Версия для печати

Мақолалар

Энг катта зулм – инсоннинг ўзига қилган зулмидир

Аллоҳ таоло бандаларига ўзаро дўстлик ҳамжиҳат бўлиб, бири иккинчисига кўмаклашиб, катта кичикка, кучли заифга, мансабдор оддий инсонга зулм қилмай, ўзаро меҳр-муҳаббатда ҳаёт кечиришини амр қилди. Яратганнинг Ўзи бандаларига бир-бирининг жони, мулки, номусига тажовуз қилишини ҳаром қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм (қилиш)дан қўрқинглар, албатта, у қиёмат куни зулмат бўлиб қайтур», деб марҳамат қилдилар (Имом Муслим ривояти).

Дарҳақиқат, золимнинг зулми, Қиёмат куни солиҳлар Аллоҳнинг Аршининг соясида, ёруғ юз билан турган вақтларида, зулмат, қўрқинч ҳамда ваҳима бўлиб қайтади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларнинг кўзлари қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос», деб огоҳлантирган (Иброҳим сураси, 42-оят).

Яъни, баъзилар «золимлар бемалол ўйин-кулги қилиб юрибди. Демак, золимга ҳеч нарса қилмас экан-да» деган хаёлга бориши мумкин. Аллоҳ таоло ана ўшаларга хитобан: «Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма» демоқда. Золимлар қилаётган ҳар бир ишдан Аллоҳ таоло хабардор. Уларнинг икки елкасидаги фаришталар ҳар бир ишларини зиғирчасини ҳам қолдирмай ҳисобини қилиб туришибди. «Фақатгина уларнинг кўзлари қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўяди, холос». Қиёмат куни уларнинг кўзлари даҳшатдан юмилмай, қимирламай қолади. Ана ўшанда уларга тайинланган жазо берилади.

Зулм – Аллоҳ таоло белгилаб қўйган чегарадан чиқишдир. Унинг тури ҳар хил бўлиши мумкин. Уларнинг биринчиси – инсон ўзига зулм қилишидир. Инсон ўзига гуноҳ қилиш билан зулм қилади. Ҳар бир гуноҳи билан ўзини жаннатдан бир қадам узоқлаштиради. Мана бу – энг катта зулмдир. Сўнг эса бошқаларга нисбатан қилинган зулм: ўғрилик, бировнинг устидан ноҳақ ҳукм чиқариш, инсоннинг мулкини тортиб олиш ва шу каби ишлар.

Ҳозирги кунда динимиз таълимотларини билмаслик, кўрсатмаларига амал қилмаслик оқибатида халқимиз орасида бир-бирига зулм қилиш авжига чиқди. Одамлар ҳеч иккиланмай, гуноҳ бўлади деб ўйламай бировнинг ерини, мол-мулкини тортиб олиб қўймоқда. Бу ишлари гуноҳи кабира эканини ўйлаб ҳам қўймаяпти.

Ота-бола, ака-ука, эр-хотин, дўст-биродар, қўни-қўшни, ишдаги ҳамкасблар, мулкдорлар бева-бечораларга нисбатан зулм қилиши кўпайди. Фарзанд ўзини дунёга келтириб, боқиб катта қилган ота-онасидан ҳафтада бир марта хабар олмайди. Камини олиб бермайди. Балки ота-оналарининг қариган чоғида ҳам «менга нима берар экан? Қачон уй менга қолар экан...?» деган ўй билан уларга зулм қилмоқда.

Ака-укалар мерос талашиб юзкўрмас бўляпти. Арзимаган бир матоҳ устида душман бўлиб қолмоқда. Бу – бир-бирига нисбатан улкан зулмдир Бир онанинг қорнидан тушган фарзандлар бегона бўлиб кетиши муқаддас динимиз таълимотига, қолаверса, инсонийлик тамойилларига мутлақо зид ишдир.

