Версия для печати

Мақолалар

Дийдиё

Олис қишлоқларнинг бирида ёши ўтиб қолган Собир ота деган одам яшарди. Отанинг икки келини бор эди-ю, аммо улардан сира кўнгли тўлмас эди.

Отахон ҳар куни азонда турар, мол-ҳолларга қараб уйдаги бошқа юмушлар билан андармон бўлиб кун ўтказарди.

Яхши ҳамки, отанинг бахтига қўшниси Қамар бобо бор. Ҳар сафар кўчада учратиб қолса ичидаги ҳамма дард-у ҳасратини унга тўкиб солади. Қамар бобо ҳам Собир отанинг дардларини тинглаб зерикмайди. Бир муддат ўйга толганча жим қолади-ю, кейин у ҳам ўзининг ҳасратларидан сўзлай бошлайди. Аслида, икки қария бир-бирининг уйида бир пиёла чой устида гурунлашиб ўтирса бўларди. Аммо Қамар бобонинг кампири чатоқ, ўлгудек зиқна. Собир отанинг эса келинлари... уникига Қамар бобо бир мартагина кириб кетганида тушмагур келинлари ортидан роса гап қилди. Қамар бобо бошқа уникига чиқмади.

Шу-шу икки қария фақат кўча бўйидаги тўнка ўриндиқда ўтириб олиб ҳасратлашади.

Мана ҳозир ҳам Собир ота Қамар бобони учратди-ю, дийдиёсини  бошлади:

–Эй қадрдоним! Вақт деганлари ёмон экан. Буни қаранг, бир пасда етмишни ҳам уриб қўйибмиз.

–_Гапирманг, дўстим, гапирманг! Бизнинг давримиз ўтди! Кексайганда яқинларим орасида иззат-ҳурматда кўраман деганимда Худо бошимга мана шу кунларни солиб ўтирибди! Ўтган йили якка-ю ёлғиз фарзандимдан айрилдим! Бу ҳам етмаганидек келиним бизни ташлаб кетиб қолди. Кампирим ҳам асабидан айрилган, икки гапининг бирида менга зарда қилади. Эҳ, бу ҳаётга келиб бирон рўшнолик кўрганимни эслай олмайман дўстим!

–_Нимасини айтасиз, мен ҳам шу икки келинимдан куйиб юрибман. Лоақал биттаси ўликмисан, тирикмисан демаса, ҳолимдан бир хабар олмаса! Эҳ, ўғилларим ҳам менга тескари, иккови ҳам хотинининг ёнини олади! Бу ҳам етмаганидек, бутун танам туни билан қақшаб чиқади. Шу ҳам яшашми, Қамаржон! Қариган чоғимда менга бу азоблар нега керак! Эҳ, иззат нафсинг поймол бўлмасин экан! Худо-ё, ундан кўра жонимни олиб қўя қолса нима қиларди!

–_Пешонамиз шўр экан-да Собирбой, шўр экан! Бўлмаса, энди дунёга назар сола бошлаганимизда уруш деган балони кўрармидик. Энди бола бўлиб ўйнаймиз деганда очарчилик, қаҳатчиликларни  кўрармидик. Ўқишга кирамиз деб шаҳарга бориб хору зор бўлиб қайтиб келармидик. Кексайиб кучдан қолганимизда мана шу қора кунларни кўрармидик! Э, Худойим, бизни мана шу тинч, тўқ замонларда яратмайдими? Мана анави Набини қаранг, тушмагур ҳали жуда ёш! Худо ҳам ишини юриштириб унга обрў бериб қўйган. Мана яқинда уйланди. Хотини ҳам ҳурлиқо! Бу ҳам етмаганидек данғиллама уй солди! Мана буни ҳақиқий ҳаёт деса бўлади дўстим! Биз эса... гоҳида бошқаларнинг тотли ҳаётини кўрганимда ўзимнинг аччиқ қисматимни ўйлаб ич-ичимдан йиғлагим келади!

–_Ҳаёт шу экан-да! Бахтга етганлар бор, етмаганлар бор! Биз бечоралар эса ўлгунимизча шу аҳволда қолиб кетамиз! Ҳали беш кунлигимиз борми, йўқми...

Шу чоқ уларнинг ёнидан югурганча Мамараимнинг ўғли ўтиб қолди. Йигитча қарияларни кўрди-да ҳаллослаб бориб дудуқланиб қолди.

–_Ҳай, Мамараимнинг ўғлимисан? Намунча ҳаллосламасанг? Тинчликми ўзи? – деди чоллар бир овоздан.

Йигитча бир муддат гапиролмай жим қолди. Аммо кейин қалтираб аста гап бошлади:

–_Наби....Наби акам... автоҳалокатда вафот этибди!..

Бу хабарни эшитиб Собир ота ҳам, Қамар бобо ҳам бир муддат чуқур ўйга толдилар. Бир оз жим ўтирдилар-да, кейин уй-уйларига кириб кетишди...

Ўша тонгда бомдод намозига масжидга чиққан одамлар ўз сафида Қамар бобо ва Собир отани ҳам кўрдилар.

Шерзод Ҳайдарбеков

ЎМИ Матбуот хизмати  

4119 марта ўқилди