Версия для печати

Мақолалар

Рамзан Қодиров: Қуръон – менинг ҳаётим

“Муқаддас китоблар – инсониятга инъом этилган энг буюк ҳақиқатлар ва уларга риоя қилганлар ўз ҳаётини энг юксак инсоний идеалларига бағишлайди”, деб ёзади Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров. У ўзининг Телеграм-каналида мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръони каримни ўрганиш борасидаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

"Мен аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман ва кейин ҳам шуни айтаманки, Қуръон – менинг ҳаётим. Ахир Қуръондаги ҳар бир сўз – барча асрларда яшаган инсонлар ҳаётининг кўзгусидир. Барча ҳикмат, барча ҳақиқат, барча буюк билимлар Қуръони каримда ўз инъикосини топган”,  деб ёзади республика раҳбари.

Унинг фикрига кўра, муқаддас Китоблар иймоннинг кўпчилик етиша олмайдиган юксак идеалидир.

"Аллоҳ таоло Расулларига ваҳийлар орқали нозил қилган Китоблари воситасида бандаларига фақат яхшиликларни етказади. Қуръони каримга мувофиқ яшаш – адолатли яшаш, нафақат ўзи учун, балки бошқа одамлар учун ҳам манфаат келтирадиган тарзда ҳаёт кечирмоқ демакдир. Бурунги муқаддас китобларда ҳам айтилган, айниқса, Қуръон каримнинг асосида эркинлик, тенглик, тинчлик, муҳаббат, меҳр-мурувват, умид ва инсон ҳаётидаги барча эзгуликлар ётибди. Қуръонни ўқиш, уни тафсир қилиш  бу – таълим, чуқур билим манбаики, ҳақиқий мўмин-мусулмонлар уларга интилади.

Вақт шошқин, одамлар ўзгарувчан, сиёсат ва давлат тузуми ўзгаради, қонунлар ўзгаради, конституциялар қайтадан ёзилади, аммо муқаддас Китоблар инсониятга инъом этилган буюк ҳақиқатлигича қолаверади. Қийин шароитга тушиб қолган ҳар бир инсон айнан улардан зиё ва куч топади”, деб ёзади Рамзан Қодиров.

Чеченистон раҳбари Қуръони карим ва бошқа муқаддас Китоблар ҳуқуқий-демократик давлатларнинг миллий қонунларига зид келмаслигини таъкидлар экан, жумладан, бундай дейди: “Уларнинг ҳикмати ўзгармас ва кенг қамровлидир. Кимки муқаддас Китобларга эргашса, у албатта инсон ҳуқуқларига риоя қилади, инсон ҳуқуқларининг ҳимоячисига айланади ва бутун умрини олижаноб ғояларга, юксак идеалларга хизмат қилишга бахшида этади”.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

4215 марта ўқилди