Мақолалар

7 саволга 7 жавоб: Дуо

1-cавол: Дуо қилишда қўлларни кўтариб, юзга суртиш ҳадисларда ворид бўлганми? 

Жавоб: Ҳа, бу ҳақда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган:

Анас (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуога қўл кўтарганларида қўлтиқларининг оқлиги кўриниб турар эди” (Имом Байҳақий). Саҳл ибн Саъд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилсалар, қўл бармоқларининг учлари елкалари баробарида бўларди” (Имом Байҳақий).

Сойиб ибн Язид (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуо қилсалар, қўл кўтарар, кейин юзларига суртар эдилар” (Имом Байҳақий).

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дуога қўл қўтарсалар, уни юзларига суртмасдан туширмас эдилар” (Имом Термизий ривояти). 

2-савол: Намоздан сўнг нима деб дуо қилиш керак? 

Жавоб: Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Парвардигорим, мени, бандаларингни жамлайдиган, тирилтирадиган кунда азобингдан сақла!”, деб дуо қилар эканлар (Имом Муслим ривояти). Муғира ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар намоздан сўнг: “Эй Аллоҳ! Сен ато қилган нарсани ман қилувчи йўқ. Сен ман қилган нарсани берувчи йўқ. Ҳаракат, ғайрат ҳам, буюклик ҳам Сендандир!”, деб дуо қилганлар (Имом Бухорий, Аҳмад ва Муслим).

Жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муъоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу)га ҳар бир намоздан сўнг: “Аллоҳумма Рабби, аъинний ъала зикрика ва шукрика ва ҳусни ъибадатик”, деб дуо қилишни ўргатганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривоятлари). 

3-савол: Муаззин азон айтаётган вақтда иш қилаётган одам ишларини тўхтатиб азонни эшитиши керакми? Умуман азон айтилаётган вақтда киши нима қилиши керак? 

Жавоб: Азон овозини эшитган одам ишларини тўхтатиб, унга жавоб бериши керак. Унинг жавоби муаззиннинг айтган калималарини такрорлаш билан бўлади. Агар масжидга бораётган бўлса, юришда давом этади. Азон айтилаётганда бирон иш билан машғул бўлиш одобдан эмас. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана бундай деб буюрганлар: “Қачон муаззиннинг азони эшитилса, у нима деса, шуни айтинглар!” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти). Азондан сўнг дуо қилинади. Зотан, азон билан иқоматнинг ўртасида дуо ижобат бўлади. 

4-Савол: Овқатдан кейин нима учун дуо қилиниб Қуръон ўқилади? 

Жавоб: Таомдан сўнг дуо қилиш суннатдир. Қуръон ўқиш эса машруъ эмас.

Ривоятларда келтирилишича, Расулуллоҳ (алай­ҳиссалом) таомдан сўнг бундай дуо қилардилар: “Алҳамдулиллаҳиллази атъамана ва сақана ва жаъалана минал муслимин” (Бизларни таомлантирган ва сув билан қондирган, бизларни мусулмонлар жумласидан қилган Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин!)

Ҳазрат Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Жаноби Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Банда бир луқма таом еб ҳам Аллоҳга ҳамд айтса, ё бир қултум сув ичиб ҳам Аллоҳга ҳамд айтса, Аллоҳ таоло уни яхши кўради”, деб марҳамат қилганлар.

 5-Савол: Бизнинг водий томонларда бир одат бор, одамлар қабристон зиёратига борганда, қабр усти ва атрофларига дон сепадилар, бошқа бировлар эса, олиб борган донига дуо ҳам ўқишади. Бу нарса шариатимизда борми? 

Жавоб: Йўқ. У каби ишлар жоҳилият одатларидандир. Қадимда жоҳилият замонларида одамлар қабрлар ёнига дондун қўйиб кетишлари тарихдан маълум.

Қабр усти ва атрофига дон сочиш донни исроф қилишдир. Исроф нафақат бизнинг динимизда, балки барча динларда ман қилинган. 

6-Савол: Халқимиз фарзанд туғилгандан кейин кўп касал бўлса ёки вафот этса кейинги фарзандига Турсун, Турғун, Тўхтахон каби исмлар қўйишади. Бу ширк бўлмайдими? 

Жавоб: “Шу исмни қўйганимиз учун, шу исмнинг таъсирида бола ўлмади”, дейиш ширкдир.

Касал бўлиш ҳам, вафот этиш ҳам Аллоҳ таолонинг изни биландир. Мазкур исмларда эса дуо маъноси бор. Агар дуо фаришталарнинг оминига тўғри келиб қолса, Парвардигори олам уни ижобат қилса, ажаб эмас. Зеро, ота-онанинг дуоси рад қилинмайди.

Фарзандга чиройли исм қўйиш ота-онанинг вазифасидир. 

7-Савол: Кўпинча ёши катта одамлар дастурхон атрофида дуо қилатуриб: “Еган-ичганларимизнинг савобини шу ердан ўтганларга бахшида этдик”, деб айтишади. Шунингдек, бир кишининг бошига оғир иш тушганида: “Худо унинг раҳмини есин” (Худонинг унга раҳми келсин, деган маънода бўлса керак), дейишади. Мана шунақа гапларни айтишда гуноҳ йўқми? “Ота-боболаримизнинг руҳи қўлласин” деган ибора ҳам кўп ишлатилади. Шу ҳақда динимизда нима дейилган? 

Жавоб: Мусулмон кишининг ҳар бир ишида савоб бор. Емоқ, ичмоқ ҳам шулар жумласидандир. Чунки ўша ейилган таомни ҳалол йўлдан топиш учун қилинган ҳаракат, ундан яшаш ва ибодат қилиш учун куч олиш савоб. Модомики, инсон савоб иш қилган экан, унинг ажри ўз номаи аъмолига ёзилишини сўраши ёки ўша савобни кимгадир бағишлаши мумкин. 

“Худо раҳмини есин” дегани Аллоҳ раҳм қилсин, маъносидадир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг: “Сен ердагиларга раҳм қилсанг, Аллоҳ сенга раҳм қилади”, мазмунидаги ҳадисларига мувофиқ юқоридаги сўзларни айтиш гуноҳ эмас. 

“Ўтганлар руҳи қўлласин” дейиш ёки марҳумлардан мадад сўраш жоиз эмас. Биринчидан, Аллоҳдан бошқадан ёрдам сўраш ширк ҳисобланади. Иккинчидан, марҳумлар бировга фойда етказиш ёки ёрдам беришга қодир эмаслар, балки кўплари тирикларнинг дуосига муҳтождирлар. Уламолар айтадилар: “Агар ўлганнинг қўлидан бировга манфаат етказиш келганида, энг олдин ўзига ёрдам берган бўларди”.

ЎМИ Матбуот хизмати

13814 марта ўқилди

Мақолалар

Top