Мақолалар

Пайғамбар с.а.в. хусуматчи бўладиган кимсаларнинг ҳолига вой бўлсин!

«Нега нафсингга бўлурсан тобе,

Нега умрингни қилурсан зое?!».

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур

 

Ҳозирги кунда ижтимоий тармоқлар воситасида дунёнинг исталган бурчагидаги танишимиз билан бемалол гаплаша олиш имконига эгамиз. Керакли маълумотларни эса бир зумда интернетдан топамиз. Бугун қаерга электр энергияси етиб борган бўлса, ўша жойда интернет бор.

Илм излаётган, янгиликка чанқоқ изланувчан ёшларимиз учун интернет – улкан имкониятлар эшиги.

Аммо ижтимоий тармоқлардан барча ёшлар, ҳатто ёши катталар ҳам тўғри фойдаланяптими? Афсуски, ҳа дея олмаймиз. Танганинг иккинчи томони ҳам бўлганидек, айрим ёшлар “ўргимчак тўри”га ўралашиб, алданиб қолаётир. Бу алдовлар нафақат фарзандларимизни, балки осон йўл билан мўмай даромад топишни истаётган эркагу аёл – барчани ўз домига тортаётгани ачинарли ҳолдир.

Тўкис, бекаму кўст яшашни орзу қилмайдиган инсон бўлмаса керак. Лекин бу йўлнинг ўзига яраша машшаққатлари, қийинчиликлари бор. Мўмай пул топаман деб инсонийликни унутиб қўяётганлар шуни билишармикин?!

Гап нима ҳақда бораётганини англагандирсиз. XXI асрда трансмиллий жиноятлар сафига қўшилган одам савдоси авж олиб, энг сердаромад манбага айланди.

БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 3 миллионга яқин киши одам савдоси қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик “даромад” миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар ва ёш болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб чиқилиб сотиб юборилмоқда.

Динимиз бировни қул қилиб сотиш у ёқда турсин, ҳатто бировнинг ҳисобига кун кўришни қаттиқ қоралайди. “Қул ҳақи”, деган сўз виждони бор, имони бут ҳар қандай инсонни ақл билан иш тутишга чорлайди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Мен қиёмат куни уч кишининг хусуматчиси бўламан: Мен билан аҳдлашиб, аҳдида турмаган; озод инсонни сотиб пулини еган; одам ишлатиб, ҳақини бермаган инсон», дея марҳамат қилган.

Ҳадиси қудсийда айтилаётган кишилар сирасига одам савдоси билан шуғулланаётганлар ҳам киради.

Хизмат тақозоси билан туманимиздаги маҳаллаларда аҳоли билан учрашамиз, улар билан мулоқотлар қиламиз. Бундан бир неча йиллар аввал айрим хонадонларга кирсак, оила бошлиқлари фарзандлари чет элга ишлаш учун кетганини, орадан бир йилга яқин вақт ўтган бўлса-да, ҳануз пул жўнатмаётганини айтишарди.

Таъкидлаш жоизки, бугун одамларнинг ҳуқуқий маданияти ўсган. Улар айрим “уддабуронлар”нинг гапига кириб, “чув” тушиб қолишмаяпти. Лекин барибир эҳтиёткорлик зарур.

Ҳозирги кунда огоҳ, ҳушёр ва сезгир бўлиб яшашни даврнинг ўзи тақозо қилмоқда. Нима иш қилмоқчи бўлсак, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашиб, чуқур ўйлашимиз, тафаккур қилишимиз зарур. Зеро, Ҳасан Басрий айтганидек: «Фикр – яхшилик ва ёмонликни кўрсатувчи ойнадир».

Бировнинг мажбурий меҳнати эвазига пул топиб, яхши яшашга ҳаракат қилаётганлар ҳам қонун олдида, ҳам Аллоҳ олдида жавоб беришларини унутмасинлар.

Давлатимизнинг қонунлари ва қонуности ҳужжатларида белгиланган меъёрларга риоя қилмай, бировларнинг гапига кириб, юртимизда тадбиркорларга имкониятлар яратилаётган, имтиёзлар берилаётган бир пайтда чет элга “бахт” излаб кетаётганларнинг айримлари бахтсизлик ботқоғига чўкиб бораётганлардир.

 

Миродил МИРЖАЛИЛОВ,

Қибрай тумани бош имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

4814 марта ўқилди

Мақолалар

Top