Мақолалар

Уламолар султони

Ислом тарихида “Султонул уламо”, “Амирларни сотувчи” номи билан  машҳур бўлган аллома Изз ибн Абдусалломнинг  алоҳида ўрни бор.

Унинг тўлиқ исми шарифи қуйидагича: Абу Муҳаммад Изуддин Абдулазиз ибн Абдусалом ибн Абулқосим ибн Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Муҳаззаб Суламий Шофий Дамашқий. У ҳижрий 577 сана, милодий 1181 йилда Дамашқда камбағал оилада таваллуд топди. Оиласининг фақирлигидан у ёшлигида кечалари умавийлар жоме масжидининг шимолий эшиги ёнидаги оҳак хумдонида тунашга мажбур бўлган. Бу ҳақида Имом Субкий отасидан ривоят қилган.  

Унинг масжидда истиқомат қилиши ибодат ва илм олишига сабаб бўлган. Шу вақтда умавийлар масжидида кўплаб илм халқлари мавжуд бўлиб, дунёнинг турли жойларидан келган талабалар билан доимо гавжум бўлган.  Бу тарихий масжидда тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа диний ва дунёвий илмлар ўқитилган. Кўплаб машҳур уламо  ва фақиҳлар шу масжидда дарс айтишган. Бўлажак алломанинг биринчи ёд олган китоби Абу Исҳоқ Шерозий қаламига мансуб “Танбеҳ” китоби бўлди. У шаръий ва арабий илмларни баробар ўқиб ўрганди. Тафсир, ҳадис, фиқҳ илмларини ва усулларини, луғат, тасаввуф, наҳв, балоғат, ихтилофлар ҳақида илмлардан замонасининг машҳур имомларидан дарс олди. Ибн  Имод Ҳанбалий “Табақоти Шофиия Кубро” китобида бундай ёзади: “Изз Абдуссалом фиқҳ, усул ва арабий илмларда жуда машҳур бўлди. У ўзининг бу соҳадаги тенгдошларидан ўтиб кетди, У тафсир, фиқҳ, ҳадис, олимларнинг турли ихтилофли сўзларини билишда моҳир бўлди ва мужтаҳидлик даражасига етди”.

Аллома Иззуддин Абдуссалом ёшлигининг кўп қисмини Дамашқда ўтказди. Кейинчалик Бағдодга келиб муҳаддислардан ҳадис тинглади. Сўнгра Мисрга борди ва умрининг охиригача Мисрда яшади. У 644 ҳижрий санадан кейин ҳаж қилиш нияти билан Ҳижоз ўлкасига сафар қилди.

Аллома Изуддин Ибн Абдуссалом яшаган замонда фатво чиқариш учун расмий мансаб ва вазифа мавжуд бўлмаган. Биринчи расмий ҳукумат фатволари усмонийлар давлатида вужудга келди. Олдинги асрларда фатво беришга иқтидорли ва салоҳиятли уламолар ўзларининг билимлари, аҳкомларни тўғри  идрок этишларига қараб ўзларича бу вазифани адо этардилар. Имом Изуддин Абдуссалом Шом диёрида яшаган даврда фатво  берган эди. Уни “Шом диёри муфтийси” деб аташарди.

“Аллоҳ таоло каломи тафсири” атрофида бўлган фитна сабабидан Шом султони Ашраф Мусо уни бу вазифадан озод этгунга қадар унда давом этди.

Бу ишга ҳанафий мазҳаб уламоси, шайх Жамолиддин Хусайрий аралашди ва султоннинг бу ишини маъқул топмади. Натижада султон ўз фикридан қайтди, уни авф этиб, ҳадялар юборди. Изз Абдуссалом султоннинг инъомларни қабул қилмади. Натижада алломанинг шон-шуҳрати атроф ўлкаларда кенг тарқалди.

Аллома Изуддин Абдуссалом турли илмларни пухта ўргангандан кейин илмнинг дарслар айта бошлади. Унинг биринчи айтган дарси Дамашқда бошланган бўлса, охиргиси Қоҳирада бўлди. У Мисрда бўлган вақтда  уйида, масжидда ва  бошқа кўплаб жойларда илм нурини тарқатди. Ибн Касир шундай дейди: “Талабалар ундан  кўп истеъфода қилишди. У Дамашқдаги бир қанча мадрасаларда таълим берди. (Ал Изз ибн Абдуссалом. Қавоид ал Аҳком, 2 жуз, 220-221-бетлар).

