Версия для печати

Мақолалар

Тунда бедор бўлиш фазилати ва қоим бўлишга ёрдам берувчи омиллар

Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади: «Уларнинг ёнбошлари ўрин-тўшакка етмайди» (Сажда сураси, 16-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Кечалари қоим бўлингиз! Зеро, кечаси туриш сизлардан аввалги солиҳларнинг одатларидан эди. У Парвардигорингизга яқин қилади. Ёмонликларнинг мағфират бўлишига олиб келади ва ярамасликлардан қайтаради» (Имом Термизий ривояти).

Ҳасан Басрий айтадилар: «Кечасида туриб ўқилган намоздан ҳам оғирроқ ибодатни билмайман». Ундан сўрашди: «Нима учун кечаси туриб таҳажжуд ўқувчиларнинг юзлари одамлар орасида энг гўзалидир?» У зот жавоб бердилар: «Улар тунда Раҳмон билан ёлғиз қолишади ва Аллоҳ уларга Ўз нуридан инъом этади».

Билинг! Кечада қоим бўлиш жуда оғир, магарам, қоим бўлиш шартлари муяссар бўлган кишигина кечалари туришга муваффақ бўлади.

Бу сабабларнинг баъзилари зоҳирий, баъзилари ботинийдир.

Зоҳирий сабаблар:

– Кўп таом емаслик. Баъзилар айтади: «Эй муридлар жамоаси! Зиёда таом есангизлар, ортиқча сув ичасизлар, бас, кўп ухлайсизлар. Натижада ортиқча панду пушаймон бўласизлар».

– Оғир иш билан кундузи ўзини толиқтирмаслик.

– Кундузи қайлула – бир оз ором олишни тарк этмаслик. Зеро, у кечаси қоим бўлишда ёрдам беради.

– Гуноҳлардан эҳтиёт бўлиш. Имом Саврий айтади: «Бир гуноҳим сабабидан беш ой кечалари туришдан маҳрум бўлдим».

Ботиний сабаблар:

– Мусулмонларга ҳасад этишдан қалбнинг салим бўлиши. Қалбни бидъат ва залолатдан холи этиш. Ортиқча дунё ҳожатидан қалбни эътироз этиш.

– Доимий хавф – умиднинг озлиги қалбда бўлиши.

– Кечаси қоим бўлиш фазлини билиш.

– Аллоҳ йўлидаги муҳаббат ва иймон қуввати энг шарафли боислардандир, чунки Парвардигорга муножот этувчи кечаси қоим бўлса, У Зот ҳозир ва унга шоҳиддир. Бас, муножоти уни тун бўйи рағбатлантиради.

Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Тун аҳли ўз кечаларида ўз дилхушлигида бўлган ўйин аҳлидан кўра кўпроқ лаззатда бўладилар. Тун бўлмаса, дунёда яшашни истамас эдим».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечада дуолар ижобат бўладиган шундай бир соат борки, агар мусулмон банданинг дуоси шу соатга тўғри келиб қолса, тилаган яхши тилагини Аллоҳ унга ато этади. Бу соат ҳар тунда бўлади»деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Кимнинг кечаси қоим бўлиб адо этадиган ибодати бўлса, уни тарк этишдан эҳтиёт бўлсин. Икки «Саҳиҳ»да ривоят бўлганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амрга бундай деб марҳамат қилдилар: «Кечаси қоим бўлиб, сўнг унда туришни тарк этган фалончига ўхшама».

 Мирсобит ВОҲИДОВ,

Тошкент вилояти Пискент тумани «Мулла Бўта Қози»
жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

4966 марта ўқилди