Мақолалар

Мавлоно Жалолиддин Румий

Мавлоно Жалолиддин Румий 1207 йил 30 сентябрда Балхда туғилган. Унинг отаси шаҳар пешволаридан бўлиб, «Олимлар султони» унвонини олган Ҳусайн Хатиби ўғли Баҳоуддин Валад, онаси Балх амирининг қизи Мўмина хотундир. Баҳоуддин Валад баъзи саёсий воқеалар ва мўғул истилоси сабабли Балхдан кетишга мажбур бўлган.

1212 ёки 1213 йил оила ўз  яқинлари билан Балхдан чиқиб Нишопурга келган. Баҳоуддин Валад бу шаҳарда машҳур мутасаввиф Фаридуддин Аттор билан учрашади. Мавлоно кичик бўлишига қарамай, Фаридуддин Атторнинг назарига тушди. Баҳоуддин Валад Нишопурдан Бағдодга ва кейинчалик Куфа йўли орқали Каъбага йўл олади. Ҳаж амалини бажаргандан сўнг Шомга келади. Шомдан Малайзия, Эрзинжон, Сивас, Қайсари, Ниғде йўллари орқали Ларендега (Караман) келади. Караманда амир Мусо қурдирган мадрасада қўним топади. 1222 йилда Караманга келган Баҳоуддин Валад ва унинг оиласи бу ерда етти йил яшайди.

Мавлоно 1225 йилда Шарафуддин Лолонинг қизи Гавҳар хонимга уйланади. Мавлононинг бу никоҳидан Султон Валад ва Алоуддин Чалабий исмли икки ўғли бор. Гавҳар хоним вафот этганидан бир неча йил ўтиб, бир боласи билан бева қолган Карра хонимга уйланади. Мавлононинг иккинчи никоҳидан Музаффариддин, Амир Алим Чалабий деган икки ўғил ва Малика хоним исмли бир қиз дунёга келади.

Ўша кезларда Онадўлининг катта қисми Салжуқийлар давлатининг ҳукмронлиги остида эди. Бу давлатнинг пойтахти бўлган Қўнё санъат асарлари билан машҳур, олимлар ва санъаткорлари кўп шаҳар эди. Қисқаси, Салжуқийлар давлати энг порлоқ даврини бошдан кечираётган бўлиб, давлат ҳукмдори Баҳоуддин Валадни Карамандан Қўнёга таклиф этди ва шу ерда жойлашишини хоҳлади.

Баҳоуддин Валад Султоннинг таклифини қабул этди ва 1228 йил 3 майда Қўнёга оиласи ва дўстлари билан келди. Султон Алоуддин уларни тантана билан қаршилаб, яшашлари учун Олтинапа мадрасасидан жой ажратди. «Олимлар султони» 1231 йилнинг январь ойида Қўнёда вафот этди. Муборак жасади салжуқийлар саройининг Гул боғчасига қўйилди. «Олимлар султони» вафот этгач, шогирдлари ва муридлари Мавлононинг атрофида тўпландилар. Мавлонони отасининг меросхўри қилиб қўйдилар. Дарҳақиқат, Мавлоно буюк бир шоир ва дин олими бўлгач, “Ипликчи” мадрасасида ваъзлар ўқирди. Ваъзлари уни тинглашга келганлар билан тўлиб тошарди.

Мавлоно 1244 йил 12 ноябрда Шамси Табризий билан учрашади. Бу учрашув тарихда «Икки денгизнинг учрашуви» дея аталди. Бироқ биргаликлари узоққа чўзилмади. Шамс фоний дунёдан узилди.

Мавлоно Шамснинг ўлимидан сўнг узоқ йиллар якка ўзи яшайди. Кейинги йилларда Салоҳиддин Заркубий ва Ҳусомиддин Чалабий Шамси Табризийнинг ўрнини тўлдира бошлайдилар.

Ҳаётини «Хом эдим, пишдим, ёндим» сўзлари-ла хулосалаган Мавлоно 1273 йил 17 декабрда якшанба куни Ҳақнинг раҳматига етишади. Мавлононинг жанозасини унинг васиятига кўра Садриддин Қўнёвий ўқимоқчи бўлади. Лекин Садриддин Қўнёвий энг яхши кўрган инсони Мавлонони йўқотганидан ўзини тутиб туролмай жанозада ҳушидан кетади. Шу сабабли Мавлононинг жанозасини қози Сирожиддин ўқийди.

Мавлоно ўлим кунини янгидан туғилган кун сифатида қабул қиларди. У ўлган заҳоти севганига, яъни Аллоҳга етишишини биларди. Шунинг учун Мавлоно ўлим кунини тўй куни маъносида келган сўз «Шаби арус» деб атарди ва дўстларига ўлими орқасидан «Эй, воҳ» дея йиғламасликларини васият қилганди.

«Ўлганимиздан сўнг мозоримизни ердан ахтарманг! Бизнинг мозоримиз орифлар кўнгилларидадир!» (Мавлоно Жалолиддин Румий)

Мирсобит ВОҲИДОВ,

Пискент тумани «Мулла Бўта қози» жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

389 марта ўқилди

Мақолалар

Top