Мақолалар

Башарият сонининг кўпайиши Аллоҳнинг борлигига далилдир!

Қуръони Каримда Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг борлигига статистик далилни кўрамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деб марҳамат қилади:

يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُم مِّن ذَكَرٍ وَأُنثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوباً وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِندَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ

“Эй одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”. (Ушбу ояти каримада “Эй одамлар !” деб барча инсониятга қарата нидо қилинмоқда, шу билан бирга уларнинг асли бир эканлиги эслатилмоқда. Демак, одамларнинг асли бир — ҳаммалари Одам Ато ва Момо Ҳаводан таралганлар. Айни чоғда Аллоҳ таоло уларни турли халқлар ва қабилаларга ажратиб ҳам қўйганини таъкидламоқда. Инсонларнинг турли халқ ва қабилаларга бўлинишини сабаби эса, ўзаро танишиш, маърифат ҳосил қилиш эканлиги уқтирилмоқда.) (Ҳужурот сураси, 13-оят)

Аллоҳ таоло бу оятда бизга инсониятнинг бошланиши эркак ва аёлдан бошланганини, улар Одам алайҳиссалом билан Ҳавво онамиз бўлганларининг хабарини беряпти. Кейин у икковларидан биз кўриб турган барча инсонлар тарқалганлар. Бу гапимизга иймоний далил бу хабарни бизга Аллоҳнинг Ўзи берганидир.

Бу гапимизга моддий далил келтирадиган бўлсак, албатта, статистика илми бу ҳақида гапиради.

Агар биз бугунги дунёдаги инсонларнинг сонига қизиқсак, уларнинг адади тахминан фалон миллиардга етади.

Мисол учун бугунги кунда дунё аҳолисининг сони беш миллиардга етди деб фараз қилсак, ўтган асрда дунё аҳолисининг адади қанча бўлган? Албатта, инсонларнинг сони ўтган асрда ҳозиргидан оз бўлган. Тахминан тўрт миллиард атрофида бўлган.

Уч аср олдин қанча бўлган? Табиийки, бундан ҳам анча оз бўлган.

Йигирма асрдан бери инсонларнинг сони қанчадан қанчага ошди? Албатта, бир неча миллиардга ошди.

Ўттиз асрдан бери қанчага ошган? Албатта, олдингидан кўпроқ ададга ошган.

Демак, ўтмишга қараб борганимиз сари инсонларнинг сони озайиб борганини кўрамиз. Замонамизга яқинлашганимиз сари инсонларнинг сони кўпайиб борганини кўрамиз.

Статистик ҳақиқат шундай эмасми?!

Моддапарастлар ёки иймон келтирмаганлардан бирортаси қанча ўтмишга қайтсак, одамларнинг адади шунча камайиб боришини инкор қиладими?! Ваҳоланки, бу барча инсонлар томонидан бирдек тан олинадиган, эътироф қилинадиган қоида-ку!

Демак, ортга қараб юрсак, башарият сони камайиб боради. Шу тарзда камайиб-камайиб, охири бошланиш нуқтасига бориб етади. Ана ўша нуқтадан башарият ҳаёти бошланган. Бу нуқта бир эркак билан бир аёлдир. Демак, инсоният илк яратилгандан бошлаб замон ўтгани сайин кўпайиб-кўпайиб, охири шу бугунги кунимиздагидек кўпчилик ҳолига келган. Шундай қилиб, замон ўтгани сари инсонлар кўпайиб боришган.

Инсоният яратилган илк даврларда Ер юзининг оз қисмида одамлар яшаган. Қолган жойларида ҳеч ким яшамаган. Кейинчалик одамлар кўпайиб, Ер юзи бўйлаб тарқалган. Бу нарса бизга инсониятнинг бошланиш нуқтаси Одам ва Ҳавводан бўлганига далил бўлади.

 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий

Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-Адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳ”

номли асаридан Нозимжон Иминжонов таржимаси

ЎМИ Матбуот хизмати

790 марта ўқилди

Мақолалар

Top