», деганлар.

Биз юқорида фақат мактаб ўқувчини мисол қилиб олиб сўз юритдик, аслида қаерда ўқувчи бўлишидан қатъи назар, устознинг ҳурматини жойига қўйиш керак, берган вазифаларини ўрнида адо этиш даркор. Чунки устоз ўқувчисига зарар етказадиган ёки беҳуда ишга буюрмайди.

Устознинг хизматини қилиб дуосини олган киши эса икки дунёда кам бўлмайди, унинг келажаги порлоқ бўлади, доно халқимиз бежизга «Устоз отангдек улуғ» демаган. 

Бахтиёр НАЖМИДДИНОВ,

Тошкент ислом институти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

8411 марта ўқилди

Мақолалар

Top