Мақолалар

Экин экувчининг одоби

Экин, кўчат экканда динимизда ваъда қилинган улуғ ажр савобга эга бўлиш учун қуйидаги шартларга риоя қилиш даркор:

  • Ниятни тўғри қилиш.

Фақат дунёвий манфаат кўришни ният қилмасдан, балки Аллоҳ таолодан ажр савоб умидида ўзи ва бошқаларнинг ҳам манфаат кўришларини ният қилишлик.
Имом Қуртубий “Ал-Жомеъ ли аҳкамил-Қуръан” тафсирида айтади: “Ҳар ким ерга уруғ сепаётганида истиъозани (“Аъузу биллаҳ…”) ўқиганидан кейин, Воқеа сурасидаги:

أَفَرَأَيْتُمْ مَا تَحْرُثُونَ أَأَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ
سورة الواقعة/63-67)

яъни: «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!» оятини ўқисин. Сўнгра “Ундириб-ўстирувчи, вояга етказувчи Аллоҳ таолодир. Эй Аллоҳим, Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) салавоту саломлар йўлла, бу экиннинг ҳосилидан бизларни баҳраманд эт, зараридан узоқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчи, лутфу эҳсонларингни зикр этувчи бандаларингдан айла! Эй оламлар Парвардигори, буни бизга баракали қилгин!” деб дуо қилсин. Бу деҳқон учун яхши бўлади. Бундай дуо қилиш экин-тикиннинг қурт-қумурсқа, чигиртка, қурғоқчилик каби бало-офатлардан сақланиши гарови дейилган. Қуртубий бу дуони ишончли кишилардан эшитгани ва тажрибадан ўтганини айтади.

  • Эътиқодни тўғри қилиш.

Ризқ касбдан ёки ердан эмас, Аллоҳ таолодан деб билиш, ерни бўйсундириб берган, экинларни ундириб ўстирган Аллоҳ таоло деб билиш.

روي عن النبي صلى الله عليه وسلم أنه قال : « لا يقولن أحدكم زرعت وليقل حرثت ؛ فإن الزارع هو الله » .

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: “Ҳеч бирингиз “(экин) ўстирдим” демасин, балки “экдим” десин. Зеро, уни ўстирувчи (зориъ) Аллоҳ таолодир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Чунки деҳқон эътиқодини тўғрилаб олиш керак. У экин экиб, сувини, ўғитини беради, чопади, лекин экинни ундириб ўстириш, ҳосилга киритиш, шаклга киритиш, ранг бериш, таъм бериш эса Аллоҳ таолонинг қудратидир, Аллоҳ таолога хос ишлардир.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

أَفَرَأَيْتُمْ مَا تَحْرُثُونَ أَأَنْتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ

 «Сизлар экаётган зироатларингиз (экинларингиз) ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?!”, дейди (Воқеа, 63-64).

Имом Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада экин экиш ишида банданинг иштироки бор, лекин уни ўстириш, ундиришда банданинг мутлақо иштироки йўқлигини баён қилди”.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ансорларнинг ерларидан ўтаётиб улардан: “Экин экишларингиздан сизларни нима тўсяпти?” деб сўрадилар. Улар: “Қурғоқчилик”, деб жавоб беришди. Шунда У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Йўқ, ундай деманглар! Чунки Аллоҳ таоло: “Ундириб ўстирувчи Зот Менман, истасам сув билан, истасам уруғ билан ўстираман”, деб марҳамат қилган” деб юқоридаги “Воқеа” сурасидаги оятни ўқидилар.

  • Экилган экин ёки кўчат бировдан зулм билан тортиб олинган бўлмаслиги ёки бировдан зулм билан тортиб олинган ерга экилган бўлмаслиги.
  • Экин экиш, кўчат экиш сабабли Аллоҳ таолонинг хаққи – ибодатлар тарк қилинган бўлмаслиги ёки вақтидан кечиктирилган бўлмаслиги. Ибодатлар тарк қилинган ҳолда экилган экин, кўчат учун банда ваъда қилинган ажр савобларга эриша олмайди.
  • Экилган экин ёки кўчат Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалар бўлмаслиги. Тамаки, гиёҳванд моддалар каби нарсаларни эккан одамга хеч қандай ажр савоб бўлмайди.
  • Экин экиш мобайнида бирор жонзотга азият бермаслик ва зулм қилмаслик. Бунга ҳайвонларни зўрлаб, тоқатидан ташқари оғир ишларни бажартириш, ноҳақ уриш, устига ҳаддан ортиқ юк юклаш, торттириш каби ишлар киради.

Масалан, баъзида учраб турадиган холат, экинни йиғиштириб бўлгандан кейин пайкалга ўт қўйиб юбориш. Бу ҳам динимизда қайтарилган ишдир. Чунки, ҳосилни йиғиштириб олгандан кейин ерга ўт қўйиб юборилса, ер устидаги минерал ўғитлар куйиб, ер унумдорлиги йўқолади. Бугуни кунда эса экология, табиатни муҳофаза қилиш ташкилотлари ҳам бунга йўл қўймаслигининг сабаби ҳам шунда. Бу ишнинг ёмон тарафларидан яна бири Аллоҳ таолонинг кичик, заиф махлуқотларини куйдириш бор. Чумолими, бошқа ҳашоратларми ерга ўт қўйилганда куйиб, азобланади.

Сулаймон алайҳиссалом замонларида шунақа воқеа бўлганида, чумолилар Аллоҳ таолога шикоят қилишди. Шунда, Аллоҳ таоло Сулаймон алайҳиссаломга ваҳий юбориб: “Ер юзида Аллоҳга тасбеҳ айтаётган қавмни нега ёқасан!”, деди. Ким Аллоҳ таолонинг бирор махлуқотини куйдириб азобласа, охиратда уни ҳам Аллоҳ таоло куйдириб азоблайди.

  • Экилган экин, кўчатлардаги Аллоҳ таолонинг ҳаққини адо этиш. Экинларни йиғиштириб олган вақтда закоти, ушри, хирожини фақирлар, муҳтожлар ва хақдорларга адо қилиш. Аллоҳ таоло шундай дейди:

{ وَآتُوا حَقَّهُ يَوْمَ حَصَادِهِ }

Ва экинларнинг йиғим-терим пайтида ҳаққини берингиз”, дейди (Анъом, 141).

Илҳомжон МАДАЛИЕВ,
“Мўйи Муборак” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

1167 марта ўқилди

Мақолалар

Top