Мақолалар

Оилада тақвонинг зарурлиги

Шайхул ислом, муфтий Муҳаммад Тақий Усмоний ҳазратлари айтадилар:

“Менинг падари бузрукворим муфтий Муҳаммад Шафеъ Усмоний раҳматуллоҳи алайҳ айтар эдилар: “Оилада эр- хотиннинг қалбида тақво, Аллоҳдан қўрқув бўлмагунича ўрталаридаги алоқа яхши ва гўзал бўлмайди. Эр-хотин ўртасида шундайин яқин алоқа бўладики, улардан кўра яқинроқ алоқа бошқа бировларнинг ўртасида бўлиши мумкин эмас. Эр-хотин иккиси бир-бирига сирдош бўлади. Булар ўртасидаги алоқа ҳеч қачон ўзгалар олдида буткул ошкор қилиниши мумкин ҳам эмас. Эр-хотин иккиси ўзаро ёлғизлик, танҳоликда яшайдилар.Шунда бир-бирларига азият бериб қўйишса ва ўзаро ҳақларини поймол қилиб қўйишса, уларнинг ўрталарига бирор аралашувчи ва тўхтатиб қолувчи туша олмайди. Кўп ҳақлар шундай бўладики, агар бирор кимса томонидан ҳаққингиз поймол қилинса, у ҳолда полиция орқали ҳаққингизни ундириб олишингиз мумкин ёки судга мурожаат қилиб суд орқали ҳам ҳаққингизни қўлга киритишингиз мумкин. Аммо оилада эр-хотин ўртасида бир қанча ҳақ-ҳуқуқлар борки, уларни на полиция ва на суд орқали қўлга киритиш мумкин бўлади. Суд эр-хотин ўртасидаги молиявий ҳақ-ҳуқуқлардан бўлган маҳрни ёки нафақасини ундириб бериши мумкин. Аммо эр оилада хотинига хўмрайиб, қовоғини солиб қараса, гапирган вақтида дилозорлик қилса, қўрс гапларни гапирса, буни на бир полиция ва на бир суд бартараф қилиб бера олади. Бундай муаммоларни фақатгина Аллоҳдан қўрқувгина бартараф қилиши мумкин холос.

Аллоҳдан қўрқиш ҳақларни адо қилдира олади.

Агар бирор нарса оиладаги муаммони бартараф қила олса, у ҳам фақат бир нарса бўлиши мумкин, у Аллоҳдан қўрқиш, тақво қилишдир. Қачончи, эрнинг қалбида Аллоҳдан қўрқиш ҳисси бўлса, Аллоҳ бу аёлимни мен билан бирга қилди, унинг менда бир неча ҳақлари бор, мен у ҳақларни адо қилишим керак, агар адо қилмасам, Аллоҳ таоло мени азобга тутади, деган ўй бўлса, ўзаро ҳақларни адо қила олади. Демак, бундай муаммоларни фақатгина Аллоҳдан қўрқувгина бартараф қилиши мумкин холос. Шунинг учун оилада эр-хотин тинч бўлиб ҳақлари гўзал тарзда адо этилиши учун мана шу бир сифат, Аллоҳдан қўрқув, тақво бўлиши керак.

«Ханданий хуқуқў фарайиз» китобидан

Абдулқаййум Комил таржимаси

Манба: http://ukkosha.shosh.uz

4187 марта ўқилди

Мақолалар

Top