Мақолалар

Гўзал хотима: масжидда жон берган Абдулло ота

Сиз азизларга ўзим гувоҳи бўлган бир воқеани сўзлаб бермоқни ният қилдим. Ушбу воқеадан ҳар бир нарса ниятга боғлиқ эканини англасангиз ажаб эмас. Зеро, мақсад ҳам шу – ибрат ўлароқ сизга баён этиш.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакиллиги биноси Ёрмозор шаҳарчасидаги “Уммул Қуро” жоме масжиди ҳудудида жойлашган эди. Ушбу жомега 80 ёшни қоралаб қўйган Абдулло исмли отахон беш маҳал намозга азон чақирадилар. Баъзан кексалик ёки бошқа сабаб билан азон вақти бироз ўтиб қолиб, бошқа одам азон чақирса, хафа бўлар ва ўзларини койир эдилар. Шунда бизга қараб: “Болам, ахир мен азон айтиб, омонатни Эгасига топширишни ният қилганман-да”, дер эдилар.

Қаҳратон қиш. Кўча жуда совуқ. Бундай совуқда масофа босиб масжидга келиш – қари инсон тугул, навқирон йигитга ҳам бироз машаққат туғдиради. Ана шундай совуқда ҳам азон айтиш учун кечикмай тағин деб Абдуллоҳ ота жомега кириб келдилар. Ўша тун камина вакилликда навбатчи эдим. Отахон микрофонларни созлаб азон чақира бошладилар: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар. Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳ”. Азон чақириғига қулоқ солиб турганим боис, калималарни бирин-кетин такрорлаб азон эшитаётган эдим. Орадан бир неча сония ўтса ҳамки, “Ашҳадуан лаа илаҳа иллаллоҳ”дан сўнг ҳеч қандай овоз эшитилмай қолди. Балки овоз кучайтиргич билан боғлиқ муаммо чиқиб қолгандир, деб масжид хонақоси томон ошиқдим. Не кўз билан кўрайки, муаззин отахонимиз, қиблага юзланиб, азон чақираётиб, “Ашҳаду ан лаа илааҳа иллаллооҳ (Кибриёси, буюклиги ва ҳеч кимнинг ибодатига муҳтож бўлмагани ҳолда ибодат қилишга лойиқ Зот Унинг Ўзи эканига гувоҳлик бераман. У Зотнинг ўхшаши, тенги йўқдир) деб, таҳоратли ҳолда, Ўзининг байтида омонатни топширган эдилар... Кўзларимдан тирқираб ёш чиқиб кетди. Ва беихтиёр отахоннинг: “Болам, ахир мен азон айтиб, омонатни Эгасига топширишни ният қилганман-да” деган сўзлари хаёлимдан ўтди. Аллоҳ барчамизга ана шундай гўзал хотимани насиб қилсин, омин!

Буюк Раббимиз Абдуллоҳ отага жаннати Фирдавслардан жой берсин, омин!

Илҳомжон ТОИРОВ

Фарғона вилояти вакиллиги ходими

ЎМИ Матбуот хизмати

1113 марта ўқилди

Мақолалар

Top