Версия для печати

Мақолалар

7 саволга 7 жавоб: Фол ва жинлар хусусида

1-савол: Мунажжимлар туғилган ой, кун башоратига, фолбинлар сўзига ишонган киши гуноҳкор бўлмайдими? 

Жавоб: Мунажжимлар ғайбни билишни даъво қилишади. Ғайб илми фақат Аллоҳ таолога хосдир: 

“(У) ғайбни билувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирор кимсани хабардор қилмас” (Жин, 26). 

Ҳадиси шарифда: “Кимки башоратчи ёки фолбиннинг олдига борса ва у айтган нарсани тасдиқласа, шубҳасиз, у Муҳаммад (алайҳиссалом)га тушган нарсага куфр келтирибди”, дейилган (Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можа ривоятлари).

2-савол: Фол кўрувчилар жинлар билан ишлайдими?

Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб, фолбиннинг қулоғига қуяди. Фол кўрувчи унга юзта ёлғон аралаштириб гапиради” деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Фолбинларнинг гапларига ишониш қуфрдир (Аллоҳ асрасин).

3-савол: Дуохонларга бориб “иситиш” йўли билан муҳаббатга эришиш мумкинми?

Жавоб: Иситиш, совутиш, фол Ислом динида ҳаром қилинган амаллардандир.

Ким иситсам фалончи мени яхши кўриб қолади, деб ўйлайдиган бўлса хато қилади. Меҳр-муҳаббатга иситиш билан эмас, балки Аллоҳ таолодан қўрқиш билан эришилади (“Равоиъул баён”, “Нафъул муфтий”).

4-савол: Жинлар таъсиридан қандай сақланиш мумкин?

Жавоб: Жинларни инсонлар кўра олмайди. Чунки улар жуда латиф ва тезда ўзгара олиш қобилиятига эгадир. Киши билмаган ҳолида қайноқ сув сепиб юбориб, бавл қилиб ва ҳоказо ишлар билан уларга озор етказганида жинлар унга зарар бериш билан интиқом олади.

Жинлардан сақланишнинг йўли эҳтиёткорликдир. Улар кўпинча шомдан кейин, яъни қоронғи тушаётган маҳалда чиқишади, нажосат, ахлатхоналарда озиқланади. Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Хуфтонда идишларнинг устини ёпиб, мешлар оғзини боғлаб, эшикларни тамбалаб ва болаларингизни (уйда маҳкам) ушлаб ўтирингиз, чунки (шу вақтда) жинлар атрофга тарқалишади...” (Имом Бухорий ривояти).

Шайх Абу Бакр Жазоирий айтади: “Агар Аллоҳ таоло инсонни сақлаш учун вакил қилган фаришталар бўлмаганида эди, жин ва шайтонларнинг ёмонлигидан ҳеч бир инсон нажот топмасди”.

5-савол: Сеҳр-жоду қилишнинг, дуохонликнинг шариатга зидлигини биламан. Аммо баъзида кишининг соғлиги ёмонлашиб, ланж бўлиб, қўли ишга бормай қолади. Агар Қуръондан ўқиб дам солинса, киши енгил тортади. Шундай қилиш Исломда мумкинми?

Жавоб: Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган:

“Яна (улар) Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар (жинлар) ўқиган нарсаларга эргашиб кетдилар. Сулаймон кофир эмас эди, лекин одамларга сеҳр (жоду)ни ҳамда Бобилдаги Ҳорут ва Морут номли фаришталарга туширилган нарсаларни ўргатадиган шайтонлар кофир эди. (Икки фаришта): “биз фақатгина синов (воситаси)миз, (бизга ишониб) кофир бўлиб қолма”, деб (огоҳлантирмагунча) ҳеч кимга (сеҳрни) ўргатмас эдилар. Иккисидан эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсани ўрганар эдилар. Лекин улар Аллоҳнинг изнисиз у билан ҳеч кимга зарар етказа олмаслар. (Хуллас) ўзларига фойдасиз, балки зарарли нарсаларни таълим олар эдилар. Уни (Аллоҳнинг китобини сеҳрга) алмашганларга охиратда насиба йўқлигини ҳам яхши билар эдилар. Ўз (насиба)ларини қанчалик ёмон нарсага сотиб юборганларини билсалар эди!” (Бақара, 102).

Аммо Қуръони карим шифо, уни ўқиб дам солиш мумкин. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) набиралари Ҳасан ва Ҳусайнлар (розияллоҳу анҳумо)га Қуръон ўқиб дам солганлари ҳақида ривоятлар бор.

6-савол: Шом пайти боламни кўтариб, қўшни аёллар билан кўчада гаплашиб турган эдик, маҳалламиздан бир отахон бизни: “Жину шайтонлар тўзийдиган маҳал ёш бола билан кўчада нима бор сизларга?” деб койиб бердилар. Отахоннинг гаплари қанчалик тўғрилигини билмоқчи эдим.

Жавоб: Отахон жуда ҳақ гапни айтибдилар. Жонкуяр инсонлар тобора камайиб кетаётган, “менга нима” деган бепарволик кайфияти кўпчиликни чулғаб олган ҳозирги кунимизда ана шундай отахонларнинг борлиги қувонарли ҳол. Уларнинг маҳалла маънавий ҳаётидаги ўрни беқиёс.

Аввало, динимиз аёлларни кўчада мақсадсиз гап сотиб ўтириш у ёқда турсин, заруратсиз кўчага чиқишдан ҳам қайтарганини айтиб ўтиш керак. Ундан кейин, шом маҳали жин ва шайтонлар изғиб юриши ҳам ҳадиси шарифларда баён қилинган. Болаларнинг инжиқ бўлиб қолиши, уйқусида босинқирашига ҳам ана шу пайт кўчада юриши сабаб бўлади. Шу боис, бу каби беҳуда одатларга барҳам бериб, ўлчовли вақтимиздан унумли фойдаланиш пайида бўлишимиз керак.

7-савол: Бирор бир инсонга фолбинликни олишни даъво қилишсаю, у қабул қилишдан бош тортса бу қанчалик тўғри амал ҳисобланади? Жинлар васвасасига учраши, оғир касал бўлиш ҳолати ёки ёмон тушлар кўришдан сақланиш учун нима қилиши керак?

Жавоб: “Фолбинликни бўйнингга ол” деб бирор кишига айтилса, у одам бу иш мусулмоннинг иши эмаслигини билиб туриб, бўйнига олишни рад қилса, савоб олади. Ҳаром ишни қилишга кўнмаган бўлади. У нарсалардан сақланиш учун доим Қуръон ўқиб, ўзига дам солиб юриши керак. Аллоҳдан шу каби нарсалардан паноҳ сўраши лозим.

ЎМИ Матбуот хизмати

7226 марта ўқилди