Тарихий манбаларда кўрсатилишича, аллома Ибн Абдуссалом мадрасада биринчи бўлиб тафсир илмидан дарс берган. Бу ҳақда Ибн Ибод Ҳанбалий бундай дейди: “У биринчи бўлиб ўз дарсларида тафсирдан дарс берган эди” (Шузурот заҳаб китоби, 5 жуз, 302 бет).

Шайх Изз Абдуссаломни 637 ҳижрий санада султон Солиҳ Исмоил Дамашқдаги умавийлар жоме масжидига имом-хатиб этиб тайинлайди.

Тарихий манбаларда зикр қилинишига аллома, имом Изз Абдуссалом 639 ҳижрий санада Мисрга сафар қилади. Миср султони Солиҳ Айюб унинг алломалигидан хабардор эди. Иттифоқо, унинг Мисрга келиши Миср қозиси Шарофуддин Ибн Айнидавланинг вафотига тўғри келади. Миср султони  Солиҳ Айюб уни катта тантана ва ҳурмат-эътибор билан кутиб олади ва қозилар қозиси ҳамда ўша замондаги энг катта ва қадимий бўлган Амр ибн Ос масжидига имом-хатиб этиб тайинлайди.

Миср султони Солиҳ Айюб ўз сиёсий ва ҳарбий мавқеини мустаҳкамлаш ниятида қўшинларини кучайтиради, Марказий Осиё ва унинг ғарбидан кўплаб турк мамлукларни давлат моли ҳисобига сотиб олади. Уларни жангга тайёрлайди. Улар султоннинг ишончига киради, ҳатто айримлари бош қўмондонлик даражасига етишади, улардан бири эса султонга ноиб бўлиш шарафига эришади.

Аллома, Мисрга бош қози этиб тайинлангач салтанатни идора этишдаги айрим хато ва камчиликларни кўрди. Улардан бири амирлар ҳамон қул  экани эди. Уларнинг озод этилгани ҳақида бирор ҳужжат мавжуд эмас эди. Шариат ҳукми бўйича эса қуллар бошлиқ бўла олмайди ва ўзларининг ҳаётини тасарруф қила олмайди.

Имом Изз Абдуссалом уларнинг олди-сотди қилиши ва никоҳланиши тўғри эмас, деб эълон қилди. Натижада уларнинг, шу жумладан, султонга ноиб бўлган мамлукларнинг манфатига зарар етди. (Имом Шаъроний, Табақот ал Кубро, 1 жуз, 13-14 бетлар). Бу иш мамлук амирларнинг ниҳоятда ғазабини қўзғади, аммо улар ғазабларини босиб Имом Изз Абдуссалом билан келишиш ва бу масалани чиройли йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилди. Имом ўз фикрида қатъий турди ва муаммони ҳал этишнинг бирдан-бир йўли уларни қул бозорида кимошди қилиб сотиш,  сўнгра озод қилишдир, деди.

Улар бу  ҳолдан ниҳоят даражада дарғазаб бўлишди. Бу хабар султон  Солиҳ Айюбга етиб борди. Султон Имом Изз Абдуссаломдан фикридан қайтишини ва ўзига тааллуқли бўлмаган ишга аралашмаслигини  сўради. Бу гаплар имомга қаттиқ ботди ва бош қозилик вазифасидан истеъфо бериб оиласи билан Қоҳирадан кўчиб кетишини эълон қилди ва дарҳол шаҳардан чиқди. Бу хабар тезда халқ оммасига тарқалди, улар имомнинг ёнини олди ва Имом Қоҳирадан чиқар-чиқмас уламолар, тижоратчилар, солиҳ кишилар ҳатто аёллар  ва ёш болалар имомга эргашиб шаҳардан чиқа бошлади. Султоннинг  яқинларидан бири унга бундай деди: “Салтанатингни сақлаб қол. Шайх кетиб қолса, мулкинг ҳам кетади”. Султон дарҳол отига миниб шайх, имом Изз Абдуссаломга етишди ва узр сўраб ортга қайтишни илтимос қилди. Аллома амирларни кимошди савдосида сотиш ва сўнгра озод қилиш шарти билан шаҳарга қайтди.  У билан бирга бўлганларнинг ҳаммаси шаҳарга қайтди (Шужоат Изз Абдуссалом номли китоб).