Яқинда телевизорда навоийлик бир йигит «Келин менга «турецкий» сарпо олиб келмабди» деб тўйни тўхтатибди. Шу эркак кишининг шаънига ярашадиган ишми?! Бечора келин томон қанча сарф-харажат қилиб тўй бошлаб қўйган ҳолатида, нодон куёв бола бир парча мато сабабидан келинчакка ва унинг оиласига нисбатан зулм қилибди. Яна эшитиб қолади инсон: «Фалончи келинини ҳайдаб юборибди. Нега эмиш? Кўйлагини дазмол қилаётиб, куйдириб қўйганмиш». Булар минг сабабдан бир сабаб холос. Ундан бошқа сабаблар барчамизга маълум. Лекин бирортаси оиланинг муқаддас ришталарини узишга арзийдими? Ёки аёлнинг эрига нисбатан қилган зулми. Куёвнинг хизматини бажармайди. Эрталаб туриб ҳовли супуришни билмайди. Вазифаси бўлган ишларни қилмайди.

Қайнота-қайнонанинг келинига нисбатан қилган зулмини эшитсангиз йиғлашингизни ҳам, кулишингизни ҳам билмайсиз. Одам ҳам шунчалик нодон бўладими! "Турецкий мебел» олиб келмабди. Шунга жавобини бериб юбордим". Ахир бу қайси мантиққа тўғри келади? Оила дегани уч-тўртта пайраха тахтага қараб қолганми?

Унинг ўрнига ака-укалар юртимиз бўйлаб кезиб қилиб юрган Қуръон мусобақасига биргалашиб бориб, иймонини, ихлосини зиёда қилиб келсалар. Бири қатнашса, иккинчиси ҳаққига дуо қилиб турса. Эр-хотин иккаласи биргалашиб Қуръонни ёд олиб, мусобақада бир вақтнинг ўзида қатнашсалар – нақадар гўзал иш!

Одамлар мансабдорнинг олдига муаммомни ҳал қилиб беради деган умид билан келса, у тамаъ қилса, бу ҳам улкан зулмдир. Зеро ҳадиси шарифларда айтилишича, Қиёмат куни Аршнинг соясида роҳатланиб турадиган биринчи инсонлар одил раҳбарлардир. Жаҳаннамга биринчи тушадиганлардан биринчиси эса золим раҳбар бўлади.

Кенг қулоч ёйиб кетган бу оғир дардга беэтиборлик бора-бора кўплаб муаммоларни келтириб чиқаради, ёмон оқибатларга олиб боради. Чунки золим фақат ўзини ўйлайди, бировга яхшилик қилишни хаёлига келтирмайди. Бунинг оқибатида эса жамият парчаланади. Зеро, тана касалликлари дори-дармон билан даволанади.  Қалб касалликлари эса илму маърифат билан муолажа қилинади. Бу ғоят мушкул ишдир. Шунинг учун инсонлар ўзларига назар солиб,  қалб касалликларини дарҳол тузатиб, бир-бирига меҳр-оқибатли бўлиб, яхшиликлардан илиниб, ёмонликдан қайтариб, бир тану бир жон бўлишга шошилмоғи керак.

Бугунги кунда она заминимизнинг барча туманларида Қуръон тиловати, ҳар бир масжидда азон овозлари баралла янграмоқда. Аллоҳнинг раҳмати Республикамиз бўйлаб барча хонадонларга ёғилмоқда. Инсон уйғониб, сергак тортиб, ички дардларини тузатиб, ўзини-ўзи ислоҳ қилиш вақти келди. Қуръон мусобақаси барчамизга ўзини бир янгилаб, ислоҳ этиб олишга сабаб бўлиши керак. Шундагина келаси йилларга жамиятимиз ислоҳ, юртимиз янада гўзал, Қуръон мусобақаси эса янада катта ва кенг миқёсда бўлади, иншоаллоҳ.

ЎМИ матбуот хизмати 

5548 марта ўқилди