Мақолалар

Дунё бешигин тебратган она

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт ҳолида, яъни эркак ва аёл қилиб яратган. Аёл зотини эса ардоқли, эркакларга жуфти ҳалол ва ором-сакинат, оиланинг чироғи ва посбони, фарзандлар мураббияси қилиб дунёга келтирган. Жамиятнинг деярли тенг ярмини аёллар ташкил этар экан, ҳаётдаги турмуш юмушлари ва ташвишларининг ярми ҳам улар зиммасидадир. Аёл – аввало онамиз, қолаверса, жуфти ҳалолимиз, опа-синглимиз, қизимиздир. Агар аёл ҳаётда ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлса, демак, жамият соғлом бўлади. Чунки келажак меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келади. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни ҳам оналаримиз, момоларимиз ўргатишади. Шундай экан, келажак авлоднинг яхши, солиҳ бўлиши бугунги кун аёлларининг қанчалик солиҳа, ҳаёли, ахлоқли бўлишларига ҳар жиҳатдан боғлиқдир.

Исломгача бутун дунёда аёл шаъни ерга урилган, унга худди бир буюм, матоҳ ёки йўлдан оздирувчи шайтон сифатида қаралган. Улар ҳар қадамда хўрланган, ҳақлари поймол этилган, уларни бузуқ ишларга қўйилган. Ислом динигина аёлга чинакам ҳурлик олиб келди, уни ҳар жиҳатдан жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айлантирди ва ҳурматини жойига қўйди. Ислом динигина аёлнинг шарафи, иффати, ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаб берди, Ислом бундан ўн беш аср муқаддам аёлни олий мартабага кўтарди. У бутун инсоният пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом тиллари томонларидан «Жаннат оналар оёғи остидадир», «Ўз хотинига меҳр-шафқатли бўлган кишилар энг яхшиларингиздир», дея эътироф этилди. Исломда эркакларга ўз аёлларига хушмуомала бўлиш, уларни урмаслик, илм олишига ва дину диёнатли бўлишига шароит яратиб бериш, таом, кийим, бошпана ва рўзғор ашёлари билан таъминлаш, никоҳда маҳрини бериш каби кўплаб мажбуриятлар юкланган.

Динимиз аёлларни мўътабар инсон сифатида қадр-қийматларини ниҳоят даражада юқори баҳолайди. Шунга биноан бугунги куннинг аёли ҳам унга берилган ҳақ-ҳуқуқлардан оқилона фойдаланиш билан бир қаторда, аёллик иффтини сақлаб, ўз шаънига доғ туширмасликка ҳаракат қилмоғи лозим. Аёл кишининг энг муҳим вазифаларидан бири унинг оиласи, фарзандлари борасидаги маъсуллигидир. Юқорида таъкидланганидек, эр киши кўпроқ вақтини оиласини нафақа билан таъминлаш йўлида ҳаракат қилиб юради. Табиийки, уй ишлари билан шуғулланишга кам вақт ажратади. Уй ишларини аёл киши қилади, покликка, тинчликка жавоб беради. Бошқа вазифаси ҳам бор, бу фарзанд кўриш, унга тарбия беришдир. Демак, аёл оиланинг ички ишларига масъулдир. Юртимизда хотин-қизлар, она-бола ва ёш оилалар ҳақ-ҳуқуқларини кафолатлаш, уларга қулай яшаш шароитларини яратиш ва сиҳат-саломатликларини мустаҳкамлаш борасида кўплаб самарали чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Оилада аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда улар миллий-диний қадриятларимиз, анъаналаримизни давом эттириб, ўзбек оилалари, хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл-юртнинг муносиб ўғил-қизлари, Ватанининг ҳақиқий содиқ фарзанди бўлиб вояга етишларида жон куйдириб келмоқдалар
Шундай экан, омонатга содиқ қолиб, аёлларимизнинг турмушини фаровон қилайлик, оналаримиз, опа-сингилларимиз ва турмуш ўртоқларимизнинг кўнгилларини кўтариб, уларга нисбатан кўпроқ ҳурмат-иззат кўрсатайлик, Зеро, Ҳақ таоло каломи шарифида бундай дейди:
“Улар билан тотув турмуш кечирингиз. Агар уларни ёмон кўрсаларингиз, (билиб қўйингки,) балким сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин”.
Ояти карима маъно ва мазмунига мувофиқ аҳлу-аёлларимизга ҳурмат ва муҳаббатда бўлиб яшашимиз, уларнинг оилада бўлиб турадиган айрим хато ва камчиликларини кечиришимиз лозим бўлади. Аллоҳ таоло аёлларимизни ҳамиша ҳақ йўлдан адаштирмасин, уларнинг оила осойишталиги ва фарзанд тарбиясининг бекаси сифатидаги ишларида Ўзи куч-қувват, барака ва ихлос ато этсин, барчаларимизни икки дунё саодатига муяссар айласин.

Навоий вилояти

Конимех тумани имом-хатиби

Абдураҳманов Тоир

 тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

3831 марта ўқилди

Мақолалар

Top