Имом шаҳарга қайтгандан кейин кимошди савдоси куни белгиланди ва барча мамлук амирлар бирма-бир ниҳоятда қиммат баҳода сотилди, халқ ҳам бу савдода иштирок этди. Айрим амирларнинг баҳоси жуда кўтарилиб, қимматлашиб сотиб олиш имкони бўлмаганида, султон Солиҳ Айюб ўзининг хос маблағи эвазига сотиб олди. Савдодан тушган маблағни Имом Изз Абдуссалом жам қилди. Барча амирлар сотилгандан кейин Султон уларни озод қилди ва улар ўз хизматларида давом этишди. Имом Изз Абдуссалом йиғилган маблағни мусулмонларнинг умумий  манфаатлари йўлига, турли  хайрли ишларга сарфлади. Ибн Субкий шундай ёзади: “Аллоҳ раҳм қилсин ва ундан рози бўлсин! Бирон бир киши шундай иш қилгани эшитилмаган эди (Изз Абдуссаломнинг “Мажоз ал Қуръон” китоби).

Уламолар султони Изз Абдуссалом 660  ҳижрий сана, 1262 милодий йилда 83 ёшда Мисрда вафот этди. Имом Изз Абдуссалом чошгоҳга яқин Қоҳира шаҳридаги Муқаттам тоғи этагидаги Қарофа қабристони яқинидаги кўл тарафга дафн этилади. Унинг жанозасини султон Зоҳир Бийбарс ўқиди. Имомнинг жанозасига Миср аҳлининг деярли барчаси иштирок этди (Табақот Шофиия Кубро, 8 жуз, 212-213 бетлар).  Султон Зоҳир Бийбарс унинг вафотидан қаттиқ қайғуради ва аллома вафоти ўзининг ҳукмронлиги вақтида бўлганидан жуда афсусланади. Султон бу ҳақда шундай деди: “Лаа илаҳа иллаллоҳ! Шайхнинг вафоти менинг султонлигим вақтида бўлди-я”. Аллома жанозасида амирлар, аъёнлар ва аскарлар иштирок этишди. Султоннинг ўзи тобутни кўтаришди ва дафнда ҳозир бўлди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар).

Миср диёрининг барча ўлкаларида, Шомнинг Фрот дарёсигача бўлган барча шаҳарларида Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Яманда, умавийларнинг жоме масжидида ва дунёнинг турли шаҳарларидаги масжидларда алломага ғойибона жаноза ўқилди (Табақот Шофиия Кубро китоби, 8 жуз, 212-213 бетлар).

Аллома Изз Абдуссалом ўзидан бир қанча китоб, рисола ва таснифотлар қолдирган. Аммо бу илмий меросларнинг адади унинг илм ва маърифатига мувофиқ даражада эмас. Шунинг учун ҳам Ёфиъий Яманий буни шундай изоҳлайди: “У китобларидан кўра илми кўп кишилар жумласидан ҳисобланади”. Бунинг сабаби имом Изз Абдуссалом расмий мансаб, халқ  хизматида, амру маъруф ва наҳий мункар билан кўпроқ машғул бўлгани билан изоҳланади.

Имом Изз Абдуссаломдан қолган илмий мерослар жумласига унинг тафсири, ҳадис илмида Имом Муслимнинг саҳиҳларининг мухтасари, Тавҳид илмида “Ал Мулихха фи эътиқод аҳли ал ҳақ”, “Алфарқ байнал ислом вал иймон”, “Алғол фи ихтисор ал ниҳоя” (5 жуз), “Мақосид ас солаҳ”, “Мақосид ас савм”, “Маносик ал ҳаж”, “Алфатвойи ал  Мисрия”. Усул фиқҳга доир “Қавоъид ал аҳком фи масолих ал аном”, “Ал Имом фи баёни адиллатик аҳком”. Одоб-ахлоқ, таълим ва тарбия, тасаввуф ва зуҳдга доир “Шажаратул маориф вал аҳвол ва солиҳ алақвол ва ал аъмол”, “Мақосид ар риоя ли ҳуқуқиллаҳ”, “Масоил ат тариқа фи илмил ҳақиқа” каби китоблар шулар жумласидандир.

Яқин вақтларда, иншоаллоҳ, эътиборингизга уламолар султони аллома Изз ибн Абдуссаломнинг энг машҳур китобларидан бири “Шажарат ал маориф вал аҳвол ва солиҳ ал аҳвол вал аъмол” китобидан айрим лавҳаларни ҳавола этамиз.

 

Абдулҳамид ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси маслаҳатчиси

3845 марта ўқилди
Другие материалы в этой категории: « ГМО бу – бизнес “Кўз-кўз қилманг, кўз тегар” »

Мақолалар

Top