Мақолалар

“Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (1)

Ер юзи аҳолисининг сони йилдан йилга ортиб бораётгани аҳолишуносларни, сиёсатчиларни, экологларни ва бошқа соҳа вакилларини ўйлантириб келаётган энг долзарб масала саналади. Уларни нима ташвишга солиши аён: озиқ-овқат етишмаслиги, ичимлик суви танқислиги, табиий ресурсларнинг чеклангани ва бошқалар.

Озиқ-овқат танқислиги дегани ҳақ гап эмас. Зеро, меҳрибон Парвардигоримиз: Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир” (Ҳуд, 6), дея Ер юзида қадам ташлашга жой қолмайдиган даражада одам кўп бўлса ҳам, биргина одам қолса ҳам ризқини берувчи Ўзи эканини айтиб инсонларни хотиржамликка даъват қилиб қўйибди.

Бу ўринда етишмайди, дейишнинг ўрнига озиқ-овқат нотўғри тақсимланган дейилса, тўғри бўлади. Негаки, дунёнинг қайси бурчида одамлар бир бурда нонга зор бўлиб турган паллада бошқа ерида шу қадар кўп нон исроф бўладики, ана шу исроф бўлаётган нон билан бемалол бошқа бир мамлакат аҳолисини туйдириш мумкин. Буни бир рўзғорнинг қора қозони қайнамай, болалари очликдан ухлай олмай тўлғониб ётган чоқда қўшниси энг сархил таомларни керагидан ортиқ еб-ичиб, ортганларини қўл ҳам теккизмасдан ахлатга отиб, еганларини ҳазм қила олмай ухлай олмаётганига менгзаш мумкин.

Ичимлик суви ва табиий ресурслар алоҳида мавзу. Биз бу мақоламизда Навоий бобомизнинг “Деҳқон тўйса – эл тўяр” деган ҳикматидан келиб чиқиб, билганимизча деҳқончиликка дахлдор масала ҳақида сўз юритмоқчимиз.

Тараққийпарвар олимлар инсониятни етарлича озиқ-овқат билан таъминлаш, қорнини тўйдиришнинг илмий асосларини ўйламоқда. Бу борада турли агроэкологик, биологик, биотехнологик, биохимик ва бошқа, биз номини ҳам билмайдиган соҳаларда изланишлар олиб борилаётир. Жумладан, умрининг йигирма йилини гуруч етиштириш самарадорлигини оширишга бағишлаган Норман Апхофф Корнелл қишлоқ хўжалиги тараққиёти университети қошидаги Корнелл халқаро озиқ-овқат институти директори эди. У 1990 йиллар бошида Мадагаскарга тропик ўрмонларни сақлаб қолишга ҳисса қўшиш мақсадида йўл олади ва у ердан миллионлаб инсонларни очликдан ва тўйиб овқат емаслик балосидан қутқариб қолишга ёрдами тегишига ишончи ортиб қайтади.

Апхофф Мадагаскарда 1983 йил француз руҳонийси Анри де Лолани ишлаб чиққан “Гуруч ҳосилдорлигини ошириш” методи билан танишади. У сув бостирилган далага ёш ниҳолларнинг бир-биридан одатдагидан олисроқ масофага қадалганини кузатади. Гуруч ниҳоллари орасида ўсган ёввойи ўтлар бирданига эмас, навбати билан орадан муайян вақт ўтгандан сўнг юлиб олинади. Ана шу оддийгина метод “Гуруч етиштириш самарадорлигини ошириш”(SRI) методи деб аталади. Бунда сув тежалади, уруғ учун кам маблағ сарфланади ва кўп ҳосил олинади.

SRI Мадагаскар далаларида тажрибадан ўтказилгандан сўнг ҳосилдорлик тўрт баробар ошган. Буни кўрган Апхофф унинг фаол тарғиботчисига айланади. У 1998 йилдан бошлаб нодавлат ташкилотлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида SRIни Осиё ва Африкага, ундан сўнг Лотин Америкасига тарқатишда фаол иштирок этади.

