Версия для печати

Мақолалар

Отилган тошдан олинган сабоқ

Одамларнинг яхшиси ўз қалбида яхшиликка йўл очгани ва ёмонликни  ҳамда очкўзликни ҳайдаб чиқарганидир.

Муҳаммад ЗЕҲНИЙ 

Америкалик машҳур спрот юлдузи янги, чўғдек қип-қизил “ягуар” сотиб олди. Бир куни машинасига ястаниб ўтириб олиб, мусиқани баланд овозда қўйиб роҳатланиб кетаётганда машина ойнасига “чарс” этиб кичик тош тегди. У машинани четга олиб қараса, ойнага тош теккан жойда доғга ўхшаган из қолибди.

Машинадан тушиб тош отган болага: “Нима қилганинг бу, аҳмоқ?! Бу машина қанча туришини биласанми?! деб бақирди

Бола қўрқувдан титраб: “Амакижон, мени кечиринг. Бундай қилмоқчи эмасдим. Ногирон акам аравачасидан йиқилиб тушди. Аравачага кўтариб ўтқазишга кучим етмади. Бир неча соатдан бери шу ерда турибмиз. Аммо бирорта машина тўхтамади. Ахийри, шундай қилишга мажбур бўлдим, мени кечиринг”, деди.

Спорт юлдузи шунда унинг шеригини кўрди. У зах ерга ўтириб олган, ёнида ногиронлик аравачаси турарди. Илк бор ўзидан уялди. Йиғлаётган болага яқинлашиб, бошини силади, акасини ҳам юпатган бўлди. Ўзини айбдор ҳис этиб уларни манзилига элтиб қўйди. Болалар хурсанд бўлганидан такрор-такрор раҳмат айтишди.

У болалар билан хайрлашаркан, машинасининг тош теккан жойини ҳеч қачон таъмирлатмасликка қарор қилди. Чунки айнан ана шу кичик доғ унга ҳар одим одамийлик маснадини эслатиб туради...

Шу воқеани ўқидим-у хаёлга чўмдим. Нега атрофдагиларга бу қадар бефарқ бўлиб боряпмиз! Бир чимдим меҳрни, яхшиликни бир-биримиздан нега қизғанамиз, бунда нима маъно бор?.. Ўша спорт юлдузи машинасига отилган тош туфайли буни англаб етибди. Биз-чи, биз қачон англаб етамиз?! Ёки биз ҳам қимматбаҳо машина олайлиг-у, унга ҳам тош отсинларми!..

Анушервони одил ҳар йили наврўз куни қуюқ зиёфат ташкил қилиб халқни даъват қиларди. Бир йил наврўз зиёфатига келганлар орасида иккита ўзга юртлик меҳмон бор. Улардан бири баланд овозда қуйидаги назмни ўқиди:

Яхшилигим қайтсин десанг сен,

Яхшилик қил, яхши ўй ўйла.

Иккинчиси эса қуйидаги байтни ўқиди:

Ёмонлигим қайтмасин десанг,

Ёмон бўлма, ўй сурма ёмон.

Бу байтлар Анушервонга ёқиб қолди. У биринчи байтни ўқиганга минг дирҳам, иккинчи байтни ўқиганга беш юз дирҳам беришни буюрди. Аъёнларидан бири бундан ажабланиб Анушервондан: “Эй одил подшоҳ, уларнинг байтлари маъноси бир-ку, нега туҳфани икки хил бердингиз?” деб сўради.

Анушервон: “Ифодада тавофут бор, биринчисининг сўзи яхшилик ҳақида бўлди, иккинчиси эса ёмонликни эслатди. Кимнинг юрагида яхшилик бўлса, доимо яхшиликни зикр қилади; кимнинг кўнглида ёмон ўйлар бўлса, ёмонликдан гапиради”, деди.

Аждодларнинг ана шундай улуғвор хислатларини қалбимизга мустаҳкам жойлаб, ёшларимизга исломий тарбия хусусиятларини тушунтириш, уларнинг қалбига диний  билимларни етказиш – ҳар бир ота-она, мураббий, бува-бувиларнинг асосий вазифасидир.

Муҳаммад Зеҳний: “Жолинус вафот этганда унинг чўнтагидан бир хат чиқди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Яхши одам ушбу дунёни тарк этса-да, бироқ у тирик ҳисобланади. Ёмон одам тирик бўлса-да, барибир, ўликлар қаторидадир”, деб ёзган эди.

 

 Наргиза АБДУҒАНИ қизи,

Хадичаи кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти катта ўқитувчиси

ЎМИ Матбуот хизмати

3715 марта ўқилди