Мақолалар

Фаришталар  ҳозир бўладиган намоз

Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни мукаммал адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (адо қилинг). Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир” (Исро, 78).

Барча муфассирлар бу оят кундалик беш вақт фарз намозларга ишора эканига ижмо қилган.

Уламолар оятдаги “оғиш” (“дулук”) сўзи тафсирида икки хил фикр билдирган. Биринчиси – қуёшнинг оғиши. Ҳазрат Умар ўғли Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос розияллоҳу анҳум ва бошқа бир гуруҳ тобеий олимлар шу фикрни айтишган.

Иккинчиси – кун ботиши. Бу фикрни ҳазрат Али, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум айтган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу оятдаги ушбу калима тафсирида бундай деган: “Жоним изнида бўлган Зотга қасам, у (вақт) рўзадорнинг оғзини очиши ва (шом) намози вақтидир” (Табарий).

Ибн Атийя айтади: «“Дулук” луғатда майл, мойиллик маъносини англатади. Унинг боши қуёшнинг оғиши, охири кун ботишидир. Яъни, оғишдан то кун ботгунигача бўлган вақт “дулук” дейилади. Чунки бу пайтда қуёш (ғарбга) мойил бўлади. Бу вақт ичида пешин, аср ва шом намозлари ўқилади. Тўғрироғи, шом тун қоронғуси тушишидир. Зеро, “тун қоронғуси” (“ғосақул лайл”) ибораси қош қорайган, (қоронғулик чўккан) вақтга нисбатан қўлланади. Бу вақт оралиғида шом билан хуфтон намозлари ўқилади».

“Қуръанал фажри”дан (“тонгги ўқиш”) мурод бомдод намози эканига муфассирлар иттифоқ қилишган. Бомдод намозининг бундай номланиши ҳақида турли фикрлар бор.

Фахриддин Розий оят тафсирида бундай ёзади: “Бу оят бомдод намозида бошқа намозлардан кўра узунроқ қироат қилишга тарғибдир. Шунга асосан, фуқаҳолар бомдод намозида узунроқ қироат қилишни суннат дейишган”.

“Зеро, тонгги ўқиш (фаришталар) ҳозир бўладиган (намоз)дир”.

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни тафсир қилиб: “Унга тунги ва тонгги фаришталар гувоҳ бўлади” деганлар». Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан нақл қилади: “Жамоат билан ўқилган намоз фазилати ёлғиз ўқилган намоздан йигирма беш баробар ортиқдир. Тунги ва тонгги фаришталар бомдод намозида тўпланади(Имом Бухорий ривояти).

Кўп олим бу оят тафсирида бундай деган: “Кеча ва кундуз фаришталари бомдод намозида имомнинг ортида туради. Жамоат бомдод намозини ўқиётганида, кеча фаришталари ҳали осмонга кўтарилмасдан кундуз фаришталари ер юзига тушади. Имом бомдод намозини тугатгач, кундуз фаришталари ерда қолади, кеча фаришталари осмонга кўтарилади. Улар: “Парвардигоро, бандаларинг Сенга ибодат қилаётганида улардан айрилдик”, дейишади. Кундуз фаришталари эса: “Эй Раббимиз, бандаларинг олдига тушганимизда улар намоз ўқиётган эди”, дейишади. Аллоҳ таоло у фаришталарга: “Гувоҳ бўлинг, Мен уларни кечирдим, гуноҳларидан ўтдим”, деб марҳамат қилади” (“Мафотиҳул ғайб”).

Оятни яна бундай шарҳласа бўлади: Тунги уйқудан сўнг инсоннинг фикру хаёлида ёмон ўйлар қолмайди, улар тоза бўлади. Покланиб, тоза фикр, мусаффо ақл билан уйғонган одам кунни Аллоҳ таолога ибодат (бомдод намозини ўқиш) билан бошласа, онги ва кўнглида покиза ва соф туйғулар нақшланади. Бунинг самараси ўлароқ, тоат-ибодатга майли ортади, Яратганга яқинлиги ортиб, нафсоний истаклари заифлашади. Бу ҳол тонгда ширин уйқудан кечиб, бомдодга туришни одатга айлантира олган инсонда рўй беради.

Албатта, эрта тонгда уйғониш нафсга оғир келади.

Демак, фаришталар Аллоҳ таоло ҳузурида бизнинг фойдамизга гувоҳлик беришини, энг муҳими, Раббимизнинг мағфиратига эришишни истасак, барча намозлар, айниқса, аср ва бомдод намозларини жамоат билан адо этишга ғайрат қилишимиз зарур.

Табарий, Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида

Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

6661 марта ўқилди

Мақолалар

Top