Мақолалар

Илоҳо, бандаман, бечорадурман...

Сўфи Оллоҳёр 1630-1650 йиллар оралиғида Самарқанднинг Каттақўрғон беклигига қарашли Минглар қишлоғида таваллуд топган. Сўфи Оллоҳёр дастлаб ўз қишлоғида савод чиқаради. Олти ёшида Қуръони каримни ўқиб туширади. Дастлаб, Шайхлар қишлоғида таълим олиб, сўнгра 12 ёшида Бухорога бориб Жўйбор мадрасасида ўқишни давом эттиради. Сўфи Оллоҳёр ўзининг иқтидори, қобилияти, донолиги туфайли мадрасани имтиёзли тугатиб, Бухоро хонининг эътиборига тушади, мақтов ёрлиғи билан мукофотланиб, 25 ёшида хонликнинг божхона-солиқ тўралиги лавозимига тайинланади. Бу лавозимда ҳалоллик ва фидоийлик билан ишлаб хонлик хазинасини бойитишга муносиб ҳисса қўшади. Хоннинг мақтов ва мукофотларига сазовор бўлади, лекин оддий фуқароларнинг қийинчиликларини, хонликдаги баъзи мансаб аҳлининг ноҳақликларини кўриб ўз вазифасидан воз кечиб, тақво йўлини тутишга аҳд қилади. Ниҳоят тасаввуф йўлини танлаб, зуҳду ибодатга берилиб кетади. Ўша даврнинг улуғ олими, шайх Ҳабибуллоҳ қўлида 12 йил таҳсил олиб, тариқат сирларини ўрганиб, ўзи ҳам шайхлик (муршидлик) даражасига етади. Халққа шариат ва тасаввуф таълимотини тушунтириш мақсадида (Панжикент, Ургут, Шаҳрисабз, Ғузор, Дехқонобод, Бойсун, Шеробод, Қабадиён, Қоратегин, Ҳисор, Деҳнов ва бошқа шаҳару қишлоқларга) сафар қилиб, у ерларда бир неча йиллар яшаб, толиби илмларга шариат ва тариқат аҳкомларидан таълим беради.

Сўфи Оллоҳёр кўплаб илмлар бўйича етук олим ҳамда форс тилида ҳам, туркий тилда ҳам маҳорат билан ижод этган уламолардан ҳисобланади. Асарларида келган маълумотларга кўра бу зот Шайх Ҳабибуллоҳ, Сўфи Наврўз Бухорий ва Хўжа Мўмин сингари устозлардан таълим олган. 
Сўфи Оллоҳёрнинг вафот этган санаси, кўпчилик тадқиқотчиларнинг фикрларига кўра, 1721 йилга тўғри келади. Қабри Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманига қарашли Катта Вахшивор қишлоғидадир. Сўфи Оллоҳёрнинг кўплаб авлодлари ҳозирда ушбу қишлоқда яшайдилар. 
Сўфи Оллоҳёр забардаст шоиргина эмас, айни пайтда йирик мутафаккир, олим ҳамдир. У «Махзанул мутеин» асарини араб тилида, «Маслакул муттақин» ва «Муродул орифин» асарларини форс тилида, «Саботул ожизин» китобини туркий тилида ёзиб, Ислом оламига улуғ мерос қолдириб кетган.

Сўфи Оллоҳёр китоблари ўз даврида ҳам, кейинги даврларда ҳам мадрасаларда ва халқ орасида кенг ўқитилганлиги учун ҳам унинг номи ва китоблари машҳур бўлиб кетган. Сўфи Оллоҳёрнинг «Саботул ожизин» китоби одамлар орасида «Мағзи Қуръон» сифатида эътироф этилган ва бу асарни баъзилар ёддан билган. Сўфи Оллоҳёр асарлари жуда кўп марта қўлёзма сифатида кўчирилган ва нашр қилинган.