“International Network” веб-сайти тарқатган хабарга кўра, тез орада Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Вьетнам, Камбожа ва бошқа мамлакатлардан 10 миллионга яқин кичик фермерлар SRI дан тўлиқ ёки қисман фойдаланишга ўтади.

Ушбу метод буғдой, тариқ ва бошқа экинларга ҳам муваффақиятли равишда қўлланмоқда.           

Мисли кўрилмаган ҳосилдорлик

 ген инженерлигининг кераги ҳам йўқ

 Ҳиндистоннинг Бихара штатидаги кичик фермер 2015 йилда генетик модификация қилинган уруғлар ва пестицидлардан фойдаланмасдан гуруч, картошка ва буғдой етиштириш бўйича рекорд ўрнатди.

 Қишлоқ хўжалиги экологиясининг “Гуруч етиштириш самарадорлигини ошириш” (ингл. System of Rice Intensification – SRI) методини қўллаган фермер ҳосилдорликни бурунги йиллардагидан тўрт баробар оширишга эришди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили SRIни “инқилоб” дея баҳолади.

 SRI методини қўллаган фермер кичик далага унчалик кўп бўлмаган кўчатларни бир-биридан одатдагидан узоқроқ масофага экади. Бунда тупроқ керагича қуруқ ҳолатда сақланади, ўсимлик атрофида ўсган бегона ўтлар тупроқни кислород билан бойитишга хизмат қилсин учун секин-аста навбати билан юлиб ташланади. “The Guardian”да яқинда  чоп этилган мақолада  бу метод “озроқ, лекин самаралироқ” деб баҳоланди. 

Фермер Суманто Кумарга ушбу метод гектаридан тўрт-беш тонна олинган ҳосилдорликни 22,4 тоннага етказишга имкон берди.                       

 Агроэкология – “ягона илинж” 

БМТнинг Халқаро қишлоқ хўжалик билимлари, фани ва технологияси тараққиётини баҳолаш ташкилоти ва Жаҳон банки ҳомийлигида ўтказилган тадқиқот ишлари шуни кўрсатадики, агроэкология – дунё аҳолисини тўйдирмоқнинг ягона воситасидир. 

“The Guardian” хабар қилишича, SRIнинг фавқулодда потенциали бор:  “SRI узоқ вақтга чидамли, ҳар қандай шароитга мослашувчан маҳсулотни ва кўп ҳосилни қўшимча харажатларсиз олиш имконини пайдо қилди. Бу айни бугуннинг талабидир. Чунки сайёрамиз аҳолисининг еттидан бир қисми оч қолмоқда ва гуручга бўлган талаб тўхтовсиз ортиб бораётир. Ҳатто фермерлар ҳосилдорликни 30 фоизга ошира олган тақдирда ҳам очлик билан курашиш муаммоси ҳал бўлмайди”.

Бихара штати Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакили доктор Сурендра Чаурасса давлат агентлиги нега ҳозирги вақтда фермерларни SRI га ўқитишга бинойигина маблағ сарфлаётганига изоҳ берар экан, жумладан, бундай деган эди: “Фермерлар озроқ уруғ, камроқ сув сарфлайди, химикатларни ҳам кам ишлатади ва катта пул сарфламасдан туриб жуда мўл ҳосил олади. Бу – инқилобий ҳодиса. Мен бошида бунга ишонмаган эдим, аммо энди ишончим комилки, бу ҳодиса фермерликка муносабатни буткул ўзгартириб юборади”.

Ҳа, ана шу мўл ҳосил фермерлар ҳаётига ижобий таъсир этди. Бихаралик фермерлардан бири “...менинг ҳаётим тамоман ўзгариб кетди. Энди фарзандларимни мактабга юбора оламан, соғлигимни тиклаш учун сарфлашга етадиган пулим бор, даромадим ҳам жуда яхши”, дейди.

 

(Давоми бор)

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

3790 марта ўқилди
Мавзулар

Мақолалар

Top