Мақолалар

Оила инқирози

Ўтган асрнинг 60-йилларида ғарб мамлакатларида содир бўлган “маданий инқилоб” эр, хотин ва болаларни оилавий вазифалар, бурч ва масъулиятдан озод этиб, оилага бўлган ижтимоий эҳтиёжни йўққа чиқарди. Бу ҳол оиланинг емирилишига сабаб бўлди. Ҳукмронликни қўлга олган “оммавий маданият” кечаю кундуз азалий қадриятларни камситиб, ҳатто аёлнинг эри ва болалари бўлиши табиий, ҳаётий эҳтиёж экани ҳақидаги тасаввурлар устидан ҳам кулиб келди. Бугунги кунда аёлни оналик вазифасидан буткул маҳрум этишга интилаётган кучлар ҳам пайдо бўлди. 

Бундай вазият вужудга келишида ўтган асрнинг бошларида кўп ғарб мамлакатларида шаклланган ва бугунги кунга келиб ижтимоий ҳаракатга айланган феминизмнинг “хизмат”и катта бўлган. Масалан, ашаддий феминист аёллардан бири оила-никоҳ масаласи ҳақида тўхталиб, бундай хато фикрларни ёзган: “Никоҳ бу – қулликнинг бир шакли. Шундай экан, аёллар ҳаракати ана шу институтга қарши йўналтирилиши зарур. Негаки, никоҳ барҳам топмаган жамиятда аёлларнинг озод этилишига умид қилиш хомхаёлдир”. 

Афсус, бу ғоялар таъсирида миллион-миллион ғарблик аёллар оила қуриш ва бола туғишдан воз кечмоқда, оиланинг барча динларда қораланган ноанъанавий шакллари пайдо бўлмоқда.

1970 йилдан ҳозирги вақтгача никоҳсиз яшаётганлар сони 523 мингдан 6,5 миллионгача, яъни 1000 фоизга ошгани, фақат тўрт хонадондан биттасида тўлиқ оила истиқомат қилаётгани, бир жинслилар “никоҳ”и кўпайиб бораётгани, якка ўзи яшаётган америкаликлар мамлакат аҳолисининг 26 фоизини ташкил этаётгани фикримизни тасдиқлайди. 

Британияда эса болаларнинг 34 фоизи никоҳсиз туғилмоқда, тахминан, шунча миқдордаги катта ёшлилар ажралиш аламидан  азият чекмоқда. Келгуси йигирма йил давомида британиялик болаларнинг ярмидан озроғигина ота-она тарбиясини олиши мумкин. 

АҚШда қамалганларнинг ярмидан кўпи бузилган оилаларнинг фарзандлари экани, ота-онаси ажрашгани туфайли етказилган кучли руҳий зарба эркак ва аёлларга ўрта ёшда, ҳатто кексалик чоғида ҳам салбий таъсир ўтказиб туриши аниқланган. 

Оврупаликларда: “Эрлар аёллар учун биринчи бўлишни, аёлар эса эркаклар учун сўнггиси бўлишни орзу қилади”, деган гап бор. Бунинг маъноси бундай: Эр уй­ланмоқчи бўлган қизнинг аввал бошқа эркак билан бўлмаганини орзу қилади. Агар зинога аралашган бўлса, фарқи йўқ, бу ёғига тўғри юрса бас. Хотин эса, “Эрим менгача юрган бўлса юргандир, энди юрмасин”, деб орзу қилишидир . Бу тушунча турли маданиятларда ҳар хил қабул қилинади. 

Ҳозирги кунда ғарб мамлакатларида оилага муносабат ёмон томонга ўзгариб кетганини юқорида кўп бор таъкидлаб ўтдик. Ҳолбуки, аввалги замонларда уларда ҳам оила муқаддас, деб ҳисобланарди. Аммо оилага “эркинлик” мартабасининг берилиши жамиятни ҳам бора-бора издан чиқарди. Мисол учун, бугун ғарбда оила бобида қуйидагича бузилишларни учратиш мумкин: 

  1. Бир жинслиларнинг никоҳланишига қонун доирасида йўл очиб қўйилгани. 
  1. Оила қурмай, ёлғиз яшашга интилиш кучлилиги. 
  1. Хотин эрни ёқтирмай қолгани учун уни ташлаб кетиши .

Хуллас, оила-никоҳ муносабатларининг инқирози ғарбона турмуш тарзининг эски қадриятлари саналган фидойилик, меҳрибонлик, садоқат, имон-эътиқод каби фазилатларнинг шахсий манфаатлар қондирилишини ёқловчи қарашлар томонидан сиқиб чиқарилгани билан изоҳланади. 

“Оилада фарзанд тарбияси” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

4027 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « Илм ўрганиш фазилати (1-қисм) Изн сўраш одоби »

Мақолалар

Top