Сўфи Оллоҳёр адабий мероси ўзбек мумтоз адабиёти ва тасаввуф тарихида алоҳида ўрин тутади. Хожа Аҳрор Валий, Маҳдуми Аъзам каби бобокалонларимиз Нақшбандия таълимотини ижтимоий ҳаётга тадбиқ этишда намуна бўлганлар. Сўфи Аллоҳёрга бу тариқатнинг таълим тизимини мадрасаларга ҳам олиб кирди. Алломанинг «Маслакул муттақин» асари Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Татаристон ва бошқа ўлкаларда бир неча бор чоп этилган. Сўфи Оллоҳёр Марказий Осиёда яшовчи туркий ва форсий тилли халқларни ўз асарлари билан баҳраманд этиб, уларни ягона исломий ва ахлоқий ҳамда фалсафий-эстетик мафкура ялови остида бирлаштирди. Натижада курраи заминнинг турли минтақаларида яшовчи халқлар бир-бирлари билан маънан яқинлашдилар ва бир-бирларининг маърифатпарварлик ғояларидан хабардор бўлдилар. У зот ўзининг ана шундай хизматлари билан миллионлаб кишиларнинг муаллими ва мураббийсига айланди.

Сўнги йилларда муқаддас тупроғимизда туғилиб вояга етган улуғ сиймолар – Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Исмоил Бухорий, Абдухолиқ Ғиждувоний мақбаралари ва бошқа ўнлаб тарихий ёдгорликлар, муқаддас қадамжоларни обод этишдек қутлуғ ишлар амалга оширилди. 2005 йилда эса Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари мангу қўним топган масканни обод этиш мақсадида «Сўфи Оллоҳёр» жамғармаси ташкил этилди.

 

МУНОЖОТ

Илоҳо, бандаман, бечорадурман,
Ҳавойи нафс ила оворадурман.

Эрурман барча нуқсонимға иқрор,
Мусулмон ўғли қилмас ишларим бор.

Эрурман бандаларни сарнигуни,
Тўлай ёру биродарлар забуни.

Манингдек осий бўлғайму жаҳонда,
Гуноҳим зоҳиримдан кўп ниҳонда.

Нетай, чун айни ақлим безиёдур,
Амал ҳам йўқ, агар қилсам риёдур.

Агарчи ман ёмон қул пой то фарқ,
Бўлибман маъсият дарёсиға ғарқ.

Вале содиқ эрурман бирлигингга,
Таёнибман Сани ғофирлигингга.

Лаҳадга кирса бу ёлғуз ғариб бош,
Ўгурса юз ҳама қавму қариндош.

Таҳаййур бўлса жони ғам .сиришта,
Етушса сўрғоли ики фаришта.

Сан осон этмасанг андоғ саволи,
Нечук кечгай ғариб бандангни ҳоли?

Деса: «ман роббук» ики абди даргоҳ,
Тилимга жорий қилғил: «Раббим —Оллоҳ!

Агарчи осийдур, ё Раб, бу банда,
Ўзинг бандам дегил, «Раббим» деганда.

Агар сен қилмасанг, қуллуқ отин жуд,
Манинг «қулман» деганимдан нечук суд?

Илоҳо, лутф қил, мунда ва анда,
Мани банда этиб, беркит бу банда.

Агар чанди ки гўрсиз ўлса инсон,
Сўролур, албатта, бешакку нуқсон.

Агар дарёда ўлсун ё осилсун,
Азоб этса, бани одам на билсун.

Даранда одам ўғлин қилса хўрок,
Гумон йўқдур, сўрар қорнида, эй пок.

Агар банда муьаззаб бўлса анда,
Қолур туймай бу ишни ул даранда.

Нечук қилса эрур Қодиру Носир,
Бу ерда бандасининг ақли қосир.

На ким айди Худойинг ё Паямбар,
Ани маҳкам тутиб, фикр этма дигар.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

7509 марта ўқилди

Мақолалар

Top